17.03.2021 20:25
3020
Ўзбекистон кубоги саралашида биринчиликнинг 8 клуби иштирок этади

18 март куни Ўзбекистон кубоги мусобақасининг саралаш ҳамда гуруҳ босқичи учрашувларига қуръа ташланади.

ПФЛ расмий сайтининг хабар беришича, мусобақанинг гуруҳ босқичида 24та клуб иштирок этади. Суперлига ҳамда Про лига клублари гуруҳ босқичида тўғридан-тўғри қатнашади. Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида иштирок этувчи клуб(лар) эса кубок беллашувларига 1/8 финалдан бошлаб қўшилади. Мана шу клуб(лар) бўш қолдирган гуруҳдаги ўрин(лар) учун Биринчи лиганинг 8 жамоаси саралаш босқичи орқали кураш олиб боради.

Саралаш ОКМК клубининг 7 апрель кунги халқаро ўйини натижасидан келиб чиқиб, икки ёки уч босқичда ташкил этилади. I босқич ўйинлари 28 март куни ўтказилади ва унда саккиз жамоа қуръа ёрдамида тўрт жуфтлик ҳосил қилади. Бир учрашув натижасига кўра, тўрт ғолиб клуб II босқичга йўлланмани қўлга киритади. Мазкур босқичда тўрт клуб икки жуфтлик ҳосил қилади ва ўйинлар 4 апрель куни бўлиб ўтади.

ОКМК 7 апрель куни халқаро ўйинда зафар қучса, III босқич бекор қилинади ва II босқичнинг икки ғолиб клуби “Пахтакор” ва ОКМК ўрнида гуруҳ босқичида қатнашади. ОКМК 7 апрель куни мағлуб бўлса, II босқичнинг икки ғолиби 13 апрель куни Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичининг битта йўлланмаси учун ўзаро майдонга чиқади. 

Ўзбекистон кубоги саралаш босқичида қуйидаги клублар иштирок этади: “Локомотив-БФК”, “Чиғатой”, “Рубин”, “Нефтгазмонтаж”, “Лочин”, “Зомин”, “Жомбой”, “Ғиждувон”. Биринчи лигада иштирок этувчи фарм-клублар ҳамда ҳозирга қадар белгиланган талабларни бажариш орқали Биринчи лигадаги иштирокини кафолатлаб улгурмаган клублар, кубок беллашувларига қўйилмайди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар