07.04.2021 15:30
1982
Теглар
ЕЧЛ анонси. «Челси» «Ювентус»ни хафа қилган «Порту» меҳмони

Бугун Португалия ва Германияда Чемпионлар лигасининг чорак финали доирасида яна икки учрашув бўлиб ўтади. Тошкент вақти билан соат 00:00да «Порту» - «Челси» ҳамда «Бавария» - «ПСЖ» баҳсларига старт берилади.

2004 йилда Жозе Моуриньо «Порту» билан Чемпионлар Лигасини ютгач, Абрамович уни «Челси»га таклиф қилганди. Шу билан бу икки жамоа ўртасида умумийликлар кўпайди, Жозе бир қатор шогирдларини Лондонга олиб келди ҳам. Ушбу тўқнашув чорак финал жуфтликлари орасида анча камтар кўринса-да, интрига ва қизиқарлилик борасида айнан чорак финал ҳавосини бера олишига ишончингиз комил бўлаверсин.

Томонлар шу пайтгача ЕЧЛда жами 8 марта тўқнаш келишган. Аммо асосан гуруҳ баҳсларида. Плей-офф қуръаси «Челси» ва «Порту»ни фақат бир марта, 2006/07 йилги мавсумда рўбару қилган. Ўшанда Португалиядаги ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилган, жавоб ўйинида эса меҳмонлар ҳисобни очишган ҳам эди, аммо иккинчи бўлимда Роббен ва Баллакнинг голлари инглизларни чорак финалга олиб чиққан.

Лондондаги барча 4 ўйинда «Челси» ғалаба қозона олган. Аммо Португалияда, айтиш мумкинки, доим шиддатли кураш кечган. Икки марта мезбонларнинг ғалабаси, юқорида тилга олинган дуранг ва фақат бир марта «Челси» сафардан ғалаба билан қайтган. Умуман, бу ўйинларнинг бирортасида ҳам йирик ҳисоб қайд этилмагани, 8 ўйиннинг 5тасида ғолиб фақат минимал ҳисобда ғолиб бўлгани бугунги ўйин ҳам анча шиддатли ўтишига умид беради.

«Челси» учун таниш, лекин қийин масала

«Порту» услуб жиҳатидан Симеоненинг «Атлетико»сига ўхшаб кетадиган, жуда зич футбол кўрсатадиган жамоа. Деярли бўш ҳудуд қолдиришмайди. Бундай жамоаларга қарши сабр билан ўйнаш талаб этилади», – деганди «Ювентус» бош мураббийи Андреа Пирло португалияликларга қарши илк ўйиндан сўнг.

Туриндаги жавоб ўйинида «Порту» 6 ҳимоячи билан тўп сурганида, бу ўхшашлик янада аниқ намоён бўлганди. «Атлетико» ҳам «Челси»га қарши илк ўйинда шунга ўхшаш схемада ўйнаган. Умуман олганда, бу икки жамоанинг умумий жиҳатлари кўп. Буни ҳатто ўз вақтида «Порту»дан «Атлетико» га ўтган Эктор Эррера ҳам айтиб ўтганди. Сержиу Консейсау ҳам футболчиларга интизомни биринчи планга қўяди, ўйин ташкил қилишда асосий эътиборни ҳимоя ва тўпсиз ҳаракатланишга қаратади. «Атлетико»дан фарқли равишда, «Порту»да, айниқса, ЕЧЛ чорак финалида бунга ҳаққи борлигини ҳам тан олиш лозим. Гуруҳ босқичида ўта ҳимоявий ўйиндан Пеп Гвардиола нолиганда, Сержиу ўта кескин жавоб берган – «менда ҳам Гвардиоланинг бюджети бўлиб, «Порту»ни юта олмаганимда, балки мен ҳам қаттиқ хафа бўлардим ва шунақа гапларни айтишим мумкин эди».

Аввалги босқичда «Атлетико»ни чиқариб юборган «Челси» учун балки «Порту» қулай рақибдир, аммо ҳаммаси аслида тескари бўлиши мумкин. Биринчидан, «Порту»да босим камроқ ва юқорида айтилганидек, ЕЧЛнинг энг камтар клуби бўлган жамоага ортиқча талаб ҳам бўлмайди. Португалияликлар бемалол бутун жамоа бўлиб ҳимояланишлари мумкин, бу борада «Манчестер Сити» ва «Ювентус»га қарши самарали ўйнай олишди ҳам.

Иккинчидан, «Порту» энди «Челси»нинг ожиз нуқталарини билган ҳолда майдонга тушади, ахир катта эҳтимол, Сержиу бир пайтлар «Лацио»да бирга тўп сурган дўсти Диегодан керакли маслаҳатларни ҳам олгандир. Аслида кўп маслаҳат ҳам лозим эмас. Аввалги босқичда янги мураббий қўл остида бироз сирли кўринган «Челси»нинг асосий устунликлари ва камчиликлари сўнгги ойларда кўриниб ҳам бўлди. Айниқса, Англиядаги сўнгги турда янада камтарроқ «Вест Бромвич» қарши ҳужумда «Челси»ни қандай жазолаш мумкинлиги борасида мастер класс кўрсатди.

2:5 ҳисоби лондонликларга шу қадар таъсир қилдики, айтишларича, ўйиндан кейин Аспиликуэта ва Жеймс ўртасида жанжал ҳам келиб чиққан. «Челси»га келганидан сўнг, илк марта мағлубиятга учраган Тухель нафақат ўзини, балки шогирдларини ҳам тинчлантириши, янги ўйинларга руҳан тайёрлаши талаб этилади.

Ўйин олдидан
Сержиу Консейсау
: «Мухлислар бизни бор куч билан қўллаб-қувватлаб турганликларини ҳис қиляпман. Сержиу Оливейранинг йўқлиги бизга муаммо туғдиради, лекин ишонаманки, ечимини топамиз. Тушунаман, бизни жуда мураккаб вазифа кутиб турибди. Ўйин учун бир неча режа ҳам тузиб чиқдик. Албатта, ҳаётда ҳам, футболда ҳам имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. «Челси» охирги ўйинни ютқазиб қўйди. Бундай ҳолат рақибимизни бироз ўзига келтирган ва кучлироқ қилган бўлиши мумкин».

Томас Тухел: «Бу – чорак финал ва тўрт бўлимдан иборат. Ҳар бир паллада ўз устунликларимизни тўғри ҳис қилишимиз ва бор эътиборни қаратишимиз керак. Терма жамоалар билан боғлиқ танаффус ва «Вест Бромвич»га қарши ўйиндан сўнг, яна ўз ўйинимизга қайтишимиз шарт. «Порту»ни енга олишимизга ишонаман, лекин бу осон бўлмаслиги ҳам шубҳасиз. Португалиянинг кўп карра чемпиони, анча тажрибали жамоа. Бу уларга ўзига яраша ғолиблик менталитетини ҳам беради. Аммо биз ҳам етарличи кучга эгамиз ва ўйлайманки, ҳамма ушбу муҳим ўйинга тайёр».

Таркиблар
Тухелнинг сўнгги турда аутсайдер билан ўйнагани ротация имконини берди ва қайсидир маънода ўша таркибга қараб туриб, «Порту»га қарши ўйнайдиганларни топиш мумкин. Масалан, Ҳавертц ва Маунт дам олишди (Мейсон Маунт иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилди), катта эҳтимол билан бугун ушбу ўйинчиларни кутишимиз мумкин. Шунингдек, ҳужумда охирги ўйинларда ишончни оқламаётган Вернер ўрнига Жиру тушиши кутилмоқда. Асосий таркиб футболчиларидан бири Канте эса жароҳатини даволашда давом этаётгани туфайли жамоага ёрдам бера олмайди.

Яна бир асосий савол, литераллар ролида кимлар ўйнаши. «Челси»да ҳар икки қанотда ҳам икки нафардан номзод бор ва улардан бири ҳимоявий, иккинчиси ҳужумкор характерга эга. Алонсо ва Ҳадсон Одои кўпроқ аутсайдерларга қарши тўп суришса, эҳтиёткор вариантларда Чилуэлл ва Жеймсга ишонилади.

Тухел биринчи ўйинга қай тарзда ёндашади? Ўйиннинг сафарда эканидан келиб чиқиб, эҳтиёт бўладими ёки аксинча, кўпроқ гол уриб, жавоб ўйинига қулайроқ ҳисоб ҳақида ўйлайдими? Албатта, ҳар икки қанотда ҳам бирдек ҳужумкорликни танламаса керак.

Бундан ташқари, Рюдигернинг машғулотлар чоғида Кепа билан жанжаллашиб кетгани ва Тухел томонидан жазога тортилгани ҳақида хабарлар чиқди. Футболчи кейин узр ҳам сўради. Курт Зуманинг «Вест Бромвич» билан жуда ёмон ўйин кўрсатганини инобатга олсак, катта эҳтимол билан Рюдигер кечирилади.

Мезбонлар таркибида «Ювентус»га қарши ўйин қаҳрамони Сержиу Оливейранинг йўқлиги майдон марказида катта йўқотиш бўлишини мураббий ҳам айтиб ўтди. Унинг ўрнини Груич тўлдирса керак. Шунингдек, Туриндаги ўйинда ҳисобни очган (у Португалиядаги биринчи ўйинда ҳам гол урганди) Торимий иккинчи бўлимда икки дақиқада икки марта сариқ карточка олиб, дисквалификацияга учрагани учун бугун майдонга туша олмайди.

Тахминий таркиблар:
Порту
: Марчесин, Манафа, Мбемба, Пепе, Сануси, Урибе, Груич, Корона, Отавио, Марега, Диас;
Челси: Менди, Аспиликуэта, Силва, Рюдигер, Алонсо, Жеймс, Жоржиньо, Ковачич, Маунт, Ҳавертц, Жиру.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар