03.05.2021 14:44
8880
«Биз истаган пайтда ўйнайсиз!» — Мухлислар Глейзерлардан нега норози?

Телевизор қаршисида «Манчестер Юнайтед» – «Ливерпуль» баҳсини кутиб ўтирган мухлислар шиддатли дерби ўрнига мухлисларнинг шиддати ундан ҳам кам бўлмаган норозилик намойишлари, тартибсизликлари ҳақида хабарлар ўқиб ўтиришга мажбур бўлишди. Клуб томонидан расмий маълумот ҳам йўқ, зеро, АПЛ ва клублар ижтимоий тармоқлардаги расизм билан курашиш билан овора, яъни вақтинчалик бойкот эълон қилган. Таркиблар эълон қилиниб, ўйин икки соатга қолдирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ортидан, ўйин расман номаълум муддатга қолдирилгани маълум қилинди.

Ҳали номаълум муддатни белгилаш ҳам бир муаммо, чунки май ойида ҳар уч кунда «Юнайтед» ёки «Ливерпуль»нинг ўйинлари бор. Ўртада очиқ дарчани топиш ҳам мумкин эмас. «МЮ» Европа Лигаси финалига яқин турганини эътиборга олсак, фақат 30 май куни бўш – чемпионат тугаганидан сўнг, турнир жадвалига таъсир қилиши мумкин бўлган ўйинни ўтказиш регламентга ҳам зид.

Катта эҳтимол билан ўйин 15-16 май кунларининг бирига белгиланиши мумкин. Шу куни «Ливерпуль»нинг «Вест Бромвич» билан ўйини бор. Бу учрашувни «МЮ» «Лестер» билан ўйнайдиган, «Ливерпуль» дам олиши керак бўлган 12 майга кўчириш мумкин. Ана шунда 15-16 май ҳар икки клуб учун ҳам очиқ кунга айланади.

Ҳозирда The Athletic нашрида ишлаётган Энди Миттен илк даврлардан буён «Юнайтед» мухлислари тўлқини билан бирга «сузган» ва у Глейзерларга нисбатан бу қадар норозиликлар қаердан келиб қолгани ҳақида қисқача тушунтириш берди: «Бўлиб ўтган воқеа йиллар давомида пишиб келган эди. Мисол учун, 2019 йилнинг ёзида «Манчестер Юнайтед» мухлислари етарлича трансферлар амалга оширилмаётганидан норози бўлиб, шу каби тадбир амалга оширишга уринишган, аммо белгиланган вақтда ҳеч ким келмаганди. 2020 йилнинг февралида эса «Вулверҳэмптон»га қарши уй учрашувида мухлислар учрашув тугамасдан намойишкорона трибунани тарк этишди – бу ҳам эътиборсиз қолди. Кеча ҳаммаси бошқача бўлди. «Олд Траффорд»да шу қадар кўп фанат йиғилдики, уларни беэътибор қолдиришнинг имкони ҳам йўқ эди».

Шу ўринда, норозилик намойишлари стадион ичкарисига кириб тартибсизлик амалга оширилгани, полицияга ҳужум қилингани каби ноқонуний ва хунук ишлар билан тушунилмаслиги керак. Ўша видеолар фонида, масалан, экспертлар ёки «МЮ»нинг собиқ футболчиларининг мухлислар ёнини олиши бироз ғалати кўринади ҳам. Аслида, норозилик намойиши кўчада, стадион атрофида, плакатлар билан амалга оширилди. «Қачон ўйнашингизни биз ҳал қиламиз» шиори билан «Ливерпуль»га қарши ўйинга халақит берилди. Стадион ичкарисига бостириб кирганлар эса, намойишнинг кичик бир гуруҳи, хунук юзи холос.

«Аслида намойиш қатнашчиларининг мақсади шунчаки безорилик қилиш эмасди, 2005 йилдан бери тўпланиб келган эътирозлар, норозиликларнинг билдирилиши, ниҳоят клубнинг америкалик ишбилармонлардан қутулиши эди. Суперлига машмашаси ортидан содир бўлган воқеалар, жумладан, Глейзерларнинг мухлислардан узр сўраб, мухлислар ишончини қайта қозонишга ваъда бергани ҳам ҳеч кимни юмшатмаганди, зеро, ўша ишончнинг ўзи энг бошдан бўлмаган.

2005 йилдан клуб бошқарувини тўлиқ ўз қўлига олган Глейзерларнинг мухлислар билан доимий мулоқот қилиш ваъдаси - энг баландпарвоз ваъдаларидан бири эди. Лекин 16 йил, то мана шу Суперлига можаролари бошлангунча, улар жим қолишди, уларни ҳеч ким эшитмади. Шунинг учун ҳам Жоэл Глейзернинг узрномасига муносиб жавоб берилди – «Узринг қабул қилинмади!»

«Юнайтед» Глейзерлар келгунча, жуда катта ашаддий мухлислар гуруҳига эга эди. Бу гуруҳ ўшанда иккига ажралиб қолганди. 4000га яқин фанатлар клубдан чекиниб «Юнайтед оф Манчестер» номи билан ўз клубларини ташкил қилишди. Клуб мухлисларининг ҳалигача бир-бири билан гаплашмаслиги, кетганларни «иуда» (христианликда сотқин тимсоли) деб аталиши-ю, қолганлар қўрқоқликда айбланиши билан Глейзерларнинг умуман иши йўқ эди.

2010 йилда фанатлар ўзига хос «сариқ-яшил» шарфларни «анти-Глейзер» позициясининг рамзи сифатида ишлатишни бошлашди. Лекин шундай бўлса-да, улар стадионга жамоани қувватлагани келишар, яъни Глейзерларга пул тўлашарди. Америкаликлар барибир аксарият мухлислар ўзлигидан кечиб, севимли клубини бутунлай тарк этмасликларини жуда яхши билиб туришарди», дейди Миттен.

Бошқа инвесторлар, масалан, Абрамович ёки араб шайхлари клубни сотиб олгач, уни ривожлантириш учун маълум миқдорда пул сарфлашса, «МЮ»да ҳаммаси аксинча бўлган – катта кредит эвазига клубни сотиб олган Глейзерлар оиласи ушбу кредитнинг «сопини ўзидан чиқарди», яъни айнан «МЮ» даромадлари ёрдамида қарзни ёпа бошлашди. Ўтган даврда клубдан 1,5 миллиард фунт атрофидаги маблағ айнан Глейзерларнинг қарзларини тўлаш учун чиқиб кетган.

Барча совринлар учун курашишга ўрганган Европа футболи гранди Сэр Алекс Фергюсон кетганидан сўнг, бирор марта ҳам мамлакат чемпиони бўла олмади.

Аслида муаммолар Фергюсон даврида ҳам бошлангани сир эмас. Мисол учун, Криштиану Роналду «Реал»га рекорд суммага сотилган бўлса-да, ушбу маблағнинг 20 фоизи ҳам унинг ўрнини тўлдириш учун сарфланмаган. Глейзерлар Фергюсоннинг мураббийлик салоҳиятига ишониб қолишган, сэрнинг охирги беш йилида сумма нуқтайи назаридан йирик трансферга қўл урилмаган ҳам. Фергюсон кетганидан сўнг ҳам, бу сиёсат давом этди. Қачонки, клуб ёмон натижаларни кўрсатиб, бу ҳолатда жамоа грандлар сафидан чиқиб, даромадлар пасайиб кетиши хавфи пайдо бўлганидагина «типирчилай» бошлашди. Шунда ҳам, лаёқатли спорт директори ёки аниқ ривожланиш режаси бўлмаганидан, трансфер учун ажратилган маблағлар ҳам ҳавога кетди. Мухлислар Фергюсондан кейинги даврдаги беқарорликларда ҳам, Вудворднинг хатоларида ҳам, албатта, Глейзерларни бош айбдор деб билишади. Жозе Моуриньо жуда ёмон натижалар билан истеъфога чиқарилган бўлса-да, аксарият мухлислар португалиялик мутахассиснинг тарафида бўлишган. Бир йил олдин АПЛда 2-ўринни олган клубга кучайиш учун фақат Фред олиб берилганди, холос.

Миттеннинг айтишича, клуб стадионни яхшилаш, реконструкция қилиш учун умуман ҳаракат қилмади. Зеро, Глейзерлар келмасидан олдин, сўнгги 12 йилда тўрт марта шундай ишлар амалга оширилган, клуб америкаликлар қўлига ўтишидан аввал 75 минг ўринли стадионни кенгайтирилиши тасдиқлаб улгурилган эди.

2000-йилларда «Юнайтед»нинг машғулотлар базаси Англияда энг яхшиси эди. Ҳозир буларнинг ҳаммаси тарих, ҳеч қандай жозибадорлиги қолмаган.

Ҳа, тан олиш керак, ижобий томонлар ҳам бор. Масалан, сўнгги ўн йилда клуб чипта нархларини музлатган ва бошқа топ-клублардан фарқли равишда, нархлар оширилмаган. Аммо дастлабки 5 йилда нархлар тез суръатларда юқорига ўсиб кетганди.

«Олд Траффорд»да, клубда ҳақиқатан ҳам фидойи бўлган, клуб манфаатлари учун жон куйдирадиган инсонлар ишлашини эътироф этиш лозим. Айнан улар клуб имижи, мухлислар билан муносабатлар борасида қайғуриб келадилар. Айтайлик, клуб пандемияда даврида ўз персоналини ҳукумат таъминотига ўтказиб юбормади, маошлар сақланиб қолинди. Шунингдек, фанатларнинг Европа Лигаси доирасидаги Қозоғистондаги учрашувига бепул боришлари таъминланди. Сўнгги пайтларда, клуб ўз ривожланиш курсини ўзгартиргани, пул сарфлашда ҳам, трансферларда ҳам ёмон ҳаракат қилмаяпти, аммо бу ижобий кайфият Суперлига машмашасида бир четга чиқди. 

«Юнайтед» мухлислари клуб муваффақияти учун тепада бирор олигарх туриши шарт эмаслигини билишади, клуб барқарор даромад келтириб, икки оёғида дадил тура олишига ишонишади. Лекин бу даромадлар клубнинг бўйнига илиб қўйилган қарзларни ёпишга кетаверса, «Юнайтед» оёғига тош боғланган сузувчи сингари, бошқа топ-клублар билан рақобат қила олмайди.

Қ.Асланов тайёрлади

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар