31.03.2021 12:46
2202
Теглар
«Бухоро» - «Олимпик» ўйини Тошкентга кўчирилди. Клуб 2019 йилдан буён ўз стадионида ўйнамаяпти

«Бухоро» футбол клуби шу йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигасига хат билан мурожаат қилган бўлиб, унда «Бухоро» спорт мажмуаси жорий йилнинг 1 апрель кунига қадар футбол учрашувлари учун тайёр бўлиши баён қилинган, дея хабар бермоқда ташкилот расмий сайти.

Шунга қарамай, «Бухоро» футбол клуби белгиланган муддатга қадар стадион масаласини ҳал қила олмади. Бунинг оқибатида «Бухоро» футбол клуби «2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти»нинг 4.2. ҳамда 4.3. бандларини ўз вақтида бажармади. 

Шундан келиб чиқиб, Про лига 3-туридан ўрин олган «Бухоро» — «Олимпик» учрашуви аввалдан белгилангани каби Бухоро шаҳрида эмас, Тошкентдаги «Жар» стадионида ўтказилади. Жамоаларнинг II даврадаги ўйинига Бухоро мезбонлик қилади. 

«Бухоро» футбол клуби «Олимпик» билан учрашув ўтадиган 6 апрель санасига қадар Регламентнинг юқорида кўрсатилган бандлари бўйича талабни бажармаса, клубнинг Про лига 5-туридан ўрин олган «Истиқлол» клубига қарши уй учрашуви ҳам Фарғона шаҳрига кўчирилади. Клуб бундай ҳолатда II давра ўйини учун ҳам Фарғонага сафар этиши бўйича огоҳлантирилди», - дейилади хабарда.

Маълумот учун, «Бухоро» клуби сўнгги марта 2019 йилнинг 30 ноябрь куни Суперлига сўнгги тури доирасида ОКМКга қарши баҳсни Бухорода ўтказганди. Ўша учрашувдан кейин ўйингоҳнинг талабга жавоб бермас чими алмаштирилиши бошланган ва 2020 йилнинг биринчи давраси якунигача тайёр ҳолатда бўлиши ваъда қилинган бўлса-да, ҳалигача майдон фойдаланишга топширилмаган. 

Эслатиб ўтамиз, «Бухоро» клуби ўтган мавсумда уй ўйинларини Муборакда ўтказган ва якунда Суперлигани тарк этганди. Жамоа бу мавсум Про лигада ҳам ўз уйида эмас, фақат сафарда тўп сурмоқда.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар