12.03.2021 17:08
8740
Айни муддао ёки популист? Лапорта «Барселона»да нималар қила олади?

«Барселона» президенти сайловларидан уч ҳафта олдин Жоан Лапорта, у билан клуб ҳар қандай юлдузни сотиб олишга қодир бўлишини айтганди.

«Мбаппе ёки Ҳоланд? Агар мен президент бўлсам, трансфер бозоридаги энг ёрқин юлдузни сотиб олишимиз мумкин бўлади. Мессини ҳам унутманглар, уни жамоада олиб қолиш учун жуда жозибадор ва умидбахш лойиҳани тақдим этишимиз керак», – деганди Лапорта.

Икки ҳафта олдин: «Мен президентлик пайтимда «Реал» бирор марта ҳам Чемпионлар Лигасини юта олмаган. Айнан бизнинг муваффақиятларимиз туфайли, 2006 йилда Флорентино Перес «Реал»дан истеъфога чиққанди».

Бир ҳафта олдин: «Ишончим комилки, агар сайловда мен ютмасам, Месси Барселонада қолмайди».

Агар клуб тарихи ҳақида ҳеч нарса билмасангиз, бу гапларни айтаётган одам сизга нима ҳақида гапираётганини ўйлаб ҳам ўтирмайдиган ғирт популист бўлиб кўринади. Бошқа тарафдан, агар тарихни титкиласангиз ҳам, ҳафсалангиз пир бўлиши ҳеч гап эмас.

2003 йилда Лапорта илк марта президентлик сайловларида номзод бўлди ва ўшанда унинг имконияти жуда паст эди. Ҳамма Луис Бассатнинг ғалабасини кутар, клубдаги барча муҳим фигуралардан тортиб, спорт директорлиги вазифаси ваъда қилинган Пеп Гвардиола ҳам уни қувватлаётганди. Лекин Лапорта бир гапи билан ўзига яраша «ҳайп» яратди ва сайловда катта бурилиш ясади. У «Барселона»га Дэвид Бекҳэмни олиб келишга ваъда беради ва 51 фоиз овоз билан ғолиб чиқади. Бекҳэм эса, «Реал» футболчисига айланди.

Лапорта – популист. Аммо доим ҳам бу ёмон дегани эмас. Муҳими, бу Лапортанинг ягона жиҳати бўлмаса, чидаса бўлади. Сайловда ютиш учун энг яхши дастурга эга бўлиш шартмас, ҳаммадан яхши ваъда беришни уддалашинг керак. Ундан ҳам зўри, сен аниқ ваъдалар бермасдан туриб, атрофга позитив улаша олсанг, янада яхши. Сўнгги ойларда Лапорта ўзининг ҳар интервьюсида Мессини тилга олди, гўёки овоз берувчиларга у ва Месси ўртасида яхши муносабатлар ўрнатилганини сингдириш учун. Доим Йохан Кройфф ҳақида гапирди, Каталонияда авлиё даражасидаги шахснинг ўзига боғлиқлиги ҳақида оғиз кўпиртирди, ҳатто унинг ўғли Жорди Кройффни спорт директори қилмоқчи эканини айтди. Жуда кўп марта «Барселона» 6та соврин ютган 2008/09 йиллар мавсумини ёдга солаверди – хуллас, Лапорта келажак эмас, кўпроқ тарих ҳақида гапириб, мухлисларда эмоциялар уйғота олди. Қайси ғолиб шунақа қилмаган, айтинг, нима бўлгандаям, у ютди. Энди мухлисларни қуруқ гаплар эмас, ҳақиқий ишларни кўрсатиш даври, хўш, нега «Барселона» мухлислари сайлов натижаларидан хурсанд бўлишлари керак?

Лапорта «Барселона»га нима беради?

Бартомеу дунёнинг энг яхши жамоасини мерос қилиб олган ва инерция кучига ишонди. Қолган ҳаммаси ўз-ўзидан содир бўлиб кетишидан умид қилди. Маълум вақтгача, бу иш берди ҳам, аммо кейинчалик, бузилиб кетди. Бартомеу қандай қарор қабул қиларди? Айтайлик, «Ла Масия» ёшларига имконият бериш керакми – бу ерда риск бор, рад қиламиз. Катта ёшдаги афсонавий футболчилар билан хайрлашиш ёки жамоанинг уларга бўлган боғлиқлигини камайтириш керакми? Бу ҳам яхши, аммо ўзига яраша хавотирли. Демак, воз кечамиз, балким кейинроқ. Шу тариқа, клуб бир нуқтада музлаб қолди, етакчиларнинг чўққи даражаси пасайиши туфайли эса, жамоа ҳатто ўз услубини йўқотиб қўйди.

Ана энди, клубда қатъий ва катта қарорлар керак. Шу нуқтайи назардан Лапорта айни муддао. У ҳар қанча ваъда бериши мумкин, аммо агар унинг ваъдаларига эмас, амалга оширган ишларига қарасак, у қадар ёмон эмас. Шу аниқки, Лапортанинг ўз ғояси ва муҳими, мазкур ғояни амалга ошириш учун дадил қадамлар ташлай олиш характери бор.

2008 йилда у Гвардиоланинг олдига, туғруқхонага (Пеп ўша пайтда рафиқасининг олдида эди) бориб, бош мураббийликка таклиф қилганди.

«Бунга сенинг жасоратинг етмайди», – деб жавоб берганди ўшанда Пеп Гвардиола.

Сабаби, ўша пайтда Пеп ҳали бирорта ҳам катта жамоани бошқармаган тажрибасиз мураббий, кенгаш эса, Жозе Моуриньо номзодини ёқлашга яқин турганди. Аммо Лапорта сўзининг устидан чиқди ва бир ой ўтиб, Гвардиола «Барселона» бош мураббийига айланди.

Бежизга Лапорта ўша 2008/09 йилги мавсумни ҳадеб ёдга олмаяпти, ўша улкан ютуқлар, балки футбол тарихидаги энг кучли жамоалардан бирининг пайдо бўлишида нафақат Пепнинг салоҳияти, балки Лапортанинг қатъий қарорларининг ҳам аҳамияти катта бўлганди. Ҳозирги «Барселона» учун айни муддао.

Гвардиола номзодини илгари суришда Лапорта Йоҳан Кройфф ҳамда ўша пайтдаги спорт директори Чики Бегиристайн ёрдамидан фойдаланди. Айнан Лапорта Кройффнинг клубдаги таъсирини оширган, маслаҳатчилардан бирига айлантирганди.

«Бегиристайнни спорт директори этиб тайинлаш менинг фаолиятимдаги энг тўғри қарорлардан бири бўлганди. У жуда ақлли, футболни чуқур тушунади ва ҳеч кимга ўз ишларига аралашишга изн бермайди. Бундай инсонга ишониш керак», – деб эслайди Лапорта.

Янаям муҳими, Чики ёшликдан Пеп билан яқин дўст эди. Пепнинг «Манчестер Сити»даги муваффақиятларини тилга олар эканмиз, Чикининг ҳам хизматини эътироф этиш шарт.

«Агар Чики «Челси»да ишлаётган бўлганида, менимча, мен ҳам «Челси»нинг мураббийи бўлардим», – деганди Гвардиола Манчестердаги илк кунларида.

Лапортанинг энг муҳим фазилатларидан бири шу – муҳим вазифаларга жуда мос кадрларни топиб, қўя олади. Бегиристайн ва Гвардиола номлари, бу жуфтликнинг «Барселона»да эришган ютуқлари энг ёрқин мисол.

Ҳа, Гвардиоланинг 2008 йилда «Барселона»га тайинлаш ўзига яраша жасоратли ва тўғри қарор бўлганди. Ҳа, балким, Пеп у ерда муваффақиятсиз ишлаши ҳам мумкин эди, бу қарор хато бўлиб ҳам чиқарди, аммо ҳар қандай оқибатда ҳам, анча жасоратли қарор бўлганини ҳеч қачон инкор этиб бўлмайди.

Бу каби қарорлар Лапортанинг фишкаси – 2003 йилда у «Барселона» раҳбарлигига келганида, клуб ҳақиқий хаосни бошдан кечираётганди. Мураббийлар ҳар йили алмашар, собиқ президент муддатидан олдин истеъфо берган, турли молиявий фирибгарликларнинг «иси» чиққан, қарзлар кундан кунга ошиб боар, майдонда эса, машҳур «Барселона» услубидан асар ҳам қолмаганди. Ўтган мавсумдаги «Барселона»нинг айнан ўзгинаси, шундай эмасми?

«Барселона»ни кимлар тахтга қайтаради?

Рўйхат жуда узун. Масалан, 2003 йилда мураббийликка асосий номзод сифатида Бразилия миллий жамоаси билан жаҳон чемпионатини ютган Луиш Филипе Сколари кўрилаётганди. Аммо Лапорта Кройффга қулоқ тутди, у эса, Франк Райкаардни тавсия қилди.

Ўша пайт учун Райкаарднинг ҳам тажрибаси йўқ эди. Нидерландия миллий жамоасида икки йил ва «Спарта» бошқарувидаги бир мавсум. Аммо у Каталония ёқтирадиган анъанавий услубга таянарди. Лапорта уни таклиф қилди. Бекҳэм ўрнига Роналдиньо олиб келинди.

Лапортанинг илк президентлик йилида «Барселона» етти футболчини сотиб олди, шу билан биргаликда, 13 футболчи билан хайрлашди. Катта тозалаш ишлари натижасида Хуан Рикелме, Патрик Андерсон, Франк Де Бур каби катта номлар ҳам жамоани тарк этишди. Келаси мавсум эса, Филипп Коку, Микаэль Райцигер, Патрик Клюверт ва Луис Гарсия ҳам кетди. Харидори чиқмаган футболчиларни текинга ҳам қўйиб юборишга рози бўлишди.

Клуб асосан бир ғоя билан иш кўрди: легионерлар сонини камайтириш, ўсиб келаётган салоҳиятли, келажакда қимматбаҳо активга айланадиган юлдузларнигина сотиб олиш, қолган таркибни эса, академия ёшлари билан тўлдириш. Мисол учун, дастлабки икки йилда Роналдиньодан ташқари, Людовик Жюли, Рафа Маркес ва Самуэль Это‘О олиб келинганди.

Орадан беш йил ўтиб, икки Испания чемпионлиги ва битта ЕЧЛ ғалабасидан сўнг, Райкаард жамоаси ўз циклини якунлагач, Лапорта яна бир бор авлодлар алмашинувини бошлади ва яна ёшларга таянди. Гвардиоладан ташқари, Мессига ҳам, албатта. У туфайли клуб Роналдиньодан воз кечди, Бускетс, Пике каби тажрибасиз ёшлар асосий таркибга жалб қилинди. Бу сафар ҳам ҳаммаси ўхшади, ҳатто янада муваффақиятлироқ чиқди.

Янги президентнинг лойиҳаси қанақа?

Албатта, «Барселона» – 2009 каби эртаклар доим ҳам бўлавермайди, демак, Лапортадан навбатдаги мўъжизани кутиш ҳам хато. Аммо ундан бемалол, жамоани кескин ёшартиришни кутиш мумкин. Шунингдек, «Барселона» яна ўша анъанавий усулига қайтади. Бу шунчаки, Сетьен каби мураббийлар билан шартнома тузиш орқали эмас, жиддийроқ – мос мураббийга таяниш ва унинг қарорларини амалга ошириш орқали бўлади. Бундан ташқари, ҳомийлик шартномалари бўйича ҳам кенг миқёсда иш олиб борилиши шубҳасиз.

Ҳозирданоқ, Лапорта ўз дастурида ривожлантирилиши мумкин бўлган ва тижорий фаолият олиб бориладиган 35 йўналишни қайд этди. Бундан ташқари, даромад ошгунча бўлган палла учун давлатдан қисқа муддатли кредит жалб қилиш ҳам кўзда тутилмоқда. Энг муҳими, «Камп Ноу» стадиони ва унинг атрофини реконструктура қилиш – бу пункт номзоди қўйилган барча президентларда бор эди.

Ҳа, вазият оғир, миллиардлаб қарздорлик, «шишиб кетган ведомост», нафақат асосий юлдузлар, балки захирадаги футболчиларнинг ҳам ёши ўтиб бормоқда. Бу ҳолатдан Роналд Куман энг эталон мураббий бўлган тақдирда ҳам, чиқиб кетиш осон эмас. Табиийки, бу ишлар шунчаки 35 йўналиш билан бўлмайди, худди 2003 ёки 2008 йиллардагидек, энг муҳим масалаларда энг жиддий қарорларда адашмаслиги керак. Майли, Ҳоланд ваъда берилиб, олиб келинмасин, худди аввалги даврдагидек, етти йилда 12та катта соврин ютилса, ҳаммаси кечирилади, бу аниқ.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар