15.03.2021 13:22
2019
«Фақат биринчи бўлимда яхши ўйнаяпмиз». Рўзиқул Бердиев «Насаф» нега ғалаба қозона олмаётгани ва захира ўриндиғи торлиги ҳақида

Суперлига 2-тури доирасидаги «Насаф» - ОКМК (1:1) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Биз учун ҳар бир ўйиннинг масъулияти катта. Ўтган учта учрашувдан кейин қанчалик имкониятга эга эканимиз кўриниб турибди. Суперлигадаги охирги икки ўйин кўрсатдики, кучимиз борида рақибдан устунлик қилаяпмиз, яхши ўйин намойиш этаяпмиз. Кучимиз қолмаганида эса устунликни рақибга топшириб, ўйин назоратини ҳам, рақибга қаршилик қилишни ҳам қўлдан чиқараяпмиз. Буни яхши тушуниб турибмиз. «Навбаҳор» билан ўйиндан кейин озгина вақт бўлади, ўша пайт жисмоний ҳолатимизни яхшилашга интиламиз. 

Станоевичнинг алмаштирганим сабаби, кўрдинглар, унинг 70-дақиқадан кейин чарчаб қолгани билинаяпти. Мавсум олдидан Марконинг сафимизга кеч келгани таъсирини ўтказаяпти. Шу учун кўп хатолар қилмоқда. Тўғри, у етакчимиз ҳисобланади, аммо 90 дақиқа ўйнаш учун ўз даражасида бўлиши керак. 

«Пахтакор» билан ўйинда ҳам иккинчи бўлимда тажаввузкор ўйин кўрсата олмаганимиз жисмоний ҳолатимиз билан боғлиқ. Эътибор берган бўлсанглар, фақат биринчи бўлимда яхши ҳаракат қилаяпмиз. Қолаверса, захирамиз торлиги сабабли ўйинга қўшилаётган футболчилар ўйинимизни кучайтира олишмаяпти. Бу муаммо ўйинларимизга таъсир қилишини олдиндан билардик.

Шохмалик Комилов майдон марказида ўйнаши боис, ҳимоя ва ҳужумда ҳам кўпроқ ёрдам бериши керак. Аммо у кўп техник хатоларга йўл қўйди. Шу боис «Пахтакор»га гол урган бўлса-да, ҳозирча унинг ўйинидан тўлиқ қониқаётганимиз йўқ. Вазифасини бажара олмагани учун алмаштирдик.

Дилшод Раҳматуллаевнинг кетишига молиявий сабаблар бор. Афсуски, биз яхши футболчиларимиз ўрнини тўлдира олмадик. Уларнинг ўрнини захирамиздаги бор имкониятдан фойдаланамиз», - дея Рўзиқул Бердиевнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири. 

Маълумот учун, «Насаф» сўнгги 9 кун ичида – 6 март куни Суперкубокда «Пахтакор» (0:1), 10 мартда Суперлигада «Пахтакор» (2:3) ва 14 март куни ОКМКга (1:1) қарши майдонга тушиб, ҳозирча ғалаба қозона олмади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар