17.05.2021 22:31
8691
Зидан яна «Реал»дан кетади. Унинг ўрнига ким келади — Рауль, Аллегри ёки Лёв?

Барчаси мавсум якунлангач расман маълум қилинади.

Зидан чарчади, Зидан кетади
«Реал» 19 дақиқаю 27 сония давомида Испания чемпионати етакчиси бўлиб турди. Қаймоқранглилар ҳимоячиси Начонинг Бильбаодаги ўйинда «Атлетик» дарвозасига урган голи ва Луис Суареснинг «Осасуна» дарвозасига урган ғалаба голи орасидаги муддат айнан шунча бўлди. Уругвайлик ҳужумчининг ҳиссиётлари ҳаддан ортиқ эди, ўтган йил ёзида «Барселона»дан қувилган форвард амалда олтин гол урган ва «матрасчилар»га соврин олиб берган бўлиши ҳам мумкин.

Чемпионлик масаласи сўнгги турда ҳал бўлади, лекин Мадридда ҳозирдан «Реал»нинг, аниқроқ айтганда Зинедин Зиданнинг келажагини муҳокама қилишмоқда. Жуда кўпчилик француз мутахассис мавсум якунида клуб бош мураббийлигини тарк этишига шубҳа қилмаяпти.

Зизунинг кетиши ҳақида биринчилардан бўлиб Goal.com сайтининг французча версияси ёзди. Кейинроқ бу маълумот OndaCero журналисти Фернандо Бургос томонидан ҳам берилди, унинг тасдиқлашича, мураббий кетиши ҳақида барча футболчиларни хабардор қилган. Якшанбага ўтар кечаси бу хабарни Мадриддаги Marca нашри ҳам тасдиқлади — унга кўра, Зиданнинг кетиши ҳақида сўнгги турда «Вильярреал»га қарши ўйиндан кейин расман эълон қилинади.

Бундан ташқари, айрим тафсилотларни ҳам келтирган. Зидан ўз қарори ҳақида 8 май куни — «Севилья»га қарши ўйин (2:2) арафасида ўтказилган машғулотлардан кейин маълум қилган. Шу туфайли у ҳатто ўйинолди матбуот анжуманига бироз кечикиб келган. Marca нашри маълумотига кўра, Зизунинг қарори қатъий ва қайта кўриб чиқилмайди. Манба маълумотига кўра, француз унинг «Реал»даги даври поёнига етган деб ҳисобламоқда.

У «Атлетик»ка қарши ўйиндан олдин журналистлар билан мулоқотда бу маълумотларни тасдиқлагандек эди: «Нима бўлишини мен билмайман. Бизда чемпионатнинг яна икки ўйини қолди ва бизнинг бор эътиборимиз шу ўйинларга қаратилган. Мен фақат ўз ишим ҳақида ўйлаяпман. Аммо ўзгаришлар қилиш керак бўладиган вақтлар бўлади, чунки шундай бўлиши кўпчилик учун яхши бўлади. Қолишинг керак бўлган вақтлар ва ҳаммага яхши бўлиши учун кетишинг керак бўлган вақтлар бор».

Аммо Бильбаодаги ўйиндан кейин Зиданнинг риторикаси бошқача эди: «Қандай қилиб ҳозир футболчиларимга кетаётганимни айтишим мумкин? Соврин учун курашяпмиз ва мен «кетаман» деб айтаманми? Сиз истаган нарсангизни ёзишингиз мумкин, аммо мен ҳеч қачон бундай қилмайман. Мавсум якунлангач, бу масалани ўйлаб кўриш мумкин. Аммо мен ҳозир фақат «Вильярреал»га қарши ўйин ҳақида ўйламоқдаман. Энг муҳими – охирги турдаги баҳс».

Шу билан бирга, Зидан бу интервьюси билан фақат жамоа футболчиларига қарори ҳақида айтганини рад этган, аммо у «Реал»дан кетишга қарор қилгани ҳақидаги хабарни рад этмаган.

Французнинг клуб билан амалдаги шартномаси тугашига яна бир йил бор — шартнома 2022 йил ёзига қадар тузилган. Marca нашрининг ёзишича, қаймоқранглилар президенти Флорентино Перес Зизуни қолишга кўндиришга умид қилмоқда, аммо бунинг имконияти деярли йўқ.

Ўрнига ким? Номзодлар — Рауль, Аллегри ва Лёв
Уч нафар асосий номзод номи тилга олинмоқда — булар Рауль, Массимилиано Аллегри ва Йоахим Лёв.

43 ёшли Рауль 2018 йилдан буён «Реал»нинг ёшлар жамоалари тизимида  мураббий сифатида ишлаб келмоқда. 2019 йилдан у клубнинг иккинчи жамоаси — «Кастилья»ни бошқаради, у бу жамоа билан ўтган мавсумда УЕФА Ёшлар лигасида зафар қучган. Қаймоқранглилар афсонаси, «Реал»нинг собиқ энг яхши тўпурари (барча турнирлар доирасида 361 гол) директорлар кенгашида ҳам, мухлислар орасида ҳам катта обрўга эга. Marca сайтида ўтказилган сўровларга кўра, респондентларнинг 57 фоизи Зидан ўрнида уни кўришни исташини билдирган. Таққослаш учун, Лёв бу сўровномада 17 фоиз, Аллегри — 10 фоиз овоз олган, яна 16 фоиз иштирокчи «Реал» бошқарувига бу рўйхатга кирмаган бошқа номзод келишини исташини билдирган.

«Реал» — бу менинг уйим. Бу мен ҳамиша бўлишни истайдиган жой. Мен шу клубда ишламоқдаман ва бахтлиман, шу ҳолатда давом этишни истайман. Аммо ҳозир келажакдаги қандайдир ўзгариш ҳақида гапириш пайти эмас», —  деган Рауль 16 май куни ўз амбициялари ҳақида етарлича ошкор қилиб.

ОАВда тарқалган хабарларга кўра, испаниялик мутахассисни «Айнтрахт» бошқарувида ҳам кўришни исташмоқда. Ўтган ҳафтада немис клуби вакиллари Рауль ва «Реал» раҳбарияти билан учрашиб, шундай вариантни муҳокама қилиш учун Мадридга учиб келишган. Раулнинг ўзи ҳозирча якуний жавобини айтмаган ва фақат дипломатик тарзда бор эътиборини «Кастилья»нинг мавсум якунидаги ўйинларига қаратганини билдирган - клуб эса учинчи дивизиондан Сегундага чиқиш арафасида турибди.

Marca нашри маълумотига кўра, «Реал» бошқарувида Раулга бир муддат Германияда топ-чемпионатдаги катта жамоани бошқариб тажриба ошириш фойдали бўлади деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор.

Аллегри масаласида эса кўпчилик у «Ювентус»га қайтиши ҳақида гапирмоқда. Аммо бу фақат бир шарт эвазига рўй бериши мумкин — агар «Кекса синьора»ни бош директор Фабио Паратичи ва вице-президент Павел Недвед тарк этишса, улар икки йил муқаддам ушбу мутахассис билан хайрлашиш ташаббускорлари бўлишган.

Италиялик таниқли журналист-инсайдер Фабрицио Романо эса Аллегри ўтган ҳафтада «Реал» раҳбарияти вакиллари билан учрашув ўтказгани, биринчи алоқалар эса март ойидаёқ ўрнатилгани ҳақида хабар тарқатди. Мураббий аниқ таклиф тушса, уни қабул қилишга тайёр - унинг учун Мадридда ишлаш варианти — устувор.

Шунингдек, Романонинг ёзишича, Перес Аллегрини «Реал»га уч йил муқаддам — 2018 йилда, Зиданнинг биринчи марта кетишидан кейин чақирган, аммо ўшанда италиялик мураббий «Ювентус» билан шартномаси борлиги туфайли Мадридга келмаганди.

61 ёшда бўлган, Европа чемпионатидан кейин Германия миллий жамоасини тарк этиши маълум бўлиб улгурган Лёв варианти эса очиқчасига авантюра, у қарийб 20 йил мобайнида клублар билан ишламаган, айниқса «Реал» даражасидаги клубларда.

Яна бир уюм муаммолар
Мураббий билан боғлиқ муаммо Мадрид клуби раҳбарлари ҳал қилиши керак бўлган ягона муаммо эмас. Шартномаси шу ёзда тугайдиган ва ҳали узайтирилмаган Серхио Рамос ишини бир ёқлик қилиш керак. Бу гап Лукас Васкесга ҳам тааллуқли. Рафаэл Варан билан шартнома муддати бир йилдан кейин тугайди, унинг ўзи шартномани узайтиришни истамаяпти — шундай экан, ёки уни қолишга кўндириш ёки ҳозир трансфер қилиб, маълум миқдордаги суммани қўлга киритиш ҳаракатини қилиш даркор. Иско ва Марселога ҳам катта маош тўлайдиган клуб топиб бериш керак. Қолаверса, Лондондан Гарет Бэйл қайтади... Дарвоқе, бирор юлдуз ҳужумчи сотиб олиш ёмон бўлмасди — мухлислар Килиан Мбаппе ёки Эрлинг Ҳоланддан бирини кутишмоқда. Умуман олганда, Пересни қайноқ кечадиган ёз кутмоқда.

Спорт-Экспресс материали асосида

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар