17.04.2021 15:04
4646
Англияда «Челси» - «Ман. Сити», Испанияда кубок финали, Италияда эса ЕЧЛ йўлланмалари учун кураш. Ҳафта ўйинлари анонси

Еврокубоклар икки ҳафталик танаффусга чиққач, Европа майдонларида ички чемпионат учун қизғин баҳслар старт олади. Англияда кубок финалчилари аниқланса, Италияда Чемпионлар лигаси йўлланмалари учун жуда аҳамиятли бўлган икки учрашув бор. Испанияда эса ниҳоят «Барселона» икки йиллик танаффусдан сўнг, илк совринини қўлга киритиши мумкин. 

17 апрель (шанба)
Англия кубоги. Яримфинал
ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР СИТИ

Ўйин бошланиш вақти: 21:30
Ушбу мавсумда Чемпионлар Лигаси финалида тўқнаш келиши мумкин бўлган жуфтлик учун ўзига яраша машғулот. Шунчаки, машғулот эмас, ғолибга Англия кубоги финали учун «Уэмбли»да майдонга тушиш имконияти берилади. Бу жамоалар охирги уч йилда бир мартадан ушбу соврин эгасига айланишган, ўтган йили эса «Сити» яримфиналда, «Челси» эса финалда «Арсенал»га имкониятни бой берганди. 
АПЛ турнир жадвалига қаралса, жамоалар ўртасидаги фарқ жуда каттадек, аммо ўлчовни Тухел Лондонга келган давр билан олганда, тенг кучдаги рақиблар ҳам дейиш мумкин. Ҳатто Тухел жамоаси очко йиғишда «Сити»дан қолишмади, фақат бир маротаба, бир ўйинчи кам бўлиб қолган ҳолатда мағлубиятга учради холос. 
Умуман Тухел «Челси»сининг ўйинига чуқурроқ назар ташланса, вазият яратиш борасида ҳам, ҳужумларнинг самарадорлиги жиҳатда ҳам, жамоа айнан топ рақибларга қарши яхшироқ кўринган. Тухел қачонки, рақибдан келиб чиқиб тактика танлаганида футболчилар муваффақиятлироқ тўп сура олишган. «МЮ», «Тоттенҳэм», «Атлетико», «Ливерпуль», «Эвертон»га қарши баҳсларда жамоа кўпроқ ҳужум қилган, кўпроқ хавфли вазиятлар ярата олган. Аксинча, «Лидс», «Вулвз», «Порту», «Саутҳэмптон» билан ўйинлар Тухелнинг энг ёмон ўйинлари сирасига киради, демак бугунги ўйинда «Челси»дан янада фаолроқ ўйин кутишимиз мумкин.
Таркибларда манчестерликлар сафида Агуэро яна бир неча кунга сафдан чиққан бўлса, «Челси» сафида Ковачичнинг майдонга тушиши сўроқ остида. Ҳар икки жамоа Чемпионлар Лигасида қийин ўйинлар ўтказишганини эътиборга олсак, табиийки, мураббийлар ротацияга қўл уришлари мумкин. Ва албатта, учрашувнинг энг катта интригаси – Тимо Вернер қачон гол уради? Ўтган мавсумда Бундеслига тўпурарларидан бири 2021 йилда атиги 2 гол урди ва охиргиси икки ой олдин содир бўлганди. 

17 апрель (шанба)
Испания кубоги. Финал
АТЛЕТИК – БАРСЕЛОНА

Ўйин бошланиш вақти: 00:30
Деярли ҳар мавсум бирор турнирда ғалаба қозонишга ўрганиб қолган «Барселона»нинг охирги совринига ҳам қарийб икки йил бўлди. Бунга асосий айбдор эса қизиғи, бугунги рақиб «Атлетик»дир. Бильбаоликлар ўтган йилнинг февралида, Испания кубогида «Барселона»ни курашдан чиқариб юборишган. Шу йилнинг январида эса энди Испания суперкубоги учун шиддатли баҳсда «Атлетик»нинг қўли баланд келганди – 90-дақиқада ҳисобни тенглаштирган басклар қўшимча вақтда учинчи голни ҳам уриб, суперкубокни қўлга киритишганди. 
Умуман сўнгги йилларда «Атлетик» «Барселона» учун энг ноқулай рақиблардан бири бўлиб келмоқда. Жумладан, сўнгги 8 ўзаро учрашувнинг 3 тасида бильбаоликларнинг қўли баланд келган. Шунча ўйинда «Барселона» устун келган ва икки баҳс дуранг билан якунланган. Ғолиб томон бу ўйинларда фақат минимал ҳисобда устун келганига ҳам эътибор берсак, бугун бизни анча муросасиз баҳс кутиб турганига амин бўламиз. 
«Барселона» мухлислари учун қувончли хабар, ниҳоят Ансу Фати жароҳатидан фориғ бўлди ва ушбу ўйин қайдномасидан жой олиши мумкин. Эсингизда бўлса, ёш истеъдод эгаси мавсум бошида жуда сермаҳсул ҳаракат қилиб, бир қатор муҳим голлар муаллифига айланганди. Кубок ва чемпионлик учун курашнинг сўнгги қадамларида қўшимча куч Куманга жуда асқотса керак.

18 апрель (якшанба)
Италия А Серияси. 30-тур
АТАЛАНТА – ЮВЕНТУС

Ўйин бошланиш вақти: 18:00
Ўтган йилги чемпион «Ювентус», учинчи ўрин ва Чемпионлар Лигаси чорак финалигача етиб борган «Аталанта» ушбу мавсумда фақат чемпионлик учун курашиши кутилган, лиганинг асосий фаворитлари сифатида тилга олингандилар. Аммо қарангки, 30-турга келиб, рақиблар энди Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш олиб борадилар. 
«Ювентус» ҳисобида 62, «Аталанта»да эса 61 очко бор. Мағлуб бўлган тараф шу турдаёқ бешинчи ўринга тушиб кетиш эҳтимоли мавжуд. Бундай шартлар, шунингдек, рақиблар ўртасидаги сўнгги икки ўзаро ўйин дуранг билан якунланганини ҳам эътиборга олсак, жуда шиддатли ўйин кутишга ҳақлимиз. «Ювентус» сўнгги икки турда ғалаба қозонди, «Аталанта»да эса чемпионатда 4 ўйиндан иборат ғалабали серия мавжуд. 
«Ювентус» таркибида фақат Федерико Бернардески коронавирус туфайли майдонга туша олмайди. Ўн кун олдин футболчидан вирус аниқланганди, демак унинг майдонга қайтиши бироз кейинроққа сурилиши мумкин. Мезбонлар таркибида эса Ханс Хатебур февралдан бери жароҳатда. Шунингдек, «Фиорентина»га қарши ўйинда ҳакам томонидан огоҳлантирилган етакчи ҳимоячи Кристиан Ромеро дискфалификация туфайли шерикларига ёрдам бера олмайди. 

18 апрель (якшанба)
Англия кубоги. Яримфинал
ЛЕСТЕР – САУТҲЭМПТОН

Ўйин бошланиш вақти: 22:30
Бу жуфтликда Англия кубогининг тарихий энг яхши клублари «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» ҳам бўлиши мумкин эди. «Лестер» чоракфиналда «Манчестер»ни чиқариб юборди, «Саутҳэмптон» эса илк босқичларнинг бирида амалдаги кубок соҳиби «Арсенал» устидан ғалаба қозонди. Натижада «Саутҳэмптон» 18 йилда, «Лестер» эса 52 йилда илк маротаба Англия кубоги финалига чиқишлари мумкин. Ўшанда «Саутҳэмптон» совринни қўлга киритган, «Лестер» эса ҳеч қачон ушбу кубок соҳиби бўла олмаган.

Рақибларнинг ўзаро ўйинлари ҳақида гап борганда, табиийки, 2019 йилнинг октябридаги ўйин ёдга тушади. Ўшанда Рожерс шогирдлари 9:0 ҳисобида ғалаба қозонгандилар. АПЛ биринчи даврадаги учрашувда ҳам «Лестер»нинг қўли баланд келган – 2:0. Умуман, сўнгги 16 учрашувнинг тенг ярмида «тулкилар» ғалаба қозонган бўлишса, 4 учрашув дуранг билан тугаган. «Лестер»нинг қарши ҳужумларга таянган услуби учун «Саутҳэмптон»нинг юқори прессинги тайёр ўлжадек, аммо агар футболчилар хатога йўл қўйишмаса, «Лестер» анча қийин аҳволда қолиши мумкин. Бунинг устига, Рожерс ихтиёридаги бир қатор муҳим футболчилар сафдан чиққанини ҳам эътироф этиш керак. 

Айозе Перес ва Чодурининг майдонга тушиши сўроқ остида, шунингдек, ўтган сафар ички тартибни бузгани учун Рожерс Меддисонга жазо қўллаб, таркибдан четлатганди. Бу муҳим ўйинда ҳам жазо давом этадими ёки етакчи футболчининг яримфиналда майдонга тушиши муҳимроқми, кечроқ билиб оламиз. Шунингдек, Жастин ва Барнс ҳам узоқ муддатга сафдан чиқишгани ҳам маълум. «Саутҳэмптон»га Ромеунинг йўқлиги кўпроқ билинади. Испаниялик футболчи февралда жароҳат олганидан буён жамоа фақат 2 ўйинда ғалаба қозониб, беш маротаба мағлуб бўлди.

18 апрель (якшанба)
А Серия. 31-тур
НАПОЛИ – ИНТЕР

Ўйин бошланиш вақти: 23:45
Ўн йилдан сўнг илк маротаба Италияда «Ювентус»дан бошқа жамоа чемпион бўлишига оз қолди. Қизиғи, «Ювентус»нинг мана шу ўн йиллик сериясини бошлаб берган мураббий Антонио Конте «Интер» билан бу юришга чек қўймоқда. «Ювентус»да содир бўлиши кутилган пасайиш ва авлодлар алмашинуви пайтида Конте рақобатбардош, барқарор ва тажрибали жамоа қура олди. Айниқса, «Милан» ёки «Аталанта»да етишмаган мана шу чемпионлик тажрибаси «Интер»да ҳал қилувчи ролни ўйнади. Тилга олинган жамоалар қанчалик жозибали ўйин кўрсатишмасин, «Интер» сафида турли лигаларда чемпион бўлган, шу соврин учун курашган футболчилар кўпроқ. Ҳанданович, Коларов, Янг, Видаль, Эриксен, Перишич, Ҳакими, Санчес, Лукаку каби футболчилар турли лигаларда чемпионлик мазасини тотиб кўришган. 

«Интер» А Серия якунланишига 8 тур қолганида, таъқибчилардан 11 очкога ўзиб кетган. Демак, 8 ўйиндан 5 ғалаба Конте шогирдларини мамлакат чемпионига айлантиради. Бу сўнгги юриш Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бораётган «Наполи»дан бошланади. 
«Наполи» ҳозирда 2 очколик фарқ билан Топ-4 дан ташқарида бўлса-да, яширин фаворитлардан бири бўлиши мумкин. Чунки рақиблардан фарқли равишда «Наполи» кейинги 8 турда тўғридан тўғри рақобатчисига қарши майдонга тушмайди. «Милан», «Аталанта» ва «Ювентус»нинг ўзаро ўйинлари борлигини инобатга олсак, «Наполи» ўз ўйинларида ғалаба қозониш орқали, бемалол улардан бирини қувиб ўтиш имкониятига эга. Охирги 9 ўйиндан фақат бир маротаба «Ювентус» билан ўйинда мағлубиятга учраган «Наполи» учун ўртамиёналар билан баҳслар айни муддао бўлади. 

БОШҚА ЎЙИНЛАР

17 апрель. Вольфсбург – БАВАРИЯ (18:30)

18 апрель. МИЛАН – Женоа (15:30), ПСЖ – Сент Этьен (16:00), АРСЕНАЛ – Фулҳэм (17:30),  БОРУССИЯ Д – Вердер (18:30), АТЛЕТИКО – Эйбар (19:15), МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Бёрнли (20:00), Торино – РОМА (21:00), Хетафе – РЕАЛ (23:55).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар