08.04.2021 15:59
13361
Пенальти бор эди - Қаҳрамон Асланов Намангандаги ўйин ҳақида

Tribuna.uz журналисти Қаҳрамон Асланов Ўзбекистон Суперлигасининг 5-тури доирасида кечган «Навбаҳор» – «Пахтакор» учрашуви сўнггида меҳмонларга ғалаба келтирган пенальти борасида фикрларини билдирди. У тошкентликлар ҳужумчиси Сардор Рашидовга нисбатан жарима майдонида қўполлик ишлатилган ва ҳакам пенальти белгилаш орқали тўғри қарор чиқарган деб ҳисоблайди.

«Кечаги «Навбаҳор» – «Пахтакор» ўйинидан кейинги жанжаллар, мезбон мухлисларнинг норозилигини табиий деб билсам-да, тушуна олмайман, қўшилмайман. Ўша палладаги ҳиссиётларни тушунишга уриниш ҳам ортиқча. Аммо холис ақл билан, ўйиннинг эртасига, ҳакамнинг «Пахтакор»га ён босгани, хато қилгани, мезбонларни синдиргани ҳақидаги гаплар ўринсиз. Ҳатто президентга мурожаат қилаётган мухлислар ҳам чиқяпти. 

Умуман, пенальти ўйин охирида бўладими, бошидами, кайфиятга қай даражада таъсир қилади, бу тарзда фикрлаш хато. Ҳакам учун қоида бузилишининг борлиги ёки йўқлиги муҳим. Тўғри, статистикада сўнгги дақиқаларда пенальти белгиланиши кам. Сабаби, ўша паллада ҳакамлар янада эҳтиёткорроқ бўлишади. Хато қилинса, бу қарор ўйин тақдирини ҳал қилишини, нариги тарафда вазиятни ўнглаш, масалан, ҳисобни тенглаштиришга вақти бўлмаслигини яхши тушунишади. Шунинг учун, кўпинча, босимдан қочишади. 

Лекин кеча ВАР бор эди. Менимча, такрорий вазият кўрсатди – контакт ҳам, пенальти ҳам бор эди. Ҳакам вазиятни аниқ кўрди ва баҳолади. Ҳакам қарор беришда «Пахтакор»нинг босими остида эмасди, назаримда. Ҳозирги «Пахтакор»ни мен ҳар бир ўйинда ҳакамларга босим қиладиган бир неча йил олдингисига қиёслай олмайман. Шундоқ ҳам, бошқалардан анча кучли жамоа, Наманганда, мавсум бошида очко йўқотиш улар учун у қадар фожиа ҳам бўлмасди. 

Аксинча, «Навбаҳор» ва унинг мухлисларининг босими остида эди. Агар ҳакам пенальти белгиламаганда, назаримда, «Пахтакор» ҳеч қандай жанжал чиқармас, 1:1 ҳисобида тинчгина ўйин якунланарди. Сўнгги дақиқалардаги пенальти эса, мезбонлар томонидан катта норозиликларга сабаб бўлиши маълум эди. 

Яъни ҳакам босимга қарши бориб бўлса-да, холис қарор чиқара олди.  Бунинг учун уни мақташ керак», дейилади постда.

Учрашув якунланиб бораётган бир вақтда учрашув бош ҳаками видеотакрорлардан кейин наманганликлар дарвозаси томон пенальти белгилади. 11 метрлик жарима зарбасини Драган Черан голга айлантирди ва «шерлар»нинг ғалабасини таъминлади.

Ҳакамнинг қарори стадионга йиғилган томошабинларга ёқмади. Аввалига мухлислар ўйин тугаганидан кейин ҳакам кийиниш хонасига йўл олаётган вақтда турли буюмларни майдонга улоқтирган ҳолда ўз норозилигини билдирди.

Маълумот учун, мазкур учрашувни Фирдавс Норсафаров бошқариб борди, VAR тизимида эса Азиз Асимов ишлади.

Тартибсизликлар стадион ташқарисида ҳам давом этган, мухлислар томонидан VAR мосламалари жойлаштирилган ЎзМТРК машинаси ўраб олинган. Фургоннинг ташқи томонига шикаст етказилган ва ён ойналари синдириб юборилган. Айрим маълумотларга кўра, «Пахтакор» вакилларига тегишли автомобилларга турли буюмлар улоқтирилган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар