29.03.2021 21:06
2820
«Учта клуб «Нефтчи»га асосий рақиблик қилади». Илҳом Мўминжонов «Янгиер» билан ўйин ва келажакда миллий жамоада ўйнайдиган ўйинчилари ҳақида

Про лига 2-тури доирасидаги «Янгиер» - «Нефтчи» учрашувидан кейин дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов фикрларини билдирди.

«Дастлабки ғалабамиз билан жамоамизни табриклайман. Футболчилар бугун барча кўрсатмаларни аъло даражада бажаришди. Бу ғалабамизни йўлни узоқ демай, Фарғонадан келиб бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга бағишлаймиз. 

Аслида аввалги ўйинда ҳам «Олимпик»ни йирик ҳисобда ютсак бўларди, аммо дуранг қайд этдик. Ўшанда захирадан майдонга тушган ўйинчилар ҳаракатидан кўнглимиз тўлмаганди. Бугун гувоҳи бўлганларингдек, захирадан тушган футболчилар ўйинни ҳал қилишди. Шерзод Каримов иккита голли узатма берди, майдонда ўз маҳоратини кўрсатди. Умуман айтганда, асосий таркиб ва захирадан ўйинга қўшилган футболчилардан кўнглим тўлди. 

Бугунги рақибимиз «Янгиер» Самарқандда ҳам «Динамо»га қарши агрессив ўйин кўрсатганди. Биз буни ўрганиб чиққандик. Фикримча, прессинг ва тўп назоратида устунлик қилганимиз учун ғалаба қозондик.

Про лига ғолиблиги учун кимлар курашади? Имконият ҳаммада бор. Фикримча, бу борада бизга учта клуб - «Бухоро», «Динамо» ва «Олимпик» асосий рақиблик қилиб, даъвогар саналишади. Шунингдек, «Оқтепа», «Хоразм», «Истиқлол» клублари ҳам йўлланма учун кураш олиб боришни мақсад қилган.

Ҳужум чизиғидаги вакилларимиз Улуғбек Хошимов ва Руслан Розиев 18 ва 20 ёшли йигитлар. Аввалги мавсумда улар «Пахтакор» ёшлар жамоасида асосий таркиб ўйинчилари бўлишган. Йигитларда иштиёқ кучли. Бу футболчилар келажакда миллий жамоамизда тўп сура олишади», - дея «Нефтчи» бош мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz сайти мухбири.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар