13.04.2021 15:06
3343
Теглар
«Хоразм» спорт мажмуаси қачон футбол ўйинларини қабул қилади?

Урганч шаҳридаги «Хоразм» спорт мажмуаси (собиқ «Олимпия» стадиони) қарийб 6 йилдан бери ёпиқ турибди ва ҳувуллаб ётибди.

«Хоразм» спорт мажмуаси 2015 йилда «Умид ниҳоллари» мусобақаларига тайёргарлик кўриш мақсадида таъмирлашга ёпилган эди. Бироқ, режадаги ишлар якунига етказилмади, таъмирлаш учун ажратилган маблағлар талон-торож қилинди, бунга йўл қўйган амалдорлар жазоланди.

Аммо, хоразмлик футболчилар ва мухлислар ажойиб стадиондан маҳрум бўлишди.

«Хоразм» футбол клуби бу вақт мобайнида вилоятнинг бошқа стадионларида ўйнади. Ҳозирги вақтда жамоа сунъий майдонга эга «Ёшлик» ўйингоҳида футбол ўйинларини ўтказмоқда. Ушбу ўйингоҳнинг сиғими жуда кичик бўлиб, атиги 950 томошабинни сиғдира олади. Бу эса Про-лига баҳслари учун кам. «Хоразм» клубининг ҳар бир ўйинига камида 2-3 минг томошабин йиғилмоқда, бироқ, уларнинг бир қисми майдон атрофида тик турган ҳолда футбол томоша қилишга мажбур бўлмоқда. Бошқалари жой тополмай, қайтиб кетишмоқда.

«Хоразм» спорт мажмуаси фаолиятини тиклашга бир неча йиллардан буён ҳаракат қилиняпти, аммо самарасиз. Стадион маъмурияти берган маълумотга кўра, майдон чимининг тайёр ҳолатда эмаслиги бунга асосий сабаб бўляпти.

«Хоразм вилоятининг марказий ўйингоҳида таъмирлаш ишлари «Жанубгазқурилиш» АЖ томонидан тўлиқ якунланган. Стадиондаги табло, ёриткичлар, ўриндиқлар тайёр ҳолатга келтирилган. 2019 йил июнь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳомийлигида Тошкент шаҳрининг «Рита инвест» фирмаси билан Жанубий Кореянинг «Kentucky Blugrass» навли чимини экиш бўйича шартнома тузилган эди. Ҳозирги кунда футбол майдонининг 70 фоиз чими тайёр ҳолатда бўлиб, қолган 30 фоиз қисмида парваришлаш ишлари олиб борилмоқда. Чимнинг секин ўсишини мутахассислар иқлим шароити, ер ва сув билан боғлиқ эканини таъкидлашмоқда», дейилади маълумотда.

Аввалроқ, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов «Хоразм» спорт мажмуаси чими 2021 йил март ойида тайёр бўлиши, «Наврўз» байрами арафасида ўйингоҳнинг очилиши ҳақида айтган эди. Янги маълумотларга кўра, стадионнинг очилиши август ойига кўчирилган. Агар майдон чими текис униб чиқмаса, бу муддат яна узайиши мумкин. 

Нурмуҳаммад Саид

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар