01.05.2021 12:19
1888
Миржалол Қосимов: «Энди бор эътиборимизни чемпионатга қаратамиз. Келаси йили яна ОЧЛда кўришамиз, деган умиддаман»

ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов ОЧЛ 6-туридан ўрин олган «Истиқлол»га (2:1) қарши баҳсдан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ўйин кутилганидек қизиқарли ва шиддатли ўтди. Буни кечаги матбуот анжуманида ҳам таъкидлаб ўтгандим. Айтганимдек, ОКМК мухлислар учун ғалабага ўйнади ва жамоа ғурурини ҳимоя қилиш учун ҳам курашди. ОКМК мусобақа давомида жамоамизни қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга миннатдорчилик билдиради. Биргина мухлис бизга ишқибозлик қилса ҳам, ғалаба учун майдонга чиқамиз.

Албатта бугунги баҳс ҳам оғир бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, «Истиқлол» клубини плей-офф босқичи йўлланмасини қўлга киритгани билан жамоамиз номидан табриклайман.

Биз жойлашган «квартет» жуда кучли гуруҳ эди. Футболда кимдир ютади, кимдир ютқазади. Хаттоки «Ал Ҳилол»дек кучли жамоанинг тақдири бошқа гуруҳдаги ўйинга боғланиб қолди.

Мусобақани юқори даражада ташкил этган мутасаддиларга миннатдорчилик билдираман. Ҳаёт эса давом этади. Энди бор эътиборни ички чемпионатга қаратамиз. Худо хоҳласа, бу йил чемпионатда яхши ҳаракат қилсак, келаси мавсумда яна ОЧЛ мусобақасида кўришамиз, деган умиддаман. 

Футболчилардан қониқдимми? Ўйинларни таҳлил қилиб чиқамиз. Бунинг учун бироз вақт керак. Фурсатдан фойдаланиб футболчиларга миннатдорчилик билдираман. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам охиригача курашишди. Бизни чемпионат ўйинлари кутмоқда. Дам олишга вақт йўқ. Йигитлар бўлажак ўйинларга тайёр. Жиддий гуруҳдан ўрин олиб, кучли жамоалар билан ўйнадик ҳамда бу футболчиларга ўзига хос мактаб бўлди ва ушбу мусобақа уларга келажакда ўсишларига ёрдам беради, деб ўйлайман.

Ёшларга ўйин амалиёти берганим, албатта, келажакда асқотади. Бундай нуфузли мусобақада кучли жамоалар билан беллашиш, курашиш уларга келажакда футболчи сифатида ўсишларига ёрдам беради. Улар ҳам мусобақадаги иштирокидан тўғри хулоса қилиб, қаерга интилиш кераклигини тушуниб олишади, деб ўйлайман. Спорт — бу курашиш дегани. Доим чўққига интилиш керак», — дея Қосимовнинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар