13.04.2021 20:23
3790
Питер Хюистра: «Ўйинларни ўзгача вазиятда ўтказамиз. Синовга тайёрмиз»

«Пахтакор» бош мураббийи Питер Хюистра ва ҳимоячи Егор Кримец ОЧЛ гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган «Тракторсози» билан беллашувдан аввал ўз фикрларини билдириб ўтишди.

«Барчага хайрли кун. Келаси икки ҳафта жуда тиғиз бўлади. Барчага омад тилайман. Жамоаларни 15 кун ичида 6та баҳс кутмоқда. Ҳаяжонли бўлади. Биз чемпионатни бошлагандан кейин бу ерга келдик. Умид қиламанки, синовга тайёрмиз. 

Эртага «Тракторсози»га қарши ўйин билан турнирни бошлаймиз. Эрон жамоалари ҳамиша қийин рақиб. Улар майдонда кураш олиб боришади. Техник ва тактик тарафдан яхши ўйин кўрсатишади.

Таркибимизда ўзгаришлар бўлган. Академия тарбияланувчилари ҳам ўзларини кўрсатиши мумкин. Бундай синовларга доим тайёр бўлиш керак. Ёш иқтидорлар тажрибали футболчилар билан киришиб кетишига ишонаман. Биринчи ўйин қандай ҳолатда эканимизни билиб олишга ёрдам беради. 

Ўйинларни бу сафар ҳам ўзгача вазиятда ўтказамиз. Карантин, алоҳида яшаш, Рамазон —  буларнинг барчаси вазиятни ўзгача қилади. Сўнгги уч турда ҳаммага қийин бўлса керак. Руҳий, тактик ва жисмоний жиҳатдан тайёр бўлишимиз керак. Жараён қандай бўлишини кузатиш жуда қизиқ. Жамоадаги барча синовга тайёр, охиригача курашишга шай ҳолатда», — дея Хюистранинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.

«Хайрли кун. Чемпионлар Лигасининг янги бошланаётган мавсуми билан барчани табриклайман. Эртанги рақибимизни жиддий ўргандик, беллашувга яхши тайёрландик. Ўзбекистонда мавсумни бошлашга улгурдик. Яхши ҳолатга кириб олдик, деб ўйлайман ва эртага мусобақани ғалаба билан бошлашга интиламиз», — дейди Кримец.

Маълумот учун, «Пахтакор» — «Тракторсози» ўйини эртага, 14 апрель куни Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар