14.04.2021 12:43
6362
«ПСЖ» — «Бавария»: Парижнинг қасоси. Иккинчи саҳна

Чемпионлар лигасининг 1/4 финали жавоб учрашувида французлар ўз уйида немисларга ютқазишди (0:1), аммо икки ўйин натижасига кўра кейинги босқичга чиқишди.

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Жавоб ўйини
«ПСЖ» — «Бавария» — 0:1 (0:1)
Гол: Шупо-Мотинг, 40.
«ПСЖ» (Франция): Навас, Кимпембе, Диалло (Баккер, 58), Дагба, Гейе, Дракслер (Кин, 73), Данилу Перейра, Паредес, Ди Мария (Эррера, 89), Неймар, Мбаппе.
«Бавария» (Германия): Нойер, Боатенг, Алаба, Эрнандез, Павар, Киммиҳ, Мюллер, Коман, Дэйвис (Мусиала, 71), Шупо-Мотинг (Ҳави Мартинес, 85), Сане.
Огоҳлантиришлар: Алаба, 52. Дагба, 55. Мюллер, 68. Эррера, 90.
Ҳакам: Орсато (Италия).
13 апрел. Париж. «Парк де Пренс» стадиони.
Биринчи ўйин — 3:2.

Ўйиндан олдин «ПСЖ» бош мураббийи Маурисио Почеттино одатда протоколлар учун келтириладиган навбатчи сўзларни айтганди: «Майдонда ҳар нима бўлиши мумкин». Парижликлар сафардаги биринчи ўйинда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишган ва ўз майдонларида ўзларини хавфсизликда ҳис қилишлари мумкин эди, аммо ўтмиш шарпалари уларни ҳамон таъқиб қиларди. 2017 йилда клуб ЕЧЛ 1/8 финалида «Барселона»ни Парижда 4:0 ҳисобида енгиб ҳам турнирни тарк этишганди, икки йил ўтиб французлар худди шу босқичда сафардаги биринчи ўйинда «Манчестер Юнайтед»ни — 2:0 ҳисобида енгиб ҳам турнирдаги иштирокини тўхтатганди, жавоб учрашувида 1:3 ҳисобидаги мағлубият қайд этилган.

Яна икки йил ўтди, 2021 йил бошланди. «ПСЖ» 1/8 финал босқичидаги тавқи лаънатдан қутулгандек («Барса» сафарда 4:1 ҳисобида мағлуб этилди, жавоб ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилди), аммо парижликларнинг катта устунлиги ҳали ҳеч нарсани англатмаслиги давом этмоқда. «Парк де Пренс»даги жавоб ўйинидан олдин твиттердаги юмористик аккаунтда иккита оддий жавоб варианти билан сўровнома ўтказилди: парижликлар йўлида давом этадими ёки PSG do a PSG, сўзма-сўз таржимада — «ПСЖ» «ПСЖ»лигини қилади. Иккинчи вариант учун кўпроқ овоз берилди.

«ПСЖ» Мюнхендагидан яхшироқ ўйнади

Мюнхендаги ўйиндан кейин икки жамоанинг таркибдаги муаммолари янада оғирлашди. Ханс-Дитер Флик Мюнхендаги ўйинни якунлаган таркибни туширди - Алаба ва Киммих таянч зонасида (Горецканинг жароҳати туфайли), Боатенг ва Эрнандез ҳимоя марказида (Зюленинг жароҳати туфайли), Дэвис чап қанотда (Эрнандез марказга кўчгани туфайли). Шупо-Мотинг эса ҳужум марказида (Левандовски ўрнига).

Почеттино ҳам барча йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда таркиб тузишга мажбур бўлди. Дисквалификация муддатини ўтаб бўлган Паредес таянч зонасига қайтди, жароҳатидан эндигина фориғ бўлган Верратти ва Флоренци захирада қолди. Ўтган ўйинда жароҳат олган Маркиньос ўрнига Перейрани қўйишга тўғри келди. Захира футболчилари Дагба ва Диалло, ҳимоячига айлантирилган яримҳимоячи Перрейра билан ҳимоя чизиғи мезбонларнинг энг заиф жойига айланди.

«Бавария» илк дақиқаларданоқ ўтган ўйиндаги режимни ёқиб ўйнади: рақиб ҳудудиёқ кучли прессинг ва қанотдан қанотга тўп узатиб, позицион ҳужум уюштириш. Аммо ўтган йилдагидан кўра фарқлар бор эди.

Мюнхенда «ПСЖ» юқори прессингга дош бера олмай тўпни кўп йўқотганди, қарши ҳужумлар жуда кам бўлганди, позицион ҳужумлар эса деярли кузатилмаганди. Шу туфайли «Бавария» доимий босим уюштирган, кетма-кет голли вазиятлар уюштирганди. Парижда эса ўйин бутунлай бошқача бошланди.

Меҳмонлар бутун жамоа бўлиб прессингга уюштирган бўлса-да, «ПСЖ» ўзини йўқотиб қўймади: футболчилар тўпни осон йўқотишмади, ҳимоядан қисқа паслар орқали чиқишди ва Неймар ҳамда Мбаппени доимий равишда паслар билан таъминлаб туришди. 

Мюнхендаги ўйиннинг биринчи бўлимида тўпга эгалик қилиш бўйича «Бавария» 62 фоизлик устунлик кўрсатган, зарбалар бериш бўйича ҳисоб 12:2 кўринишини олганди. Парижда эса биринчи бўлимда тўпга эгалик қилиш нисбати «Бавария» фойдасига 56 фоизга 44 фоиз, зарбалар сони бўйича 3:2 бўлди.

Неймар — биринчи бўлимдаги асосий омадсиз

Бутун ўйин давомида «ПСЖ» «ПСЖ»лигини қилди. Албатта, атайлаб эмас. Биринчи бўлимда Неймар камида уч марта яққол голли вазиятни йўққа чиқарди, гоҳ устунни, гоҳ тўсинни, гоҳ Нойернинг қўлларини мўлжалга олди — балки бразилиялик футболчини айблаш керак эмасдир, балки унинг оёқлари ўтмишдаги омадсизликлар туфайли қалтирарди.

Танаффусга қадар ҳакамлар жамоаси шубҳали офсайд туфайли французларнинг ҳужумини тўхтатиб қолишди, ҳолбуки ҳакамларга вазиятнинг якунини кутиш тавсия этилган - бирор эътироз бўлса, VAR барчасини тўғрилайди. Ижтимоий тармоқлар парижликлар жамоаси мухлислари эътирозларига тўлиб кетди.

«ПСЖ» биринчи бўлимда осонлик билан ғолиб бўлиши мумкин эди — амалда эса бўлимни «Бавария» ўз фойдасига ҳал қилди. Парижликлар клубининг чиройли ҳужумлари ва зарбалари ҳеч нарса келтирмади, Шупо-Мотинг эса голга ўхшамайдиган гол урди. Аммо асосийси — ҳисобни очди.

Камерунлик футболчининг муваффақиятидан кейин «ПСЖ» футболчилари асабийлаша бошлашди. Жуда кўпчилик 2017 йилда Барселонада, 2019 йилда Парижда бўлган воқеаларни ёдга ола бошлади. Ахир энди «Бавария»га бир гол кифоя қилар ва жамоа ярим финалга чиқиши мумкин эди.

Майдон эгалари эса битта ҳам гол ура олишмади. Иккинчи бўлим бошида Ди Мариянинг заргарона пасидан кейин Неймар жуда қулай вазиятни кўкка совурди, Мбаппе яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, дарвоза тўрини титратиб гол урди ҳам — аммо ҳакам офсайд эканини кўрсатиб ҳуштак чалди. Почеттино майдон четида туриб лабларини тишларди — ахир у омадсиз романтик сифатида танилган, «Тоттенҳэм»даги фаолияти мобайнида Маурисио бирорта соврин ютмаган.

«Барселона» ва «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинларда барчаси қўшимча дақиқаларда ҳал бўлганди — ўшанда каталонияликлар ўйин охирида «ПСЖ» дарвозасига икки гол уриб, қаҳрамонлик кўрсатишган, Маркус Рэшфорд эса пенальтини аниқ ижро этганди. Бу ўйинда ҳам қўшимча дақиқалар шиддатли кечди. Парижликлар янада кўпроқ асабийлаша бошлашди ва кўплаб вазиятларни ўтказиб юборишди, «Бавария» эса ҳимоя чизиғини ҳаддан ташқари олдинга сурди. Мюнхенликлар жамоасининг деярли барча футболчилари сўнгги 20 дақиқаликда Наваснинг дарвозаси атрофида ҳаракат қилди. Аммо «ПСЖ» ҳужумларни нима қилиб бўлса ҳам қайтариб турди.

Қўшимча дақиқаларда «Бавария» ҳам голли вазият яратди, аммо Навас хавфли узатмани тўхтатиб қолиб, «ПСЖ»га керакли ҳисобни сақлаб қолди. Шу паллада «МЮ»га қарши ўша ўйинда парижликларни ҳатто Буффон ҳам қутқара олмаганини эслади. Бундан келиб чиқмоқдаки, Навас буюк итальяндан зўрроқ, бу мантиқан ҳам тўғри — Кейлор Жанлуижидан фарқли ўлароқ, «Шалпангқулоқ кубок»ни қўлга киритган.

«ПСЖ» барибир туриб берди. Ҳа, бу уйдаги мағлубият, аммо кенг олиб қараганда — бу унча катта тарихга эга бўлмаган клуб тарихидаги энг муҳим ғалабалардан бири. Енгилмас «Бавария» турнирни тарк этди, «ПСЖ» эса рақибни ҳам, ўзини ҳам енга олди. Афтидан, парижликлар чиндан ҳам ўсди ва катта ғалаба учун етилди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар