23.05.2021 17:18
4660
Роналду ва Салоҳ ЕЧЛсиз қоладими? Италия, Англия ва Францияда сўнгги тур интригалари

Бугун кучли бешликдаги уч чемпионатда мавсум якунига етади. Бизни бир қатор сюрпризлар кутиб турган бўлиши мумкин. Ўтган йилги чемпионлар «Ювентус» ва «Ливерпуль» ҳатто ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолиш хавфи остида қолишган бўлса, Париж тахтни «Лилль»га топширишга яқин.

Италия: «Ювентус»нинг тақдири «Аталанта» қўлидами?

Италияда чемпион ҳам, А Серияни тарк этадиган жамоалар ҳам маълум бўлиб улгурди. Асосий савол Чемпионлар Лигасига бериладиган икки йўлланмага даъвогарлик қилаётган уч жамоадир. «Интер»дан ташқари, «Аталанта» ҳам (78 очко) тўртликдан жой олиб улгурди. Зеро бешинчи ўриндаги «Ювентус» (75 очко) сўнгги турда бергамоликларга етиб олган тақдирда ҳам, ўзаро ўйинлар натижасига кўра, «Аталанта» юқоридан жой олади. Гомес, Иличич каби етакчиларни кетказиб юбориб ҳам, А Серия ва Италия кубогида 2-ўрин, Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқиш вазифаси уддалангани Гасперини шогирдлари учун ажойиб натижа.

«Аталанта» бугун «Милан»ни (76 очко) қабул қилади. Шунингдек, «Верона»ни ўз майдонида қабул қиладиган «Наполи»да ҳам 76 очко бор. Демак, «Милан» ва «Наполи» ўз ўйинларини ютадиган бўлишса, «Ювентус» ҳар қандай натижа қайд этишидан қатъи назар, бешинчи ўринда қолиб кетади. «Милан» ва «Наполи»нинг тўртликка кириш имконияти ўз қўлларида қолган.

Агар «Милан» ва «Наполи» очко йўқотиб, «Ювентус» уларни қувиб ўтадиган бўлса, бу икки жамоадан қайси бири тўртинчи ўринда қолади? «Милан». Чунки миланликлар ўзаро ўйинларда «Наполи»ни сафарда 3:1 ҳисобида ютиб, ўз майдонларида 0:1 ютқазган. Яъни агар «Милан» ва «Наполи» сўнгги турда бир хил очко тўплайдиган бўлишса, «Милан» тўртликда қолиб, «Наполи» бешинчи ўринга тушиб кетиши мумкин.

7 очко тепадан, 7 очко пастдан фарқ билан 6-ўринни эгаллаб турган «Лацио» Европа Лигаси йўлланмасини нақд қилган. Юқоридаги рақобатда мағлуб бўлиб, ЕЧЛдан қуруқ қолган жамоа унга шерик бўлади. Римнинг бошқа бир клуби «Рома» (61 очко) эса, янги ташкил этилаётган Конференциялар Кубогида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи 7-ўринни эгаллаб турибди. «Рома»ни «Сассуоло» (59 очко) қувиб ўтиши мумкин. Янги турнир ЕЧЛ ва ЕЛда иштирок этиб юрадиган жамоаларга «ёқмаслигини» эътиборга олсак, римликлар иложи бўлса, бу турнирдан қочиш учун сўнгги турда ютқазишса ҳам ҳайрон қолмаслик керак.

А Серия. 38-тур. 23 май / ТВ-трансляция

18:00. Интер – Удинезе / FutbolTV

23:45. Аталанта – Милан / UzReportTV

23:45. Болонья – Ювентус / UzReportTV

Англия: «Лестер» – йил омадсизи?

Маълум бўлишича, ушбу мавсумда энг кўп - «Лестер» АПЛ турнир жадвалида топ-4 бўлган. 242 кун бу - саккиз ой дегани, 1-тур сентябр ўртасида бошланганини инобатга олсак, бутун мавсум. Ҳатто чемпион ҳам тўртликка янги йилда кириб келган. «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль» каби жамоалар мос равишда 151 ва 136 кун, учинчи ўриндаги «Челси» эса атиги 98 кун тўртликда юрган. Қизиғи, шундай мавсум якунида ҳам «Лестер» кучли тўртликдан қуруқ қолишга яқинроқ турибди.

Англия Премьер-лигасида ҳам, худди Италия чемпионатидагидек вазият: икки жамоа ЕЧЛ йўлланмасини нақд қилиб бўлган, қолган икки ўрин учун уч жамоа кураш олиб боряпти ва лигани тарк этадиган жамоалар аниқ. Демак, сўнгги турнинг диққат марказида «Челси», «Ливерпуль» ва «Лестер» иштирокидаги ўйинлар бўлади.

3-4 ўринларни эгаллаб турган «Челси» (67 очко) ва «Ливерпуль» (66 очко) жамоалари охирги турда очко йўқотмасликлари керак. Улар ғалаба қозонишса, ЕЧЛ йўлланмасини нақд қилишади. Шунингдек, «Лестер»да ҳам 66 очко бор, аммо тўплар нисбатидаги фарқ (21 га 24) туфайли, лестерликлар «Ливерпуль»дан паст туришибди. Демак, «Лестер» «Ливерпуль»ни қувиб ўтиши учун ё Клопп шогирдлари очко йўқотишлари ёки «Лестер» жуда йирик ҳисобда ғалаба қозониши керак бўлади. «Лестер»нинг рақиби «Тоттенҳэм» эканини эътиборга олсак, бу жуда қийин масала.

Гарчи учинчи ўринда турган бўлса-да, «Челси»нинг вазияти у қадар осон эмаслигини таъкидлаш керак. Рақобатчиларидан фарқи равишда, «Челси» ўз ўйинини сафарда ўтказади. Мухлислар стадионга қайтганини эътиборга олсак, бу ҳам катта фактор. Рақиб ҳам анойи эмас. «Астон Вилла» топ-рақибларга қарши анча ишончли ўйнашади. Ўтган турда сафарда «Тоттенҳэм» мағлуб этилди, биринчи даврада эса «Стэмфорд Бриж»да дуранг қайд этилганди.

«Челси» 5-ўринга тушиб кетган тақдирда ҳам, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш имконияти сақланиб қолинади. Чунки регламентга кўра, ЕЧЛ ғолиби ҳам тўғридан-тўғри ушбу турнир иштирокчисига айланиши мумкин. Бу ҳолатда Англиядан биратўла беш жамоа ЕЧЛда қатнашиш имкониятига эга бўлади.

Олтинчи ўриндаги «Вест Ҳэм» (62 очко) ўз ўрнини, яъни Европа лигасида иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун «Саутҳэмптон» билан ўйинда бир очко олса кифоя. «Тоттенҳэм» ва «Эвертон»да 59 очкодан мавжуд. Бу ерда ҳам қизиқ ҳолат. «Тоттенҳэм» ғалаба қозониб, «Вест Ҳэм»нинг мағлубиятидан умид қилиши, яъни Европа лигасида ўйнамоқчи бўлиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, Конференциялар кубогидан «қочиш» учун ортдан ортдан келаётган «Эвертон»ни ўтказиб юбориши ҳам мумкин.

Охирги пайтларда Англияда тўртликка кириш қийин бўлиб бораётгани учун, Европа лигасида ғолиб чиқиш орқали йўлланмани олиш ҳам бир вариант сифатида баҳоланяпти. Уч йил олдин «Юнайтед» АПЛда 6-ўринни олиб, Европа лигасини ютиб, ЕЧЛга чиққанди. Шундай имкониятга сўнгги йилларда «Арсенал» икки марта яқин келди. Бир марта финалда, бир марта яримфиналда ютқазиб қўйди.

АПЛ. 38-тур. 23 май / ТВ-трансляция

20:00. Лестер – Тоттенҳэм / FutbolTV

20:00. Ливерпуль – Кристал Пэлас / FutbolTV

20:00. Астон Вилла – Челси

20:00. Манчестер Сити – Эвертон

20:00. Вулверҳэмптон – МЮ

20:00. Брайтон – Арсенал

20:00. Лидс – Вест Бромвич

20:00. Шеффилд – Бернли

20:00. Вест Ҳэм – Саутҳэмптон

20:00. Фулҳэм – Ньюкасл.

Франция: Пешқадамлик бир йилга кечикадими?

Францияда энг кўп чемпион бўлган жамоа «Сент Этьен»дир – 10 та. «ПСЖ» ва «Марсель» ҳисобида 9тадан чемпионлик бор. Парижликлар бу мавсумда ниҳоят бу кўрсаткич бўйича ҳам пешқадамлардан бири бўлиб олиши лозим эди.

Сўнгги тур олдидан, ҳаммасидан ҳам Францияда чемпионлик кураши давом этиши мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтирмаган бўлардик. Ҳатто Германияда ҳам «Бавария»га рақобат қила оладиган жамоалар чиқиб туради, лекин бугунги кунда «ПСЖ»га тенг келадиган жамоани топиш мушкул эди. Аммо «Лилль» мавсумни ажойиб ўтказмоқда ва бугун, 10 йиллик танаффусдан сўнг яна Франция чемпиони бўлиши мумкин.

Бунинг учун «Лилль» бугун ғалаба қозонса кифоя. Жамоа сафарда «Анже»га қарши тўп суради. «Анже» 12-ўринда бораётган ва ғалаба қозонган тақдирда ҳам максимум 10-ўринга кўтарилиши мумкин бўлган жамоа. Лекин бу жамоа биринчи даврада «Лилль»ни сафарда мағлубиятга учрата олганини ҳам таъкидлаш керак. «Лилль» ўзи бу мавсумда атиги 3 ўйинда мағлуб бўлди. «Ним», «Брест» ва «Анже»га. Яъни айнан аутсайдерлар билан ўйинда жамоада муаммолар туғилишини инобатга олсак, Францияда бугун катта интрига бор. Куни кеча Франция кубогини қўлга киритган парижликлар «Лилль»дан бир очко кам жамғаришган. «ПСЖ» бугун «Брест» меҳмони бўлади.

Жадвалнинг қуйи қисмидаги рақобат янада қаттиқроқ кетяпти. «Ним» ва «Дижон» расман Лигани тарк этишган. Учинчи омадсиз жамоа номига даъвогарлар кўп. 18-ўриндаги «Нант» ҳисобида 40 очко бўлса, «Лорьян», «Брест» ва «Страсбур»да 41, «Бордо» ва «Реймс»да 42 очко бор.

«Страсбург» ва «Лорьян» ўртасидаги 38-тур ўйини ҳақиқий финалга айланиб кетиши шубҳасиз. Бу ўйинда ғолиб чиққан жамоа Лигада қолади, мағлуб эса, 18-ўринга тушиб кетиши мумкин. «Нант» ўз майдонида ўртамиёна «Монпелье» билан ўйнайди ва катта эҳтимол билан керакли 3 очкони қўлга киритиши шубҳасиз. Энг қийин ҳолатдаги жамоалардан бири «Брест»дир. Брестликлар сўнгги турни «ПСЖ»га қарши ўтказишади. Чемпионлик учун имконияти бўлган парижликлар очко беришмаса керак. У ҳолда «Брест» юқорида эсланган «Страсбур» ва «Лорьян» ўйинида «Страсбур»га мухлислик қилишларига тўғри келади. Чунки, «Брест»нинг тўплар нисбати «Лорьян»никидан яхшироқ. Ҳаммаси жуда ҳам чалкаш, турнир жадвалига қараб, ўзингиз таҳлил қилиб олишингиз мумкин.

Хуллас, ҳаммаси кутилгандек бўлса, ё «Лорьян» ёки «Брест» 18-ўринга тушиб қолади. Лекин бу ҳам фожеа эмас аслида. Регламентга кўра, 18-жамоа тўғридан тўғри лигадан тушиб кетмайди. Иккинчи дивизионнинг 3-жамоаси билан плей-оффда иштирок этади.

Франция чемпионати. 38-тур

23:59. Брест – ПСЖ

23:59. Анже – Лилль.

Қолган барча ўйинлар ҳам соат 23:59да бошланади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар