24.04.2021 23:46
12299
Руслан Нуриддинов яна катта саҳнада. У жаҳон рекордини янгилаб, Осиё чемпионига айланди

Тошкентдаги «Юнусобод» спорт мажмуасида қизғин давом этаётган оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг бугунги дастури юртдошларимизга бир олам қувонч тақдим этди.

Эркаклар ўртасида -109 кг вазн тоифасидаги атлетлар ўртасида кечган баҳсда ҳамюртларимиз умумий ҳисобда 6та медалга эгалик қилишди.

Қувонарли жиҳати, 24 апрель кунги баҳсларда ёш спортчимиз Акбар Жўраев Осиё рекордини янгилаган бўлса, олтин медални қўлга киритган Руслан Нуриддинов жаҳон рекордини ўрнатди.

Даст кўтариш машқида хитойлик атлет Янг Чже спортчиларимизга жиддий рақобат тақдим этди ва 200 кг тошни ўзига бўйсундирган ҳолда жаҳон рекордини янгилади. Ушбу йўналишда Акбар Жўраев 194 кг натижа билан кумуш, Руслан эса 188 кг натижа билан бронза медалини қўлга киритди.

Силтаб кўтариш машқида эса олтин медаль учун кураш фақат ҳамюртларимиз ўртасида кечди. Даст кўтариш машқида ғолиб чиққан хитойлик Янг Чже бу йўналишда 225 кг натижа билан ўз юришини тўхтатди. Хитойлик атлетнинг бу кўрсаткичи унга икки курашда бронзани тақдим этди.

Ўзининг иккинчи уринишида 234 кг тошни кўтара олган Акбар Жўраев ҳам силтаб кўтариш, ҳам икки курашда Осиё рекордини янгилади. Аммо, унинг рекордини бироздан кейин Рио-2016 олимпиадаси ғолиби, Осиё ва жаҳон чемпиони Руслан Нуриддинов ортда қолдирди. У ўзининг иккинчи уринишида 235 кг натижа қайд этган бўлса, сўнгги уринишида 241 кг тошни ўзига бўйсундирди ва катта спортга қайтишини шу тариқа оламшумул ғалаба билан қарши олди.

«Мусобақа ғолиблари Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳамда МОҚ раисининг ўринбосари Азизжон Комиловлар томонидан тақдирланди», - дейилади Туризм ва спорт вазирлиги сайти хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Антидопинг қоидаларини бузгани сабабли икки йилга спортдан четлатилган оғир атлетикачи Руслан Нуриддиновнинг дисквалификация муддати 2020 йилнинг декабрида тугаганди. 
 
Маълумот учун, Руслан Нуриддинов 2012 йилда Лондондаги Олимпия ўйинларида 105 килограмм вазн тоифасида 4-ўринни қўлга киритган. 2016 йилги Олимпиадада эса силтаб кўтаришда олимпия рекордини (237 кг) ўрнатган ҳолда олтин медалга эга чиққанди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар