17.05.2021 19:43
5217
Топ-5'да топ уикэнд: «Барселона» чемпионликдан «воз кечди», Суарес Мадридда, Шомуродов Генуяда қаҳрамон, «Ливерпуль»ни дарвозабоннинг голи қутқарди

Ортда қолган уикэнд еврофутбол учун қизиқарли кечди. «Кучли бешлик»даги барча чемпионатларда интрига сақланиб турибди. Бу йил айниқса Ла Лига қизимоқда. Чемпионат тугашига 1 тур қолди ҳамки, чемпион номи аниқ эмас.

Ла Лига. «Барселона» «чемпион бўлишни хоҳламади», Суарес «Атлетико» қаҳрамони

Бир неча тур аввал Ла Лига ғолиблиги учун асосий номзод «Барселона» бўлиб турганди. «Гранада»ни мағлуб этса, Куман жамоаси яққол етакчига айланиб оларди. Бироқ мавсумдаги энг муҳим ўйинда Месси ва жамоаси мағлуб бўлди. Месси эса барибир гол урди. Кейин эса «Атлетико»ни енга олмаган «Барселона» чемпионликдан янада узоқлашди. «Леванте» билан дуранг ўйнагач, «Барселона» амалда чемпионлик билан хайрлашди, лекин барибир назарий имконият сақланиб қолганди. 37-турда «Сельта»га енгилган каталонияликлар расман чемпионлик билан хайрлашди. Етакчиси Яго Аспас энг яхши даврини ўтказган ва айтарли тезлиги қолмаган ҳолатда ҳам «Барселона»ни тор-мор эта олди. Мавсум давомида жамоа қаҳрамонига айланган Тер Стеген иккита голда ҳам ғалати ҳаракат қилиб, «Барселона»ни қутқара олмади.

Охирги натижалар гўёки «Барселона» чемпион бўлишни хоҳламаётгандек таассурот уйғотади. Мавсум якунида чемпионлик учун имкониятлар яхшиланган, клуб мағлубиятсиз, ғалабали сериялар қайд эта бошлаган вақтда кўпчилик Куманни мақтай бошлади. Бироқ охирги мағлубиятлар яна Куманнинг истеъфоси ҳақида муҳокамаларга сабаб бўлди.

«Барселона» мухлислари бу мавсумда бир нарсадан хурсанд бўлишлари мумкин. Месси шундай кризис ҳолатида ҳам юқори савияда ўйин кўрсатмоқда. Албадан бошқа айтарли тўп етказиб берувчиси бўлмаган «Барселона» сафида 30 та гол уриш бу таҳсинга сазовор натижа. Етмаганига «Барселона»нинг энг яхши ассистенти ҳам Месси – 9 та ассист. Шартномасига кўра, охирги мавсумида 34 ёшли Месси учун Ла Лигада гол+ассист бўйича 39 очко бу – топ натижа. Месси шу ўйинда ҳам рекорд қўйишга улгурди. Аргентиналик супер юлдуз Ла Лигадаги 300-ўйинида гол урди. Яъни Месси Ла Лигадаги худди шунча ўйинда камида битта гол урган. Бу борада Лео аллақачон яққол рекордчига айланганди, лекин у биратўла ҳисобни тўғрилаб қўя қолди. Таққослаш учун Раул 186 та ўйинда гол урган.

«Барселона» шундай ҳолатга келиб қолдики, Куман 38-турдан олдин истеъфога чиқарилиши ҳам мумкин. Мавсум якунида кетиш билан охирги ўйин олдидан кетишнинг фарқи катта. Мавсум якунида истеъфога чиқиш мураббийга шунчаки «Эплай олмадинг», дейиш бўлади. 38-турдан аввал кетказиш эса мураббийга жамоани пароканда қилганини айтиш бўлади.

Куманнинг «Барселона»си «Гранада», «Леванте» ва «Сельта»ни юта олмаётган вақтда у ҳайдаб юборган Суарес қаҳрамонга айланмоқда. Луис «Осасуна»га қарши ўйинда супер камбэк қайд этган «Атлетико» сафида ғалаба голини урди. Бу Суареснинг мавсумдаги 20-голи бўлди. Энг даҳшатлиси Суарес урган голларининг 10 таси ғалаба голи бўлган. Бу мавсумнинг бир қисмини ўтказиб юборган ва Куманга керак бўлмаган ҳужумчи учун супер натижа.

Суарес мавсум давомида 31 та ўйинда майдонга тушиб, 20 та гол урди 3 та голга ассистентлик қилди. Таққослаш учун у «Барселона»даги охирги мавсумида 16 та гол уриб, 8 та голга ассистентлик қилган. У Каталония клуби сафида ЕЧЛда ҳам 5 та гол урганди. Агар Суарес ва голлари бўлмаганида, «Атлетико» катта эҳтимол билан етакчилик қилолмасди. Ҳозир «Барселона»га айнан Суареснинг харизмаси етишмаяпти. «Атлетико» эса Симеоненинг харизмасига Суареснинг харизмаси қўшилиши ҳисобига супер чемпионликка яқин турибди.

Эндиликда «Реал»нинг чемпион бўлишига кўпчилик ишонмаяпти, чунки охирги турда Зидан жамоаси «Вильярреал»га қарши ўйнайди, «Атлетико» эса «Вальядолид» меҳмони бўлади. Фақат битта умид қиладиган жиҳат бор: «Атлетико» охирги турда собиқ «Реал»чи Роналдога тегишли «Вальядолид» билан курашади. Сўйлоқ жамоасига «Реал»га ёрдам бериш кераклигини яхшигина тушунтирса керак. Бундан ташқари «Вальядолид» Ла Лигада қолишга ҳаракат қилади. Охирги турда жамоа ғалаба қозонса, лигада қолиши мумкин. Агар «Эльче» ўз майдонида «Атлетико»га ютқазса. Шундай экани «Атлетико»га ҳам осон бўлмайди охирги турда. Энг даҳшатлиси, ҳали Ла Лигани тарк этадиган бирорта жамоа номи аниқ эмас.

АПЛ. «Ливерпуль»ни Алиссон қутқарди, Торрес ҳет-трик қилди

Англияда интрига фақат еврокубокларга бериладиган ўринлар учун кечмоқда. Ўтган мавсумдаги чемпион «Ливерпуль» 36-турда лигани тарк этиб бўлган «Вест Бромвич»ни катта қийинчилик билан енгди. Ғалаба голини ким урганини ўйинни кўрмаганлар 10 та уринишда ҳам топа олмаса керак. Ҳа, жамоа дарвозабони Алиссон Беккер 90+5-дақиқада бош билан гол урди. Гол ҳам оддий гол эмас, ҳужумчилар ҳавас қиладиган гол бўлди.

Бу ғалаба ҳисобига «Ливерпуль» ЕЧЛга йўлланма олиш учун имкониятини яхшилади. Ҳозир Клопп жамоасида 63 очко бор, «Челси»да эса 64 очко. Туҳел жамоаси ЕЧЛ финалида ўйнашини инобатга олсак, чемпионатда «Ливерпуль»нинг имконияти яхшироқдек. Бунинг устига «Челси»нинг кейинги турда «Лестер»га қарши ўйини бор. «Ливерпуль» эса «Кристал Пэлас» ва «Бёрнли»га қарши ўйнайди.

36-турнинг яна бир диққатга сазовор воқеаси «Манчестер Сити» ҳужумчиси Ферран Торреснинг ҳет-трик қайд этиши бўлди. Яқин-яқингача АПЛда испаниялик бошқа бир Торрес – Фернандо ҳет-трик қайд этарди. Мавсум якунида ҳет-трик қайд этган Ферран эса, аввало, ЕЧЛ финалида, бундан ташқари, кейинги мавсумда ҳужумнинг асосий вакили бўлишга муносиб эканини исботлади.

36-турда «Вест Ҳэм» кутилмаганда лигада зўрға жон сақлаб қолган «Брайтон»ни енга олмади. Бу эса Райан Мейсон бошчилигида мавсумни якунлаб қўяётган «Тоттенҳэм» учун айни муддао бўлди. «Вулверҳэмптон»ни енгган «шпорлар»да яна ЕЧЛга йўлланма олиш имкони пайдо бўлди. Албатта, ЕЧЛга чиқиш имконияти фақат назарий, лекин жамоа яна иккита ўйинда ғалаба қозонса, камида Европа Лигаси йўлланмасини нақд қилади.

А Серия. Шомуродовда дубл, «Ювентус»да мини реванш

Италия А Сериясида 37-турнинг марказий ўйини Миланда ўтказилди. Чемпионликни нақд қилган «Интер» ўз майдонида «Ювентус»га имкониятни бой берди. ЕЧЛдан қуруқ қолишга жуда яқин бўлган «Ювентус» Куадрадонинг дубли ва Роналдунинг голи эвазига ғалаба қозониб, қайсидир маънода мини реванш қайд этди. Ҳозир А Серияда ҳолат шундайки: «Ювентус», «Наполи» ёки «Милан» ЕЧЛдан қуруқ қолиши мумкин. Барчаси охирги турда аниқ бўлади, даҳшат, тўғрими?

37-турдаги ғалабадан кейин «Ювентус» тўртликка кириши ҳам мумкин эди. Бироқ «Наполи» «Фиорентина»ни енгиб, яна туринликларнинг умидларини чиппакка чиқарди. Охирги тур олдидан «Ювентус»да миланликларга қараганда имконият яхшироқ. Чунки Роналду ва жамоаси «Болонья» меҳмони бўлади. «Милан» эса меҳмонда «Аталанта»га қарши ўйнайди. «Верона» нимадир қилса, «Наполи» ҳам ЕЧЛсиз қолиши мумкин.

37-турда ўзбекистонлик футбол мухлислари учун А Серия қаҳрамони Элдор Шомуродов бўлди. У «Аталанта»га қарши ўйинда иккита гол урди. Элдор захирадан майдонга тушиб, мавсумдаги илк дублини қайд этди. Шу тариқа унинг мавсумдаги голлари сони 7 тага етди. Шомуродов Дестро (11 та гол) ва Скамаккадан (8 та гол) кейин «Женоа»нинг А Сериядаги энг яхши учинчи тўпурари бўлиб турибди. У «Кальяри»га қарши ўйинда ўз натижаларини яхшилаб олиши мумкин.

Қизиғи, Шомурдовнинг охирги учта голи чап қанотдан очилиши натижасида урилди. Футболчининг ўзи буни камтарлик билан мураббийнинг кўрсатмаси деб изоҳлади. Чиндан футболчи Баллардини қўл остида аввалига захирада қолган бўлса-да, кейинчалик бошқача ўйнай бошлади. Энди «Женоа» вакиллари Элдорни олиб қолиш ҳақида ўйлай бошлагандир. Чунки илк мавсумдаёқ 7 та гол урган (баъзан йўқ жойлардан) марказий осиёлик ҳужумчини бошқа жамоалар ўз сафида кўришни истаса керак. Балки Шомуродов А Сериядаги илк дублини бўлажак жамоаси дарвозасига ургандир. Ўйиндан кейин «Аталанта»нинг украиналик ва россиялик футболчилари Элдор билан қуюқ салом-алик қилишди. Улар балки ўзбекистонлик ҳужумчига бирга ўйнашни таклиф қилгандир ҳам.

Франция чемпионати. «ПСЖ» энг қадрли чемпионликни қўлга киритиши мумкин

Франция чемпионати бу йил шунчалик қизиқарли ўтмоқдаки, «ПСЖ» чемпион бўлолмаслиги жуда яқин. Ўтган турда Почеттино жамоаси «Реймс»ни 4:0 ҳисобида енгди. Уларнинг бахтига Бурак Йилмаз ва шериклари («Лилл») «Сент Этьен»ни енга олмади. Энди Франция чемпионатида охирги турдан аввал даҳшатли интрига кузатилмоқда. Айни дамда «Лилл»да 80 очко бор, «ПСЖ»да эса 79. Охирги турда Бурак жамоадошлари «Анже» меҳмони бўлади. «ПСЖ» эса меҳмонда «Брест» билан ўйнайди.

Агар охирги турда «ПСЖ» ғалаба қозониб, «Лилл» очко йўқотса, парижликлар ўз тарихидаги энг қадрли чемпионликни қўлга киритиши мумкин. Айниқса қатарлик бойлар даврида. Почеттинонинг ЕЧЛ яримфиналигача гўёки муваффақиятли кечган илк мавсуми Франция чемпионати ғолиблигисиз тугаса, «Тоттенҳэм»да нуқул соврин ютолмаган мураббийи ҳақида қанақа мемлар тарқалишини тасаввур қилаверинг.

Бундеслига. Қирчиллама Левандовски

Бундеслигада интрига қолмаган. «Бавария» доимгидек чемпионликни анча олдин қўлга киритганди. Ягона интрига Левандовскининг гол уриши эди. Польшалик супер юлдуз 32-турда «Фрайбург»га қарши ўйинда гол урди. Бу унинг мавсумдаги 40-голи эди. Шу тариқа Левандовски 1971/72 йилги мавсумда афсонавий Герд Мюллернинг рекордини янгилади. Германиялик Мюллер Бундеслигада бир мавсумда кўп гол уриш бўйича уч марта ўз рекордини янгилаган. Энди эса Левандовски охирги турда «Аугсбург»га гол урса, Бундеслиганинг мутлақ рекордчисига айланади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар