20.04.2021 10:58
8988
LoseLose. Жар ёқасида қолган футбол

Футбол балки ўз тарихидаги энг хавфли нуқтада турибди. Аслини олганда Суперлига ғояси у қадар ёмон лойиҳа эмас, айниқса, клублар молиявий азият чекаётган бу даврда айни муддао ҳамдир. Лекин бу нуқтага эволюцион эмас, инқилобий йўлдан бориши мана шу даврада неча манфаат бўлса, ҳаммасининг мағлубияти билан якунланади. Ишонаверинг.

Келинг, тасаввур қиламиз, Суперлига ташкилотчилари йўлдан қайтмадилар ва ҳаммаси бугун биз ўйлашга ҳам қўрқаётган нуқтага етиб келди. Яъни Суперлига старт олиш арафасида, миллий лигалар бу клубларни дисквалификация қилган, футболчиларга нисбатан тақиқлар қўйилган ва ҳоказо.

Мағлуб тараф нималарни йўқотиши тушунарли. 12та топ-клубсиз УЕФА ҳам, учта лига ҳам бор эътиборини йўқотади. Нафақат жозиба тарафидан, бу шундоғам тушунарли, молиявий томондан ҳам «ўлдирувчи» зарбага учралади. Ла Лигада шундоғам асосий пул «Реал», «Барселона» ва «Атлетико» орқасидан келади. «Кучли олтилик»сиз АПЛни тасаввур қилиш мушкул. Шундоғам оғир аҳволда бўлган А Серия клублари айнан «Ювентус» ёки Милан клубларига қарши ўйинлар орқали даромад қилаётгандилар. «Парма» ёки «Болонья»нинг четда мухлиси йўқ, табиийки, Лигалар мамлакат ташқарисида бутун томошабинни йўқотишади. Пандемия даврида бундай йўқотишлар билан тирик қолиш мумкинми? Яна ўша топ-клубларсиз ўтадиган Чемпионлар Лигаси бутун бир лигаларни қутқариб қола оладими? Йўқ, албатта. Буниси тушунарли.

Гўёки, бой клублар ўз қатъияти туфайли азалий орзуга эришадилар ва осмондан пул ёғиладиган турнирни бошлайдилар. Аммо бу турнир ўша орзудаги мусобақа бўлишига ишончингиз комилми?

Бир қатор факторлар бу лойиҳанинг муваффақиятсиз чиқишига етарли бўлади.

Биринчидан. Суперлига ғояси энг бошидан миллий лигаларга параллел равишда ташкил қилиниши кўзда тутилганди. Лойиҳа пишитилаётганда УЕФА мана шундай нозик томондан ушлашини ташкилотчилар ҳам кутмаган бўлишса керак. 12талик вакуумда, у ҳар қанча гранд клублардан ташкил топмасин, узоқ вақт яшаб қолиш мушкул. Миллий лигаларсиз бу турнир умуман мазмунини йўқотади. Ташкилотчилар миллий лигаларга қўшимча ҳолда ҳар бир топ-клуб учун 20-23 ўйин ваъда қилган бўлишса, энди миллий лигадаги 38 ўйиндан маҳрум қилинади. Чекланган оз жамоа билан бу бўшлиқни тўлдириш умуман иложсиз.

Иккинчидан, айтиляптики, Суперлигада топ-ўйинлар кўп бўлади, турнирнинг қизиқарлилиги учун бунинг ўзи етарли. Мен бундай ўйламайман. Мисол учун, бу мавсумда АПЛда бўлиб ўтган қайси топ-учрашув ёдингизда қолди? Топ-6 ўртасидаги баҳс деганда, аввало 0:0 ҳисоблари хаёлга келмаяптими? Топ-клубларнинг рақобати ўзаро ўйинларда эмас, бошқалар ҳам қатнашадиган лигада, турли жанрдаги тўсиқларни енгишдаги солиштирмаларда намоён бўлмайдими? АПЛнинг ушбу мавсуми топ ўйинлардан-да кўпроқ, «Лестер»нинг «Этиҳад»даги ғалабаси, «Ливерпуль»нинг айнан аутсайдерлар билан ўйинлардаги ажиб мағлубиятли серияси, «Юнайтед»нинг «Лидс» ва «Эвертон» билан голли баҳслари, «Тоттенҳэм» етакчиларининг сермаҳсул ўйинлари билан ёдда қолмаяптими?

Футбол тенг кучли рақиблар баҳси билан эмас, ўзига яраша сценарийлари билан гўзал. «Милан» ва «Ювентус» қаторасига беш марта ўйнаши мумкин, аниқ, учинчисида зерикишни бошлаймиз. Бир-бирини навбати билан ютишидан кўра, кучсизроқ рақибларнинг сюрпризлари жозибалироқ бўлмайдими? Масалан, йил бўйи «Эл Класико»ни кутамиз, лекин эсингизда бўлса, кубок ва Чемпионлар Лигаси қуръаси туфайли бу жамоалар бир ойда тўрт марта тўқнаш келгандилар. Назаримда, ўша йилда икки бор бўладиган кайфни бермаган.

Бунинг устига, Суперлиганинг шу форматдаги вариантида ҳамма ёмон кўраётган энг ёмон, спорт принципларига зид жиҳати, баъзи клубларнинг натижадан қатъи назар турнирда қолишларидир. Шунингдек, чиқиб-тушиб турадиган яна беш ўрин ҳақида гап борар экан, УЕФА ва Лигалар билан келишмай туриб, бу ҳам амалга ошиши қийин. Чунки Суперлигага чиқиб, яна тушиб, Лигага қайтадиган клубларга рухсат берилмаслиги мумкин. Ўз-ўзидан Суперлига таркиби ўзгармайдиган бир нечта клублар билан қолиб кетишига тўғри келади.

Учинчидан. Суперлиганинг бу алфозда, шошилинч ташкил қилингани кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилиши мумкин. Тухел ҳам, Сульшер ҳам бу ҳақида энди эшитиб туришганини айтишди. Зидан норози бўлди. Ҳали футболчиларнинг фикрини билганимиз йўқ. Тўғри, улар маош олишади, аммо ҳамма нарсани пул ҳал қилмайди – футболчи ёшлигидан орзу қилган Чемпионлар Лигаси финалида ўйнай олмаса, «Олтин тўп» учун курашмаса, мотивация қаердан келади? Суперлига «Бавария» ва «ПСЖ»сиз дунёнинг энг кучли турнири сифатида тортиқ қилиниш имкониятига ҳам эга эмас.  

Шунингдек, қарорлар шошилинч қабул қилингани молиявий томонга ҳам таъсир кўрсатади. Ташкилотчилар жуда катта суммалар ва тайёр ҳомийлар ҳақида айтишаётган бўлсалар-да, УЕФАнинг чекловларидан сўнг вазият ўзгаради. Августгача, бу қадар қисқа вақт ичида, трансляциялар бўйича музокараларда ютқизиқли позицияда бўладилар. Уч ойда ўнлаб вариантлар ичида тендер қилишга вақт йўқ, нариги томонлар ҳам бу ожизликни билиб турган ҳолда музокарага кирадилар.

Бунинг устига, УЕФА яна иштирокчи клубларни судга бериш бўйича ҳам иш бошлаши мумкин. Шундоғам янги турнирнинг шунча бошоғриғи турганда, узоқ давом этадиган суд жараёнлари ҳам оёққа болта уради.

Тўртинчидан. Энг ёмони, УЕФА ФИФА билан биргаликда Суперлигада тўп сурадиган футболчиларнинг терма жамоалар сафида ўйнашларига тақиқ қўйилишидир. Бу ҳаммаси эмас, ФИФАда трансферларни қайд этадиган ричаг ҳам бор. Ташкилот истаса, қолган жамоаларга Суперлигадан трансфер қилишда чекловлар қўйиши ҳам мумкин. Қўрқмасдан айтиш мумкинки, агар иш шу даражагача борса, футбол ўлади.

Ҳа, баъзилар баскетболдаги ёки дартсдаги ёпиқ лигаларни мисол келтириши мумкин. Балки ўхшаш шартларда футбол ҳам яшаб қолишидан умид қилиш мумкиндир, лекин мен бунга қўшилмайман.

Айтингчи, телевизорни ёқдингиз, сизга умуман нотаниш бўлган икки жамоа майдонда баҳслашишяпти. Бу ўйин сизга қай даражада қизиқ бўлади? Мисол учун, шу шартларда сиз боксни, снукерни, теннисни ёки ҳатто сузиш мусобақасини қизиқиш билан кузатасиз, аммо футболни эмас.

Профессионал боксда энг муҳим ўйин олдидан бир неча бошқа жангларни ҳам бемалол томоша қила оласиз. Боксчилар сиз учун бутунлай нотаниш бўлса-да, бемалол қизиқасиз, кимгадир мухлислик қиласиз. Аммо тасаввур қилинг, жаҳон чемпионати финали олдидан, эътиборингизда битта Англия 4-лигасидан, битта икки Осиё терма жамоалари ўртасида ёки шу мақомдаги 3-4 ўйинни қўйиб беришса, қизиқиб томоша қиласизми? Йўқ, албатта.

Футбол доим ўз бэкраунди, интригаси, турнир жадвали, қўшимча маълумотлари билан жозибадордир. Маълум бир жамоани, футболчини, турнирни давомли кузамаётган бўлсангиз, алоҳида олинган ҳар қандай учрашув сизни жалб қилиши жуда мушкул иш.

Агар бутун дунё футболи компакт шаклда фаолият кўрсатмаса, бир тизимда энг яхшилар аниқланиб, дунё ва қитъа чемпионлари аниқланмаса, топ-мураббийлар томонидан футбол трендлари ва тамаддун пойдеворлари қўйиб борилмаса, мана шу барчасини бир дастурхонга тузашмаса, футболнинг ҳам қизиғи қолмайди. Ишонаверинг, 90 дақиқада баъзида бирорта ҳам гол бўлмайдиган бу ўйин алоҳида олинганда у қадар гўзал эмас.

Икки параллел оламдаги футболни тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Бу шартларда ҳар икки томонда ҳам юқори савиядаги, айниқса, катта даромад келтирадиган мусобақани шахсан мен кўз олдимга келтира олмаяпман. Табиийки, 12 клуб эгалари ҳам, ташкилотчилар ҳам зиддиятнинг бу даражага ўтиб кетишини кутишмаган. Музокаралар столига ўтириш ва ҳам УЕФА, ҳам Лигалар рози бўладиган ўрта йўл топилишидан, мана шу 12 клуб кўпроқ манфаатдордир. Энг бошидан, Суперлига фақат ва фақат УЕФА ва ФИФА билан келишилган ҳолда, ҳамкорликдагина яшай олишини тушунишарди, бунга шубҳа йўқ.

Бу албатта, УЕФА ва Лигаларнинг ғалабасини англатмайди. Энг юқорида айтилганидек, вазиятдан энг кўп ва энг тез ютқазадиганлар ҳам аввало УЕФА ва Лигалар бўлади. Топ-клублар маълум вақт яшаб туришлари мумкин, лекин бу томон янада аянчли ҳолатда қоладилар. Бирданига 12 топ-клубнинг бир масалада бу қадар қатъий ва бирликда бўлгани катта куч. Катта эҳтимол билан УЕФА музокаралар пайтида анави баёнотларидагидек кескин бўла олмайди. Баъзи масалаларда ён босиши, баъзи ўринларда кўз юмишга мажбур.

Энг муҳими, УЕФА ҳам, клублар ҳам, агар охиригача курашилса, ҳар икки томон ҳам мағлуб бўлишини тушуниб етган бўлишларидир. Ана ўшанда, қайсарликни бир четга йиғиштириб, ўрта йўл топиш осонлашади. Футбол қутқариб қолинади. 

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар