08.04.2021 20:37
7878
«Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашувидан кейин 7 киши жавобгарликка тортилди – Наманган вилояти ИИБ

Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси 7 апрель куни Суперлиганинг 5-тури доирасида бўлиб ўтган «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувидан (1:2) кейинги тартибсизликлар юзасидан иккинчи расмий баёнотни берди.

«Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «в», «г» бандлари бўйича жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирга қадар 6 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси, 1 нафар фуқаро эса 183- ва 194-моддалари бўйича жавобгарликка тортилди.

Хизмат мобайнида жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча идоралар шахсий таркиби орасида ҳеч қандай тан жароҳат олиш ҳолатларига йўл қўйилмади. Мутасадди идоралар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, вазият ўрганилмоқда», - дейилади Наманган вилояти ИИБ ахборотида.

Аввалроқ, Наманган вилояти ИИБ ушбу ўйиндан кейин ҳакамлар, «Пахтакор» ўйинчилари ва меҳмонлар фан-клубининг 35 нафар аъзоси назорат остида Наманган шаҳридан кузатиб қўйилгани, томошабинлар орасида фаол эътироз билдириб, бошқаларга таъсир ўтказмоқчи бўлган 2 нафар футбол ишқибози ажратиб олиниб, Давлатобод туман ИИБга олиб келингани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 15 800 нафар томошабин йиғилган Намангандаги учрашувнинг сўнгги дақиқаларида тошкентликлар жамоаси ҳужумчиси Сардор Рашидов рақиб жарима майдонида йиқитилгач, бош ҳакам Фирдавс Норсафаров VAR тизими орқали вазиятни кўриб чиқди ва пенальти белгилади. Бу қарор қабул қилиниши 5 дақиқадан ортиқроқ вақт олди. Меҳмонлар ҳужумчиси Драган Черан пенальтидан унумли фойдаланиб, жамоасига ғалаба келтирувчи голни урди.

Ўйин якунлангач, ҳакамлар ва «Пахтакор» футболчилари стадионни наманганлик мухлислар томонидан турли воситалар улоқтирилаётган ҳолатда тарк этишди. 

Шунингдек, «Навбаҳор» жамоаси мухлислари стадион ташқарисида ҳам тартибсизликлар юзага келтиришди. Ушбу жараён акс этган видео лавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар