07.04.2021 23:37
1988
«Мағлубиятга учраган бўлсак-да, бугунги ўйинимиздан уялмайман. Қолганини ўзингиз кўрдингиз». Виктор Жалилов «Навбаҳор»нинг аламли мағлубияти ҳақида

Суперлига 5-тури доирасидаги «Навбаҳор» - «Пахтакор» (1:2) ўйинидан кейин мезбонлар бош мураббийи Виктор Жалилов ҳакамнинг пенальти белгилаган вазияти бўйича муносабат билдиришни истамади.

«Ўйин жуда ҳам кескин руҳда ўтди, биз учун ҳам, рақиб учун ҳам оғир бўлди. «Пахтакор» бир неча йилдан буён тўп сураётган кучли таркибга эга. Улар Чемпионлар лигаси даражасидаги рақиб. Фикримча, ўйин якуни дурангга мос эди. Мағлубиятга учраган бўлсак-да, бугунги ўйинимиздан уялмайман. Ҳар ҳолда жамоа яхши ҳаракат қилди. Қолганини эса ўзларинг кўрдинглар. 

Ҳимоядаги ўзгаришлар? Фарҳод Мираҳматов чап қанот ҳимоячиси. У шу позицияда ўйнай олади. Даврон Ҳошимов эса ўнг қанот футболчиси. Унинг ўрнидаги ҳимоячимиз Хушнуд Авиловда жароҳат бор эди. 

Ҳужумчилар муаммоси фақат бизда эмас, Ўзбекистондаги барча клубда бор. Бу миллий жамоада ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Катта ўйинларда марказий ҳужумчини топа олмайсиз. Ўйин тақдирини ҳал қиладиган ҳужумчилар саноқли. 

Легионерлар? Ўйиндан кейин легионер ёки маҳаллий футболчини ажратиш мавриди эмас. У ёшми, фахрийми, мен учун майдонга тушиб, берилган вазифани бажарса бас. Талабга жавоб бера олиши муҳим. Майдонга эса машғулотда ўзини яхши кўрсатганлар тушади. Бугун мағлубиятга учрадикми, демак бизга маҳорат, совуққонлик ва омад етишмади. Хатоларни муҳокама қиламиз. Футболчи алмаштириш ўйиннинг боришига қараб амалга оширилади. Шунинг учун Тасич ўйинга қўшилди. Игорь Голбаннинг олдинда кўпроқ фойдаси тегишини инобатга олиб, уни олдинга ўтказиб, Путинчанинни орқароққа ўтказдик. Ўйин якунланди, энди хатоларни кўриб таҳлил қиламиз», - дея Виктор Романовичнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар