05.04.2021 11:08
4183
«Кадис» – «Валенсия» баҳси меҳмонлар ҳимоячиси Мухтор Диакабига бўлган ирқий ҳақорат туфайли 25 дақиқага тўхтаб қолди

Испания чемпионатининг 29-туридан ўрин олган «Кадис» – «Валенсия» (2:1) баҳси ирқчилик сабабли 25 дақиқага тўхтаб қолди. 

Ўйиндаги муҳим воқеа 32-дақиқада содир бўлди. Меҳмонлар ҳимоячиси Мухтор Диакаби рақиб ҳимоячиси Хуан Кала билан тортишиб қолди. Футболчилар бир-бирлари билан оғзаки жанжаллашишди.

Диакаби Каланинг ортидан қолмади. Вазиятга қолган ўйинчилар ҳам аралашишди. Франсиялик ҳимоячи тинчланмади ва сариқ карточка олди. Бунгача огоҳлантириш олиб улгурган Калага эса иккинчи сариқ карточка кўрсатилмади. 

Диакаби жуда узоқ вақт давомида ҳакам Хименесга ирқий ҳақорат бўлганини тушунтирди ва шундан сўнг Мухторнинг ҳимоядаги шериги Габриэль Паулиста «Валенсия»нинг барча футболчиларини кийиниш хонасига олиб кетди. Кала ҳакам ва Диакаби ўртасидаги суҳбатда иштирок этмади: у ўз мураббийи билан гаплашиб, жамоасининг захира ўриндиғи ёнида турди.  

Орадан 25 дақиқа ўтгач, «Валенсия» Диакабисиз майдонга қайтди. Унинг ўрнига Уго Гильямон ўйинга қўшилди. Клубнинг «твиттер»даги расмий саҳифасининг ёзишича, Мухтор шерикларидан майдонга қайтишни илтимос қилган. Футболчилар биргаликда клуб шарафи учун кураш олиб боришга қарор қилишган. 

Кала биринчи бўлимни якунлади ва танаффусдан сўнг унинг ўрнини Маркос Мауро эгаллади. Айнан Мауро 88-дақиқада жамоасига ғалаба келтирувчи голни урди. Кала эса трибунадан туриб, голни хурсандчилик билан нишонлади. 

Дарвоқе, Диакаби ўйиннинг қолган қисмини трибунадан туриб кузатди. 

«Мухтор унга нисбатан ирқий ҳақорат бўлганини айтди. 3 ёки ундан кўпроқ очко тортиб олиниши мумкинлиги айтилгани учун майдонга қайтдик. Мухтор биздан қайтишни илтимос қилди. У тушкунликка тушганди. Бу даҳшатли ҳақорат эди. Уни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», – дейди «кўршапалаклар» ҳимоячиси  Хосе Гайя Movistar'га берган интервьюсида. 

Ғалаба голи муаллифига айланган Маркос Мауро эса вазиятга изоҳ беришдан бош тортди ва фақатгина жамоадоши Каланинг ажойиб профессионал эканлигини, уни ҳурмат қилишини айтди. 

«Мен ҳам сиз гувоҳ бўлган нарсани кўрдим. Кала ҳеч кимни хафа қилмаганини айтмоқда. Мен футболчимга ишонаман. 

Вазиятга қандай муносабатда бўлишни билмасдик. Бундай ҳолат фаолиятимда биринчи бор бўлиши. Биз ҳалол жамоамиз. «Валенсия» билан нима бўлганлиги ҳақида суҳбатлашдик», – деди «Кадис» устози Алваро Сервера. 

Ўйиндан сўнг «Валенсия» 10та банддан иборат баёнот чиқарди. Уларда Диакаби қўллаб-қувватланиб, ирқчилик қораланган. Қуйида ундаги энг муҳим бандлар келтирилган: 
 
• «Диакаби жамоадошлари томонидан қўллаб-қувватланганидан фахрланамиз»

• «Расмий қарорлар қабул қилинмаганидан хафамиз»

• «Футболчилар ҳакамнинг эҳтимолий жазолар ҳақидаги огоҳлантиришидан сўнг клуб шаъни учун майдонга қайтишга қарор қилишди»

• «Бугун биз 3 очкодан ортиқроғи – футбол ва спорт руҳияти, ҳурматни йўқотдик».

Шунингдек, «Кадис» ҳам баёнот билан чиқди ва клуб ирқчиликнинг ҳар қандай кўринишини қоралашини, ким бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай шахс ирқчилик учун жазоланиши кераклигини таъкидлади. 

AS'нинг ёзишича, Movistar телеканали камералари асосий трансляцияда кўринмайдиган взаиятларни суратга олган. Ёзувлар томоша қилингач, Каланинг айтганларини лабларидан ўқиса бўлади. Тергов жараёнлари бошланиши кутилмоқда.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар