23.03.2021 15:08
3180
Темур Кападзе: «Олимпик» футболчиларига Суперлига жамоаларидан таклиф тушса, қўйиб юборишга тайёрман»

Про лига 1-тури доирасидаги «Нефтчи» - «Олимпик» (0:0) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Темур Кападзе ўйиндан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Барчани мавсум бошлангани билан табриклайман. Учрашув оғир бўлишини билардик. «Нефтчи» кучли жамоа, учрашув ҳам уларнинг майдонида бўлди. Ўйиндан аввал энг хавотирга солгани – болаларнинг кўпчилигида катта футболдаги илк учрашуви эди, улар асосан ўринбосарлар таркибида ҳаракат қилишган. Тўғри, ўртоқлик учрашувлари бўлди, бироқ расмий ўйин бошқача бўлади. Футболчиларимда ҳаяжон сезилиб турди. Шу боисдан уларни руҳий тайёрлашга ҳаракат қилдим. Ўйини бошида озгина ҳаяжон сезилди, аммо кейинчалик улар рақибларидан ҳеч бир жабҳада кучсиз емасликларини кўрсатишди. Очко олганимиз яхши бўлди, умуман олганда учрашув натижаси адолатли бўлди. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба қозониши мумкин эди.

Биринчи бўлимда ҳам яхши ҳаракат қилдик, иккинчи бўлимда эса қисқа паслар билан ўйнашга ҳаракат қилдик. Бироқ тўлиқ бундай ўйнаш учун майдонинг ҳолати ҳам тўсқинлик қилди. Майдонда ҳаракатланишда муаммолар бўлди. Балки телевиденияда бу кўринмас, бироқ футболчиларга бу билинди.

Қувонарлиси, бу болаларнинг кўпи ўринбосарлар таркибидаги футболчилар эди, баъзилар эса жамоасиз эди. Улар ҳозирча Суперлига баҳслари даражасида бўлмасликлари мумкин, лекин Про лига улар учун яхши ўсиш имконини беради деб ўйлайман. Балки келаси мавсум Суперлигага чиқишни уддаласак, улар ўша ерда ўйнашар, балки бошқа жамоада ҳаракат қилишади. Нима бўлган тақдирда ҳам уларнинг ўсишга ёрдам берган бўламиз.

Aгар мавсум ўртасида футболчиларимга Суперлига жамоаларидан таклиф бўлса, иккиланмасдан уларни эркин агент қилиб қўйиб юборишга тайёрман. Сабаби бундан терма жамоа ютади. Уларнинг ўрнига яна кўплаб ёшларни кашф этишим мумкин. Ёшлар жамоаси учун қанча кўп ёш футболчи бўлса, бизга фойда бўлади. Балки Суперлиганинг захирасида ёки ўринбосарларида қолиб кетаётган футболчиларни ҳам жалб қилишимиз мумкин. Бундан нафақат биз, балки барча терма жамоалар ютади. Шу ўйинлар орқали футболчиларнинг кўникмаларини янада ошириш имконига эга бўламиз. ЎФA ва МОҚ томонидан яхши шароитлар яратилиб берилмоқда. Барча нарсалар ўз вақтида тақдим этилаяпти. Буларнинг барчаси футболчиларимизни янада ўсиш учун қилинган ишлар», - дея Кападзенинг сўзларини келтирмоқда клуб расмий сайти.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар