06.04.2021 03:13
1235
Теглар
«Динамо» иккита дарвозабон билан ютди, украиналик легионер фаолиятида илк марта гол урди

Про-Лига 3-турида мусобақа етакчиси Самарқанднинг «Динамо» жамоаси ўз майдонида Нукуснинг «Орол» клубини қабул қилди. Кетма-кет учинчи ўйинда ҳам ғалаба қозонган «Динамо» етакчиликни сақлаб қолди. «Орол» эса 4 окчо билан 5-ўринга жойлашди.

Самарқандликлар ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилишди. Аввалига украиналик Олег Марчук дублга эришган бўлса, Темур Усмонов 41-дақиқада учинчи голни урди. Бунгача Наврўз Алимов «Орол» сафида гол урганди. Иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнаган нукусликлар яна битта гол уришди, лекин Амир Абдуразиев томонидан киритилган гол Темур Турдиев жамоасини мағлубиятдан қутқариб қола олмади.

Ўйин давомида эсда қоларли воқеалар содир бўлди. Аввалига учрашув 7 дақиқа кечикиб бошланди. Ноодатий сабабга кўра – ўйинга келиши керак бўлган тез ёрдам машинаси кечикиб келди. Бу эса Про-Лига ўйинлари ташкилотчилиги кўнгилдагидек эмаслиги ва Самарқандда футболга бўлган эътибор сустлигидан нишона.

Вилоятдаги футболга бўлган эътиборсизлик эса украиналик Олег Марчукка фаолиятидаги дастлабки икки голини уришга халақит бермади. 19 ёшида футболга кириб келган Марчук Украина биринчи дивизиони жамоаларида ўйнаб бирор марта гол урмаган экан.

Яна бир қизиқ ҳолат шуки, «Динамо» ўйин давомида икки нафар дарвозабон билан ўйнашга мажбур бўлди. Ҳаким Фузайлов иккинчи бўлимда Дилшод Ҳамроевни алмаштирди. Мураббий буни посбоннинг йўл қўйган хатолари билан изоҳлади. Захирадан ўйинга қўшилган Фарҳод Раҳматов эса ишончни оқлаб, гол ўтказиб юбормади. Шу тариқа «Динамо» яна ғалаба қозониб, етакчиликни сақлаб қолди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар