07.05.2021 09:00
3138
«Нефтчи» тизза билан гол уриб ютди. Самарқанддаги драматик ўйиндан фоторепортаж

Про-Лига 6-турининг марказий ўйини Самарқандда ўтказилди. Турнир жадвали етакчиси «Нефтчи» маҳаллий «Динамо» меҳмони бўлди. Ўйин шиддатли руҳда кечди ва унда самарқандликлар дарвозабонининг қўпол хатосидан фойдаланган Иззатилла Абдуллаевнинг голи ягона бўлди. Қизиғи, Абдуллаев голни тиззаси билан урди.

Ўйинда умумий устунлик «Динамо» томонда бўлди, лекин самарқандликларнинг ҳужум чизиғи ўзини кўрсата олмади. Фузайлов ҳужумкор футболчиларни янгилагани ҳам фойда бермади. Фақат Козимов бир марта дарвоза тўсинини нишонга олди. «Нефтчи» рақибга асосий устунликларидан бўлган стандарт вазиятларда ўзини эркин ҳис қилишга йўл қўймади, шунингдек, самарқандликларнинг асосий юлдузи Олег Марчукни яхши ёпа олди. Бу эса ўз самарасини берди.

Ўйиндан кейин Илҳом Мўминжонов бир қадар оғир футболчи бўлган Марко Обрадовичга чалғиган «Динамо»чилар қанотдаги ҳужумкор футболчиларга имкон қолдирганини айтди. Чиндан гол бўлган вазиятда ҳимоячилар бўйдор Обрадович билан банд бўлиб турган бир вақтда жуссаси кичик Иззатилла Абдуллаев гол уриб кетди.

Ўйин якунида яна бир қизиқ ҳолат юз берди. Фарғоналиклар мураббийи Илҳом Мўминжонов вақтни чўзгани учун огоҳлантирилди. Одатда бундай ҳаракат учун футболчилар карточка олади, лекин Мўминжонов рақиб футболчисига тўпни бермай вақтни чўзгани учун огоҳлантирилди. Шу тариқа ўз имкониятидан фойдаланган «Нефтчи» Самарқанддаги драматик ўйинда ғалаба қозонди ва Про-Лигада етакчиликни сақлаб қолди. «Динамо» эса 5-ўринга жойлашди.

Tribuna.uz фотомухбири ўйинни стадиондан кузатди ва қуйида «Динамо» ҳамда «Нефтчи» жамоалари ўртасидаги учрашувдан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар