17.03.2021 17:44
8207
ЖЧ-2022 саралаши мезбонлиги нега Ўзбекистон эмас, Саудия Арабистонига топширилди? Азиз Ҳайдаров ОФКнинг адолатсизлиги ҳақида

2022 йил Қатарда ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш босқичида кейинги раундга ўтиш имкониятимиз бор, бироқ бу имконият гуруҳдаги асосий рақибимизникидан кўп эмас. Ҳар бир ўйин ва ҳар бир очко биз учун жуда аҳамиятли. Бирор ўйинда очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ.

Бу ўринда эса пандемия бизга панд берди – қўшимча ноқулайлик туғдирди. Хўш, нима учун ЖЧ-2022 ва ОЧ-2023 гуруҳ босқичи сўнгги ўйинлари айнан Саудия Арабистонида ўтадиган бўлди? Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий рақиби уйида, боз устига биз учун ўта ноқулай иқлим шароитида ўйнашга мажбур бўлганимиз сабаби нима? ЎФА турнир мезбонлигига даъвогарлик қилмаганмиди? Kun.uz ва Tribuna.uz мухбири бу саволлар билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси Терма жамоалар маркази раҳбари Азиз Ҳайдаровга мурожаат қилди.

 «Нима учун асосий рақибимиз майдонида ўйнашимиз керак?»

- Бизга ОФК томонидан дедлайн қўйилди. Видеоконференция алоқаси орқали илк бор қатнашдим. Кўриниб қолдики, у ерда барча Саудия Арабистонига ён босди. Аввало, тартиб бўйича келаётган навбатдаги ўйин – Яманга қарши матчни Саудия Арабистонида ўйнайсизлар, дейишди. Бунга эътироз билдирдим. Нима учун биз асосий рақибимиз майдонида ўйнашимиз керак? Нима учун Баҳрайн ё бошқа нейтрал мамлакатда эмас? Бу кимнингдир манфаатини ўйлаб қилинмаяптими? Улар эса «шошманг, бу саволга ҳали келамиз. Яман – мезбон, у истаган майдонда қабул қилади», дейишди.

Хўп, нейтрал майдон, аммо гуруҳдаги асосий рақибимиз майдонида эмас-да! Улар айтишди: «танлаш имконияти Яманда, Саудия Арабистони уларнинг барча харажатларини қоплаяпти, улар шуни маъқул топишди». Кейин биз «муаммо йўқ, у ҳолда биз шу ўйинни Тошкентда ўтказайлик, харажатларни қоплаймиз», дедик. Саудия Арабистонига бориб ўйнамаслигимизни билдирдик.

«Мезбонликнинг харажати катта бўлса-да, биз бунга рози эдик»

- Билсангиз, ОФКда кўпгина ходимлар Саудия Арабистонидан. Саудия ОФКга кўп ҳолатларда ҳомийлик қилади. Биз марказлашган турнирни ўтказиш масаласига тўхталдик. Умид қилдикки, ана шу ҳолатда имкониятимиз бўлади ва турнирни Ўзбекистонга олиб келамиз. ОФКга Яман ва Сингапурни ўз уйимизда қабул қилишга тайёрмиз, дея хат йўлладик. Аммо рад жавобини олдик. Сингапурдаги карантин ҳолатини рўкач қилишди. Шунча баҳоналар қилиб, турнир энди Саудияда ўтармиш. Қани улар айтган пандемия? Қани карантин? Нега Саудияга келганда бунга амал қилинмаяпти-ю, бизга келганда эса рухсат йўқ.

Марказлашган турнирни қабул қилишга Ўзбекистон ва Саудия Арабистони тайёр эди. Йиғилишда ОФК бу ҳақда маълум қилди. Мезбонликнинг шартлари қабул қилувчи мамлакат иштирокчиларнинг барча харажатларини қоплаши лозим. Авиачипталардан бошлаб, меҳмонхонадаги яшашигача ҳаммасини. Гарчи харажат катта бўлса-да, биз бунга рози эдик. Чунки бизга жаҳон чемпионатига йўлланма керак. Биринчидан, мухлислар катта футбол томоша қилишади, иккинчидан, трансляцияларни сотиш орқали харажатларимизни озми-кўпми қоплаш мумкин эди. Биласиз, трансляция ҳуқуқи мезбон мамлакатга берилади.

«ОФКда биз билан оз бўлса-да ҳисоблашишмади»

- ОФК қўмитаси бу борада яна йиғиламиз, деганди. Аммо кейинроқ улар Мусобақаларни ўтказиш бўлимининг 7 нафар мутахассиси билан бизни иштирокимизсиз бу ишни кўриб чиқишларини айтишди. Уларнинг 6 нафари Саудия Арабистони номзодига овоз берди, бир нафари Ўзбекистонга. Шунақа бўлиши табиий эди, ахир бу бўлимдаги 5 нафар мутахассис саудиялик. Бизда ютиб чиқишга имконият йўқ эди. Биз ОФКга йўллаган мактубларимизда ўша турнир ўтадиган вақтда Саудия Арабистони ва Ўзбекистондаги об-ҳаво шароитини ҳам келтириб ўтгандик. Шунингдек, турнирда ўйнайдиган жамоаларга ўз ўйинларидаги трансляция ҳуқуқлари, майдон чеккасидаги баннерларга ўз рекламасини жойлаштириш ҳуқуқини ҳам беришга тайёр эдик. Лекин ОФК биз билан оз бўлса-да ҳисоблашишмади.

«ОЧЛ ўйинларини ўтказишни сўрагандик, «Пахтакор» бунга тайёр эмаслигини айтди»

- Ростини айтганда, Саудия иқтисодий бақувват мамлакат. ОФКнинг кўп турнирларига ва бошқа ишларига ёрдам беради, шунинг учун ОФК улар томон пешвоз чиқди, хайрихоҳлик билдирди. Масалан, ОЧЛнинг учта гуруҳ ўйинларини Саудия қабул қиладиган бўлди. Бу ҳам ОФКга ёрдам. Биз ҳам ОЧЛ ўйинларини ўтказишни сўрагандик. Аввало, «Пахтакор»дан сўрадик. Клуб бунга тайёр эмаслигини айтди. Стадионни таъмир қилишга имконияти йўқлигини билдирди. «Пахтакор» ўйнайдиган гуруҳ ўйинлари шу ерда ўтарди.

Биз энди кейинги йилларда турли турнирларни ўзимизда ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Бу йил эса ОЧЛнинг шарқий минтақасидаги икки гуруҳ ўйинларини Ўзбекистонда ўтказишга даъвогарлик қиляпмиз. Бундан ЎФАга молиявий фойда бор. ОФК маблағ билан таъминлайди. Икки гуруҳни қабул қилсак, чамаси ҳар бир гуруҳ учун 150 мингдан, умумий 300 минг АҚШ доллари фойда қилишимиз мумкин. Иккитагина стадион етарли. Клубларга машғулот майдонлари топиш ҳам қийин эмас. Бу борада бизга рақобатчилар деярли йўқ. Агар яна ўша Саудия қўшилиб қолмаса, биз кам деганда битта гуруҳ ўйинларини шу ерда ўтказишга имкониятимиз бор.

Яна бир томони Ўзбекистонда коронавирус пандемияси масаласида бироз хавотирлар пайдо бўляпти, карантин чоралари қайтиши мумкинлиги, чекловлар бўлиши эҳтимоли борлиги ҳақида ўзингиз ҳам эшитяпсиз. Агар ҳаммаси яхши бўлиб турса, ОЧЛ шарқий минтақа гуруҳ босқичи ўйинларини қабул қила оламиз. Нима учун биз имкон қадар кўпроқ турнирларни қабул қилишга даъвогарлик қиляпмиз? Чунки бу нафақат молиявий манфаат, балки бу турнирни ўтказиш биз учун катта тажриба мактаби: кўнгиллилар, ходимлар, умуман, барча бундай турнирлар орқали мусобақаларни ўтказишда, қандай ишлаш кераклиги борасида тажриба тўплайди ва бу бизга келгусида каттароқ турнирларни қабул қилишда асқотади, - деди Азиз Ҳайдаров интервьюда.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси жой олган ЖЧ-2022 2-саралаш босқичи «D» гуруҳи ўйинлари тақвими қуйидагича кўриниш олган: 

3 июнь (пайшанба)
Саудия Арабистони – Яман 
Фаластин – Сингапур 
7 июнь (душанба)
Ўзбекистон – Сингапур 
11 июнь (жума)
Яман – Ўзбекистон 
Сингапур - Саудия Арабистони 
15 июнь (сешанба)
Саудия Арабистони – Ўзбекистон 
Фаластин – Яман.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси 5 ўйиндан кейин 9 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилаётган бўлса, Саудия Арабистони 4 ўйиндан кейин 8 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар