01.05.2021 13:56
13586
«МЮ» - «Ливерпуль», «Барса» азалий рақибига қарши, Шомуродов Римга боради. Ҳафта ўйинлари анонси

Европада миллий чемпионатлар энг қизғин паллага кирмоқда. Италияда агар «Аталанта» қоқиладиган бўлса, шу турдаёқ «Интер» расман чемпионликни нишонлаши мумкин, Испания ва Францияда эса ғолиб энг охирги турда аниқланадиган кўринади. Англияда бу саволга жавоб деярли топилган бўлса-да, одатий равишда ЕЧЛ йўлланмалари учун кураш авж олган. Биз ҳам одатга хилоф қилмаган ҳолда эътиборингизга дам олиш кунларидаги энг қизиқарли учрашувлар анонсини ҳавола қиламиз.

 АПЛ. 34-тур

1 май (шанба)

БРАЙТОН – ЛИДС

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

Турнир жадвали, майдонда ҳаракат қиладиган номлардан қатъи назар, жуда қизиқарли, икки ўзига хос мураббийнинг баҳсини томоша қилмоқчи бўлсангиз, ушбу тўқнашувни ўтказиб юборманг. Бьелса шундоқ ҳам ҳаммага маълум ва қизиқ, Поттернинг жорий жамоаси эса айтиш мумкинки, мавсумнинг кашфиётларидан бири бўлмоқда. Тўғри, ҳозирда «Брайтон» хавфли зонадан узоқ эмас, ҳатто Премьер-лигани тарк этиши мумкин. Аммо кўрсатилган ўйин сифати, айниқса, топ-рақибларга қарши ўйинлардаги ишончли тактикалар туфайли кўпчиликнинг эътибори қозонилди.

Бу борада сўнгги пайтлардаги «Лидс» ҳам таҳсинга лойиқ. Жамоанинг мағлубиятсиз серияси 6 учрашувга етди (бу мавсумдаги энг яхши давр) ва аҳамиятлиси, мана шу 6 учрашувда «Лидс» «Челси», «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед» ва «Манчестер Сити» каби жамоаларга қарши ўйнади. Айнан шу тақвим туфайли «Лидс»нинг пастга шунғишини кутган мутахассислар энди жамоанинг еврокубоклар учун рақобатдаги имкониятларини чамалай бошладилар.

Хуллас, икки ўзига хос, ҳар қандай шароитда ўз фалсафасидан қайтмайдиган мураббийлар ўртасидаги дуэл жуда қизиқ бўлиши кутилмоқда. Юқорида айтилганидек, турнир аҳамияти ҳам бор – масалан, «Брайтон» ҳозирда хавфли зонага энг яқин жамоа бўлиб турибди. Ўртада 7 очколик фарқ бор. Демак, бундан кейин ҳар бир мағлубият Поттер шогирдлари учун катта босим юклаб боради.

Таркиблардаги йўқотишлар борасида ҳар икки мураббийда муҳим футболчилар йўқ, аммо бу йўқотишлар сўнгги ўйинларда имкон қадар ўрни тўлдирилаётганини ҳам эътироф этиш керак. Мезбонлар сафида Лаллананинг ҳолати шубҳа остида бўлса, «Лидс» яна Рафинья ва Родригонинг хизматларидан фойдалана олмайди. Шунингдек, «Этиҳад»даги ўйинда майдондан четлатилган Лиям Купер дисквалификацияни ўташда давом этмоқда.

Ла Лига. 34-тур

1 май (шанба)

ЭЛЬЧЕ – АТЛЕТИКО

Ўйин бошланиш вақти: 19:15

ТВ-трансляция: FutbolTV 

«Атлетико» ушбу мавсумда қай даражада омадли ёки омадсиз, буни фақат энг охирида айтишимиз мумкин. Гўёки, қишдаёқ чемпионликка ҳеч ким халақит бера олмайдиган даражада устунликни бой берган Симеоне шогирдларига ачиниш керакдек, шу билан бирга энг ҳал қилувчи паллаларда «Реал» ва «Барселона» ҳам кутилмаган қоқилишлари билан ҳали ҳам «Атлетико»нинг пешқадам бўлиб тургани мўъжизага қиёсланса арзийди. Ҳали «Камп Ноу»га оғир сафар борлигини билиб турсак-да, ҳозирда барчаси «Атлетико»нинг қўлида, қолган учрашувлардаги ғалаба уларни чемпионга айлантиради. Одатда, тақвимга қаралганда, айнан номдорроқ, кучлироқ рақибларни баҳолашга ўрганиб қолганмиз, лекин «Барселона»га сафар олдидан энг муҳим ва қийин бўлиши кутилаётган учрашув айнан «Эльче» билан кечиши ҳам мумкин. Сабаби, «Эльче» турнир жадвалида 30 очко билан 18-ўринда турибди ва яна 3 жамоа билан элитада қолиш учун кураш олиб бормоқда. Юқоридаги «Вальядолид»да ҳам 30, «Алавес»да 31, «Хетафе»да 34 очко бор. Иккинчидан, «Эльче» ўз майдонида ҳар қандай рақибга муаммо туғдира олади. Масалан, бу стадионда «Реал» ҳам ғалаба қозона олмаган, «Севилья» мағлуб бўлган. Чемпионлар лигасини ҳам қўшганда, қаторасига беш ўйиндан бери сафарда ғалаба қозона олмаётган «Атлетико» учун табиийки, «Эльче» муаммо туғдира олади.

Ғалаба мадридликларга Барселонага турнир пешқадами сифатида бориш имкониятини тақдим этса, мағлубият умуман жамоани 4-ўринга ҳам тушириб юбориши мумкин.

А Серия. 34-тур

2 май (якшанба)

ЛАЦИО – ЖЕНОА

Ўйин бошланиш вақти: 15:30

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReport 

Якшанба кунги ўйинларга Римдаги баҳс старт беради. Сўнгги турда «Милан»ни йирик ҳисобда мағлуб этган «Лацио» навбатдаги учрашувда «Женоа»ни меҳмон қилади. Генуяликлар таркибидаги Элдор Шомуродов сўнгги ўйинда голсизлик сериясига барҳам бериб, Римга кўтаринки кайфиятда ташриф буюриши аниқ. Баллардини жамоаси ҳимоявий футболи билан ном қозонаётган бўлса, Индзаги жамоаси ҳужумкорлиги билан эътироф этилади. Икки хил услубдаги жамоалар баҳсида мезбонлар фаворит саналишса-да, «Женоа» ва Элдорнинг Римдаги ўйини ўзбекистонлик мухлислар диққат марказида бўлади.

АПЛ. 34-тур

2 май (якшанба)

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИВЕРПУЛЬ

Ўйин бошланиш вақти: 20:30

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

2014 йилдан бери «Ливерпуль» «Олд Траффорд»да ғалаба қозона олмаётган бўлса-да, айнан ҳозир Юрген Клопп учрашув майдони сифатида «Олд Траффорд»ни танласа керак. Чунки «Энфилд» 2021 йилда «Ливерпуль» учун энг омадсиз стадионга айланди – охирги 12 учрашувдан атиги 1 ғалаба, 4 дуранг ва 7 мағлубият. Ўтган турда «Ливерпуль»нинг жуда катта устунлиги остида ўтган «Ньюкасл»га қарши учрашувда ҳам ғалаба ушлаб қолинмагани аламли бўлди. Оқибатда «Челси» ва «Лестер»ни мос равишда 4 ва 8 очкога олдинга қочириб юборди. Демак, «Ливерпуль» бу сафар ғалаба қозониши шарт, акс ҳолда фарқ янада катталашиб Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун имконият жуда пасайиб кетади.

«Юнайтед»нинг ҳам ўз вазифалари бор. Сульшер учун шогирдларининг ўтган мавсумдан кўра, яхшироқ натижа билан, яъни 2-ўринда тугатишлари аҳамият касб этади. Ҳозирда «Лестер» билан фарқ 5 очкони ташкил қилса-да, қаторасига икки ўйинда очко йўқотиш қўшимча босимга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Умуман олганда «МЮ»нинг ишлари яхши, 13 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия, «Олд Траффорд»да қаторасига беш ғалаба, жумладан, «Рома»га қарши Европа лигаси яримфиналидаги 6:2 ёрдамида деярли финал йўлланмаси...

Аммо шу Европа лигаси «Ливерпуль»га қўл келиши мумкин. Табиийки, пайшанба оқшомида асосий таркибда майдонга тушган «Юнайтед» жисмоний тарафдан рақибига ютқазиб қўйиши мумкин. Таркиблар борасида «МЮ»да ҳаммаси жойида, «Ливерпуль»да жароҳатланганлар гуруҳи ҳали сафга қайтгани йўқ. Юрген Клопп ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Виржил ван Дейкнинг ҳолати ҳақида фикр билдирди. Маълум бўлишича, нидерландиялик ҳимоячи энди югуришни бошлаган ва ҳали жамоа билан шуғулланишга вақт бор. Катта эҳтимол билан уни ушбу мавсумда кўрмасак керак.

Жамоалар ўртасидаги биринчи даврадаги учрашувда ҳисоб очилмаганди. Орадан бир ҳафта ўтиб, Англия кубоги доирасидаги баҳсда эса «МЮ» ўз майдонида 3:2 ҳисобида устун келганди.

 Ла Лига. 34-тур

2 май (якшанба)

ВАЛЕНСИЯ – БАРСЕЛОНА

Ўйин бошланиш вақти: 23:55

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReport

Испания чемпионатида 20 иштирокчи жамоа билан ўйнаш бошланганидан буён ҳали ҳеч қачон 5 тур қолганда биринчи ва тўртинчи ўринлар орасидаги фарқ бу қадар қисқа бўлмаган экан. Ҳа, пешқадамлар қоқилиб, йиқилиб кетаётган жойга «Севилья» ҳам етиб келди ва энди чемпионлик учун даъвогарлар сони 4 тага етди.

«Атлетико»нинг Бильбаодаги мағлубияти ва «Реал»нинг қаторасига икки дурангидан сўнг «Барселона» гўёки турнирнинг яққол фаворитига айланганди. Аммо жадвалнинг ўрталарида юрган «Гранада»ни ютиб, 1-ўринга кўтарилиб олиш имкониятини Месси ва шериклари бой бериб қўйишди. Табиийки, интрига янада ошди. Келаси ҳафта бўлиб ўтадиган, юқорида ҳам тилга олинган «Атлетико»га қарши йил ўйини олдидан «Барселона»ни қийин сафар кутиб турибди. Ҳа, «Валенсия» ўзининг энг беқарор мавсумларидан бирини ўтказмоқда, аммо тарихан ҳам, футболчиларнинг мотивацияси нуқтаи назаридан ҳам валенсияликлар пешқадамлар учун қийин рақиб бўлиб қолаверадилар.

Айтайлик, биринчи даврада Барселонада бўлиб ўтган ўйинда 2:2 ҳисоби қайд этилган. Местальядаги сўнгги учрашув ўтган йилнинг январидаги баҳсда эса мезбонлар 2:0 ҳисобида устун келишганди. Умуман Валенсиядаги охирги 7 ўзаро ўйиннинг атиги 2тасида «Барселона» уч очко билан кетганини эътиборга олсак, Куман шогирдларига осон бўлмаслиги аниқ.

 2 май (якшанба)

МОНАКО – ЛИОН

Ўйин бошланиш вақти: 23:55

ТВ-трансляция: Матч Футбол

Ҳамманинг кўзи Испаниядаги интригада экани табиий, аммо эътибордан бироз четда бўлган Франция чемпионатида ҳам ундан кам бўлмаган кураш кетяпти. Биз Ла Лигадаги азалий пешқадамлар ва уларнинг курашига ўрганиб қолганмиз, йил ора кузатиб турамиз, Франциядагиси эса ростанам уникал – сўнгги 8 йилда иккинчи марта (биринчиси «Монако»нинг юлдузли мавсуми) чемпионлик учун «ПСЖ»га рақобатчилар пайдо бўлди. Бир эмас, бу сафар учта.

«Лилль» 73 очко билан пешқадам, тақвим бўйича ҳам у қадар кучли рақиби бўлмаган Гальтье шогирдлари қолган тўрт ўйинда ғалаба қозониб, чемпионга айланишлари мумкин. Лекин орқадан қувиб келаётган «ПСЖ»да 72, «Монако»да 71 очко бор. Имкон туғилганда «газни босиш» учун бу клублар ҳам тайёр туришибди. «Лион» ҳам мана шу гуруҳ ичида бўлиши мумкин эди, лекин ўтган турда «Лилль»га қарши ўйинда ғалабани қўлдан чиқариб, 67 очко билан 4-ўринда қолишди. Аммо назарий томондан лионликларда ҳам имконият борлигини қайд этиш керак.

Ҳар қадамда очко йўқотиши мумкин бўлган «Лилль» («Монпелье» билан дуранг, «Ним»дан мағлубият), бир кўнгли Чемпионлар лигасида бўлган «ПСЖ» билан рақобатда «Монако»нинг имконияти ёмон эмас, бунинг учун «Лион» устидан ғалаба қозониш керак бўлади. Бу ишни оролликлар яқинда, 22 апрель куни Франция кубоги чоракфиналида ҳам амалга оширганди. Фолланд ва Бен Йеддернинг голлари меҳмонларга ғалаба келтирган. Чемпионатда эса «Лион» «Монако»га қарши охирги икки ўйинни йирик ҳисобда ғалаба билан якунлаган.

Мезбонларга жуда кўп футболчиларнинг жароҳатланган эканликлари катта муаммо туғдиради. Жумладан, Головин, Мацима, Матазо, Мийо, Мартинш, Диатта, Диоп, ҳамда Йоветич каби футболчилар бир неча ҳафтага сафдан чиқишган.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

1 май. ПСЖ – Ланс (20:00), Кротоне – ИНТЕР (21:00), ЧЕЛСИ – Фулҳэм (21:30), МИЛАН – Беневенто (23:45), РЕАЛ – Осасуна (23:55), ЭВЕРТОН – Астон Вилла (23:55)

2 май. Ньюкасл – АРСЕНАЛ (18:00), НАПОЛИ – Кальяри (18:00), Сассуоло – АТАЛАНТА (18:00), Удинезе – ЮВЕНТУС (21:00), ТОТТЕНҲЭМ – Шеффилд (23:15), ЛИЛЛЬ – Ницца (23:55). 

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар