22.04.2021 11:39
2246
Миржалол Қосимов: «Камбэкларнинг сири йўқ. Кўп нарса хоҳиш ва иштиёққа боғлиқ»

ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов ОЧЛ 3-тури доирасида «Шабоб Ал Аҳли» (2:1) устидан қозонилган иродали ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Фурсатдан фойдаланиб кеча туғилган кунини нишонлаган жамоамиз футболчиси Дилшод Жўраевни ва бугун таваллуд кунини нишонлайдиган ёрдамчи мураббий Хайрулла Каримовни жамоамиз номидан табриклайман. Уларга соғлик, оилавий бахт ва омад тилайман. 

Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, икки жамоага ҳам ғалаба муҳим эди. Ютуқ иштиёқида майдонга тушгандик. Ўтган ўйиндаги мағлубиятга қарамасдан, футболчилар ўйинга тўғри ёндашишди ва яхши тайёрланиб, ОЧЛ гуруҳ босқичидаги илк ғалабани тантана қилдик. Бу ҳам кичик тарих. Ғалаба серияси очилганидан хурсандмиз. 

Рақиб «Шабаб Ал Аҳли» — яхши, курашувчан ва шиддатли футбол намойиш этадиган жамоа. 
Ўйлашимча, бугунги ўйин яхши даражада ўтди. Иккинчи таймда жамоамиз ўйинни кучайтирди ва бу жиҳат беллашув якунига бориб ўз самарасини берди. 

Хурсандмиз. Лекин бу ғалабани эсдан чиқариб, кейинги баҳсга тайёргарлик кўриш керак. Ҳали ҳаммаси олдинда. 
Фурсатдан фойдаланиб бизга ишонган ва ўтган учрашувдаги мағлубиятга қарамасдан жамоамизни қўллаб-қувватлаб, далда бўлиб турган ўзбекистонлик барча футбол мухлисларига катта раҳмат айтамиз. Ва уларни ғалаба билан табриклаймиз. 

Камбэк? Мен нафақат ўйин сўнггида, балки баҳс аввалидан олдинга интилиш ва ғалаба учун курашишни кўрсатма бергандим. Футболда 5 дақиқа ичида кўп нарса руй бериши ва воқеалар ривожи бутунлай ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Масалан, 1999 йилги ЕЧЛ финалини эслайлик. Ўшанда «МЮ» «Бавария» дарвозасига қўшиб берилган 3 дақиқа ичида 2та гол уриб, ғалабани илиб кетганди. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Шу боисдан ҳам қўшиб берилган дақиқаларни ҳимояда ўтказмасдан олдинга ўтишни таъкидладим. Камбэкларнинг сири йўқ. Кўп нарса хоҳиш ва иштиёққа боғлик. Футболни мажбуран ўйнаб бўлмайди», — дея Қосимовнинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар