18.05.2021 11:01
4717
Рўзиқул Бердиев «Хўжанд» устидан қозонилган ғалаба, Алиқулов ва ҳимоядаги ишончли ўйин ҳақида гапирди

«Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ОФК Кубоги 2-туридан ўрин олган «Хўжанд»га (3:0) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Aжойиб ўйин бўлди. Баҳсни назорат қилдик. Рақибни кучли ва кучсиз томонларини яхши билардик, ўйиндаги ҳисобни назорат қила олдик ва муҳим ғалабага эришдик. Ҳисоб ўйинга мос бўлди.

Aлиқуловнинг ўнг қанот ҳимоясида ўйнаши? Биринчидан, у олдинги баҳсда захирадан тушиб, ўйинга яхши қўшилиб кетди ва гол ҳам урганди. Иккинчидан, икки ўнг қанот ҳимоячимиз биринчи беллашувда биз кутган ўйинни намойиш этишмаганди. Шу сабаб бугун Aлиқуловга имконият бердик. Ҳусниддинда ўнг қанот ҳимоячиси бўлиб ўйнаш учун керакли тажриба бор, шу сабаб уни ишонч билан ўша жойга қўйдик ва бу ўзини оқлади. Шунингдек, Aлиқулов бош билан жуда яхши ўйнайди. Стандарт вазиятларда устунликка эришиш ва ҳимояда яхши ҳаракат қилиш учун уни асосий таркибга киритдик. 

Ҳар бир жамоага алоҳида тайёрланамиз. Aгар биринчи ўйинни оладиган бўлсак, рақибда битта вазият юзага келганди. Ёдингизда бўлса, африкалик легионерда имконият бўлганди. Ўшанда ҳам ҳимояда бироз хатога йўл қўйгандик. Бугун ҳам ҳисоб 1:0 бўлиб турганда рақибнинг 7-рақамдаги ҳужумчиси бош билан зарба бера олди. Дарвозабонимиз бу вазиятда бизни қутқарди. Кўриб турганингиздек, ҳимояда хатоларимиз бор, буни тўғрилашимиз керак.

Ҳимоячиларга доим диққатни йўқотмасликни, ҳимояда ишончли ҳаракат қилиб нолга ўйнаш кераклигини такидлайман. Хатолар бўлди, аммо, менимча, бугун улар ўз вазифаларини яхши бажаришди.

Биринчи ўйинда биринчи голни уриб олишга қийналган эдик. Бир бўлим сифатли ҳужум ташкил эта олмагандик. Бугун эса ўйин бошида гол уриб олганимиздан кейин беллашув бошқача кўриниш олди. Балки, биринчи баҳсда балки бироз ҳаяжон бор эди. Бугун эса ўша жиҳатни тўғрилай олдик. Йигитлар ўйинга руҳий томонлама жуда яхши тайёрланишган эди. Бу бизга устунлик берган жиҳатлардан бири бўлди», — дея Бердиевнинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар