03.04.2021 23:23
4375
Теглар
Аҳмадалиев камарларини ўзида сақлаб қолди, Ғиёсовдан навбатдаги нокаут, Мадримовдан сальто. Ўзбекистонлик 8 боксчининг барчаси ғалаба қозонди

3 апрель куни Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да профессионал бокс оқшоми ўтказилди. Катта шоуга айланган жангларда Иқболжон Холдоров, Санжар Турсунов, Ҳасанбой Дўсматов, Миразиз Мирзахалилов, Шаҳрам Ғиёсов, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов ва Муроджон Аҳмадалиев каби номдор чармқўлқоп соҳиблари рингга кўтарилишди.

Бокс оқшомининг дастлабки жанги Иқболжон Холдоров (1-0, 1 КО) ва Кулва Бушири (13-6-1, 5 КО) ўртасида кечди. Профессионал боксдаги дебютини ўтказган ўзбекистонлик боксчи танзаниялик рақибини 2-раунддаёқ нокаутга учратди.

Шу тариқа Холдоров проф рингдаги дебютини нокаутли ғалаби билан бошлади.

Иккинчи жанг оғир вазнли боксчилар Санжар Турсунов (3-0, 1 КО) ҳамда украиналик Иван Юхта (3-2-1, 2 КО) ўртасида кечиб, тўлиқ 6 раунд давом этди. 

Дастлабки раундлар ўзбекистонлик боксчининг яққол устунлигида ўтди. Учинчи раунддан бошлаб Юхта ҳам фаолликни оширди. Бироқ Турсунов ҳар бир раундда вазиятни назорат қила олди. 

Ўзбекистон вакили очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди. Бу Санжар Турсуновнинг профессионал боксдаги кетма-кет бешинчи жангидаги 5-ғалабасига айланди.

Шундан сўнг рингга Рио-2016 олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (3-0, 3 КО) танзаниялик Муҳсин Кизотага (11-3, 5 КО) қарши жанг учун кўтарилди. 10 раундга мўлжалланган жанг вакант бўлиб турган WBA International камари учун ўтказилди.

Биринчи раундда бир марта, иккинчисида икки марта рақибини нокдаун ҳолатига туширган Дўсматов муддатидан олдин ғолибликни тантана қилди - раунд ўртасида рефери жангни тўхтатди ва техник нокаутни қайд этди.

Бу ғалаба эвазига Ҳасанбой Дўсматов WBA International камарини қўлга киритди. Ҳасанбой ҳозиргача профессионал боксда икки марта жанг ўтказиб, иккисида ҳам рақибларини нокаутга учратганди.

Тўртинчи жангда эса профессионал бокснинг оғир вазн тоифасида (+90,7 кг) ҳаракат қилиб келаётган Баҳодир Жалолов (8-0, 8 КО) латвиялик Кристапс Зуцисга (7-2-2, 7 КО) қарши рингга кўтарилди.

6 раундга мўлжалланган бу жанг ҳам муддатидан олдин якунланди. Биринчи раунд Жалоловнинг устунлигида ўтди. Иккинчи раунд бошида у кучли зарбаси билан рақибини нокдаун ҳолатига туширди. Жалолов бу вазиятдан кейин жангни давом эттиришга қарор қилган латвиялик боксчига босимни давом эттирди ва иккинчи уринишда уни нокаутга учратди.

Бу эса «Big Uzbek» лақабли Жалоловнинг профессионал боксдаги 8-жанги ва 8-нокаутига айланди.

Куннинг 5-жангида ҳаваскор боксда жаҳон ва Осиё чемпиони унвонларини қўлга киритган Миразизбек Мирзахалилов (1-0, 1 КО) дебют жангида рингга кўтарилди. Унга танзаниялик тажрибали Таша Мжуажи (17-8-2, 5 КО) рақиблик қилди. 

Ўзбекистон вакили жангни ишонч билан бошлади ва рақибини икки бор нокдаун ҳолатига туширди. Иккинчи нокдаундан кейин танзаниялик боксчи ўрнидан турмади ва Мирзахалилов фойдасига техник нокаут ёзилди.

Шундан сўнг оқшомнинг асосий жанглари бошланди. Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида иштирок этаётган Исроил Мадримов (7-0, 5 КО) конголик тажрибали боксчи Эммануэль Коломбога (14-1, 14 КО) қарши рингга кўтарилди. 10 раундга мўлжаллаган баҳс охиригача давом этди.

Дастлабки раундларда Мадримовнинг қўли баланд келди. 5-6 раундларда эса африкалик спортчи устунликни қўлига олди.

Кейинги икки раундда тенглик кузатилди, 8-раунд якунида Мадримовнинг кучли зарбасидан кейин Каломбо нокдаун ҳолатига тушди. 9 ва 10-раундлар эса ўзбекистонлик боксчи устунлигида ўтди ва жанг якунида ҳакамлар бир овоздан Мадримовнинг ғалабасини қайд этди.

Бу унинг профессионал боксдаги 7-ғалабасига айланди, конголик «Генерал» лақабли боксчи эса фаолиятида илк марта мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди. У шу вақтгача профессионал боксда 14 жанг ўтказиб, барчасида нокаут билан ғалаба қозонганди. 

Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида (-63,5 кг) Шаҳрам Ғиёсов (11-0, 9 КО) Патрисио Лопесга (28-5, 20 КО) қарши андеркард жангида рингга кўтарилди. Ўн раундга мўлжаллаган баҳснинг иккинчи раунди сўнгида мексикалик спортчи нокдаун ҳолатига туширилди. Учинчи раундда эса Шаҳрам жигар қисмига берилган зарба билан мексикалик рақибини нокаутга учратиб, жангни якунлади.

Бу ғалаба орқали Ғиёсов WBA International камарини яна бир бор ҳимоя қила олди. Бу оқшомнинг 7-жангида 7-ғалаба бўлди.

Бокс оқшомининг асосий жангида Муроджон Аҳмадалиев ўз камарларини ҳимоя қилди. Профессионал бокс бўйича иккинчи ярим енгил вазн (-55,34 кг) тоифасида WBA ва IBF камарлари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев (9-0, 7 КО) мажбурий даъвогар, япониялик Рёсуке Ивасага (27-4, 17 КО) қарши рингга кўтарилди.

12 раунд давом этиши белгиланган жангнинг 5-раундида Муроджон серияли зарбалари билан жангни ўз фойдасига ҳал қилди.

У техник нокаут эвазига ғалаба қозониб, WBA ва IBF камарларини ўзида сақлаб қолди.

Шу тариқа, Тошкентда ўтган бокс кечаси ўз ниҳоясига етди. Мусобақада рингга кўтарилган 8 нафар ўзбекистонлик боксчининг барчаси ғалабага эришди.

Иқболжон Холдоров – Кулва Бушири (Танзания) – нокаут
Санжар Турсунов – Иван Юхта (Украина) – яққол устунлик
Миразизбек Мирзахалилов – Таша Мжуажи (Танзания) – нокаут
Ҳасанбой Дўсматов – Муҳсин Кизота (Танзания) – нокаут
Баҳодир Жалолов – Кристапс Зуиц (Латвия) – нокаут
Исроил Мадримов – Эммануэль Каломбо (Конго) – яққол устунлик
Шаҳрам Ғиёсов – Патрисио Лопес Морено (Мексика) – нокаут
Муроджон Аҳмадалиев – Рёсуке Иваса (Япония) – нокаут

Бокс оқшоми якунида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти ҳамда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов боксчиларимизни ажойиб ғалабалар билан қутлашди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча AIBA президенти Умар Кремлев Ўзбекистондаги ташрифи чоғида бокс бўйича 2023 йилги жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказилишини эълон қилганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар