05.04.2021 15:20
4331
«Ал Ғарафа»нинг асосий кучи – легионерлар». Муҳим ўйин олдидан ОКМК спорт директори Баҳодир Мирзаев билан интервью

ОКМК жамоаси 7 апрель куни Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиқиш учун Доҳада «Ал Ғарафа» билан баҳс юритади. Tribuna.uz журналисти олмалиқликлар спорт директори Баҳодир Мирзаев билан боғланиб, жамоанинг Қатарга етиб бориши, муҳим ўйинга тайёргарлиги ҳақида суҳбатлашди.

– Баҳодир, жамоа Қатарга қачон етиб борди?

– 2 апрель куни Суперлиганинг 4-тури доирасида «Навбаҳор»га (2:1) қарши ўйин ўтказдик. 3 апрель куни тикланиш машғулотлари бўлиб ўтди ва ўша куни тунда, 4 апрелга ўтар кечаси Тошкент-Дубай-Доҳа йўналишида парвоз қилдик. 4 апрель куни тонгда Доҳага етиб келдик Пандемия бўлгани учун аэропортнинг бошқа томонига коронавирусга тест топширгани бордик. Аэропортдан чиқишимизда телефонларимизга тест жавобини билишимиз мумкин бўлган махсус дастур ўрнатиб беришди. Мана шундай жараёнлар туфайли аэропортда тахминан 4 соат қолиб кетдик.

Қатар футбол ассоциацияси карантин талабларига тўлиқ риоя қиладиган 3 меҳмонхонадан бирини танлашни таклиф қилганди. Биз «Millenium»ни танладик. 5 юлдузли меҳмонхонада биз учун алоҳида кириш йўлаги, ошхона ажратилган. Биз турадиган қаватда бегоналар йўқ.

Машғулотларни 4 апрелдан бошламоқчи эдик, лекин тест жавоблари маҳаллий вақт билан 23:00да чиқди.

– Тест натижалари қандай бўлди?

– Шукр, ҳеч кимда коронавирус аниқланмади. Таркиб жанговар ҳолатда, жароҳатланган футболчилар йўқ. Тўғри, «Навбаҳор» билан оғир ўйин ўтказдик. Парвоз ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Лекин ҳозир футболчилар оптимал ҳолатда. Кечаги машғулотлар ўтказилмагани ҳам бир томондан яхши бўлди.

 – Рақиб жамоа ҳақида нима дея оласиз? «Ал Ғарафа» қанчалик ўрганиб чиқилди?

– «Ал Ғарафа» Қатарнинг «Ас Садд» ва «Дуҳайл» клублари қаторида ОЧЛда доимий тарзда қатнашиб келади. Таркибида мексикалик, жазоирлик, ивуарлик, жанубий кореялик маҳоратли легионерлар бор. Мисол учун, Ку Чжа Чол – Жанубий Корея миллий жамоаси аъзоси, 10 йилга яқин вақт давомида Бундеслигада тўп тепган. Мураббий – сербиялик мутахассис Славица Йоканович. Умуман олганда, жамоанинг асосий кучи – легионерлар ва хорижлик мутахассислар.

«Ал Ғарафа»ни ўрганиш баҳсгача давом этади. Мураббийлар рақибнинг сўнгги 9-10 ўйини ёзилган дискларни кўриб, таҳлил қилишмоқда ва футболчиларга назарий томондан керакли кўрсатмалар беришмоқда. Рақибнинг қандай ҳимояланиши, ҳужум қилиши, стандарт вазиятлардаги ҳаракатлари ўрганиб чиқилмоқда.

– Машғулот майдонлари ва беллашув ўтказиладиган стадион қай ҳолатда?   

– Машғулотлар бугун, 5 апрелдан ФИФА талабларига жавоб берадиган «Al  Ersal 2» спорт комплексида ўтказилади. Майдонлар ажойиб ҳолатда. Ўйин эса «Қатар СК» клуби стадионида бўлиб ўтади.

– Нега «Ал Ғарафа» стадионида эмас?

– Бизга маълум қилишларича, 2022 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик  доирасида кўп стадионлар қайтадан кўриб чиқилмоқда. Айрим стадионларга янги чим ётқизилган. Ҳозирги кунда Қатарда фақат 3-4 стадион расмий ўйинлар учун тайёр. Шулардан бири «Қатар СК» ўйингоҳи экан.

Еслатиб ўтамиз, «Ал Ғарафа» – ОКМК баҳси 7 апрель куни, Тошкент вақти билан 20:20да бошланади. Миржалол Қосимов жамоаси ғалаба қозонса, ОЧЛ гуруҳ босқичига йўл олади. Мағлубиятга учраса, юришини ОФК Кубогида давом эттиради.

 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар