08.04.2021 16:06
12174
Наманган вилояти ИИБ «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувидан кейинги тартибсизликлар юзасидан расмий баёнот берди

Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси 7 апрель куни Суперлиганинг 5-тури доирасида бўлиб ўтган «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувидан (1:2) кейинги тартибсизликлар юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, ҳакамлар, «Пахтакор» ўйинчилари ва меҳмонлар фан-клубининг 35 нафар аъзоси назорат остида Наманган шаҳридан кузатиб қўйилган.

«Ўйин якунлангач, эътироз билдираётган томошабинларга тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, тарқатиш чоралари кўрилди.

Ҳакам, меҳмон ўйинчилар ва «Пахтакор» фан-клубининг 35 нафар аъзоси назорат остида Наманган шаҳридан кузатиб қўйилди.

Мазкур учрашув давомида жамоат тартиби тўлиқ сақланиб, фуқаролар орасида ҳеч қандай талафот ёки тан жароҳат олиш ҳолатларига йўл қўйилмади.

Томошабинлар орасида фаол эътироз билдириб, бошқаларга таъсир ўтказмоқчи бўлган 2 нафар футбол ишқибози ажратиб олинди ва Давлатобод туман ИИБга олиб келиниб, шахсига аниқлик киритилди ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилди.

Хизмат мобайнида жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча идоралар шахсий таркиби орасида ҳеч қандай тан жароҳат олиш ҳолатларига йўл қўйилмади», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Намангандаги учрашувнинг сўнгги дақиқаларида тошкентликлар жамоаси ҳужумчиси Сардор Рашидов рақиб жарима майдонида йиқитилгач, бош ҳакам Фирдавс Норсафаров VAR тизими орқали вазиятни кўриб чиқди ва пенальти белгилади. Бу қарор қабул қилиниши 5 дақиқадан ортиқроқ вақт олди. Меҳмонлар ҳужумчиси Драган Черан пенальтидан унумли фойдаланиб, жамоасига ғалаба келтирувчи голни урди.

Ўйин якунлангач, кейин ҳакамлар ва «Пахтакор» футболчилари стадионни наманганлик мухлислар томонидан турли воситалар улоқтирилаётган ҳолатда тарк этишди. Шунингдек, «Навбаҳор» жамоаси мухлислари стадион ташқарисида ҳам тартибсизликлар юзага келтиришди. Ушбу жараён акс этган видео лавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар