10.03.2021 14:54
10734
Роналду «Ювентус»ни Чемпионлар лигасида торта олмади. Аммо муваффақиятсизлик унинг айбимас

Навбатдаги омадсизлик — клуб сиёсати оқибатидир.

Чемпионлар лигаси. 1/8 финал. Жавоб ўйини
«Ювентус» (Италия) — «Порту» (Португалия) — 3:2, қ.в. (0:1, 2:0, 1:1)
Голлар: Сержиу Оливейра, 19 — пенальти (0:1). Кьеза, 49 (1:1). Кьеза, 63 (2:1). Сержиу Оливейра, 115 (2:2). Рабьо, 117 (3:2).
«Ювентус»: Шченсни, Бонуччи (де Лигт, 75), Алекс Сандру, Мерих Демирал, Рэмси (Маккенни, 75), Рабьо, Артур (Бернардески, 102), Криштиану Роналду, Куадрадо, Мората, Кьеза (Кулушевски, 102).
«Порту»: Марчесин, Пепе, Мбемба, Манафа, Сануси (Диас, 71), Сержиу Оливейра (Диогу Лейте, 118), Отавиу (Сарр, 61), Урибе (Груич, 90), Корона (Лум, 118), Марега (Мартинес, 106), Торимий.
Огоҳлантиришлар: Отавиу, 45+2. Торимий, 52. Кьеза, 90+3. Куадрадо, 92. Сержиу Оливейра, 97. Бернардески, 103. Рабьо, 114. Мбемба, 120+2.
Четлатиш: Торимий, 54.
Судья: Кайперс (Нидерландия).
9 март. Турин. «Алльянц» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:2.

Қарийб уч йил муқаддам, 2018 йил ёзида «Ювентус»  Криштиану Роналдуни «Реала»дан 117 млн евро эвазига сотиб олганди, туринликлар португалиялик мерган ёрдамида Чемпионлар лигасида ғолиб бўлишни мақсад қилишганди. 2015 ва 2017 йиллардаги финаллардаги омадсизликлардан кейин жамоа раҳбарияти клубга муҳим ўйинларни ҳал қилувчи фигура етишмаяпти, деган қарорга келганди. Аммо, қанчалик ғалати кўринмасин, Роналду келганидан кейин «Ювентус» янада кучсизланиб, жамоанинг натижалари йилдан йилга пасайиб бормоқда. Жамоа 2018/2019 йилги мавсумда чорак финалда сенсацион равишда «Аякс»га ютқазиб турнирни тарк этди, 2019/2020 йилги мавсумда – Европа миқёсидаги бошқа бир ўртамиёна жамоа «Лиона» клубни 1/8 финалдаёқ турнирдан чиқариб юборди, бу мавсумда ҳам нимчорак финалда – яна кучли бешликдаги лигалар вакили бўлмаган «Порту»га шармандаларча мағлуб бўлинди.

«Ювентус» бош мураббийи Андреа Пирло жавоб ўйини учун ғалати схема танлади. Бу сафар туринликлар тўпга эгалик қилган ҳолда уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнашмади. Ўнг қанот тўлиқ Хуану Куадрадога берилди, чап қанотда Алекс Сандро ва Федерико Кьеза алмашиб ҳаракатланишди. Чап қанотдагилар кўпроқ марказга яқин ўйнашди. Аммо Куадрадонинг саъй-ҳаракатлари билан «кекса синьора» танаффусгача икки марта «юз фоизлик» вазият яратди: аммо «Порту»нинг аргентиналик посбони Агустин Маркесин Альваро Моратанинг қийин зарбаларини бартараф эта олди.

Умуман олганда, «Ювентус» бу сафар ҳам яхши ўйин ғоясига эга бўлмаган жамоадек кўринди. «Порту» ҳимоячилари ортига кўплаб узатмалар берилди, аммо меҳмонлар барча уринишларни осон бартараф этишди. Фақатгина Роналдунинг ва бошқа ҳужум етакчиларининг индивидуал ҳаракатларига ҳамда стандарт вазиятларга умид қилиш мумкин эди. Туринликлар тўпни йўқотгач, уни қайтариб олиш учун етарлича тажовузкорлик кўрсатишмади, еврокубок ўйинларида эса сифатли прессингсиз ғолиб бўлиш қийин. «Аждарлар» хавфли қарши ҳужумлар уюштиришди. Эронлик форвард Маҳди Торимий дастлаб тўсинни кўзлади, кейин Мерих Демирал билан тўп учун кураш вақтида йиқилиб, пенальти ишлади. Войцех Шченсни тўп йўналишини топа олмади, Сержиу Оливейра ҳисобни очди. Португаллар биринчи бўлимда рақибдан ҳар томонлама устун эди – 9:7 (аниқ зарбалар бўйича – 4:4). Роналду фақат бир марта зарба бера олди (ноаниқ), у Портудаги ўйинда 90 дақиқа давомида ҳам фақат бир бор зарба йўллаганди.

Танаффусдан кейин «Ювентус»дан ўйинни қўшимча бўлимларга ўтказиш учун камида икки гол уриш талаб этиларди. Бу мураккаб вазифа эди, Пирло жамоаси биринчи бўлимда «Порту» ҳимоясидан ўтишга қийналди (меҳмонлар сафарда гол уриб олгач, икки қаватли ҳимоя ўрнатишди). Аммо иккинчи бўлим бошида йўқ жойдан гол ўтказиб юборилди, 49-дақиқа бошланганида тўп меҳмонлар жарима майдонига ҳаволатиб узатиб берилди, Криштиану офсайдга тушмаган ҳолда тўпга етиб олди ва уни Вилсон Манафудан яширган ҳолда бироз ортга ташлаб берди, Федерико Кьеза осонлик билан дарвозани ишғол қилди. Кўп ўтмай «Ювентус» қўшимча устунликка эга бўлди. Ҳакам қоида бузилгани ҳақидаги ҳуштак чалганида Торимий тўпни узоққа тепиб юборди ва аҳмоқона тарзда майдонни тарк этди.

Энди барчаси «кекса синьора»нинг ўз қўлида эди. Италия чемпионлари иккинчи голни ҳам узоқ куттиришмади. Куадрадодан чиройли кросс, Кьезадан бош билан чиройли якун. «Порту» ҳимоячилари «Ювентус»нинг қайси футболчисидан нима кутишга тайёр эмасликлари кўриниб қолди.

Ҳисоб 2:1 эканида кросслар ва жарима майдонига узун узатмалар туринликларнинг асосий қуролига айланди. Масалан, Куадрадо Роналду учун жуда қулай имконият яратиб берди. Иккинчи бўлимда «Ювентус» жами 13 зарба берди (олтитаси – аниқ), шундан икки зарба Криштиануга тегишли эди. Лекин асосий вақтда бошқа гол урилмади. 90+3-дақиқада Куадрадонинг зарбаси ҳам тўсинга тегиб қайтгач, «Порту» қўшимча бўлимларга етиб олди.

Сўнгги ярим соат тинимсиз ҳужумлар билан ўтди. Қўшимча вақтларда икки томонга янада кўпроқ голлар урилиши, позициясини ўзгартирган ва Куадрадонинг қанотида фаол ўйнашда давом этган Кьеза четлатилиши, Роналду жароҳат олиши (у дарвозабон билан тўқнашувдан кейин елкасини ушлаб қолди) мумкин эди. «Порту» ҳам ўз ўйини билан томошабинлар симпатиясига эга бўлди. Шунингдек, икки ўйин натижасига кўра ғалабага ҳам. Сержиу Оливейра жарима зарбасини голга айлантирди, унинг ерлатиб берган зарбаси Криштианунинг оёқлари остидан ўтиб кетди.

«Ювентус» ботқоқдан чиқиб кетишга ҳаракат қилди. Адриен Рабьо бурчак зарбасидан кейин бош билан гол урди, Маттейс де Лигт айёрлик билан пенальти ишлашга ҳаракат қилди. Аммо агар бу икки ўйиндаги ҳаракатлари билан «кекса синьора» чорак финалга чиққанида адолатсизлик бўларди. Бу сафар Роналду жамоани қутқара олмади. Бундан келиб чиқмоқдаки, «Реал» юлдузи учун сарфланган пуллар бекор кетган, қаторасига учинчи мавсумдаги муваффақиятсизликдан кейин португалиялик билан шартнома узайтирилиши эҳтимоли жуда кам. 

«У шундай ўйинлар учун яратилган. Роналду ёнмоқда, у ҳордиқ чиқарди ва энди «Порту»га қарши ўйинни сабрсизлик билан кутмоқда». Бу Андреа Пирлонинг ўйиндан олдинги сўзларидан иқтибос, у «Ювентус»нинг Чемпионлар лигасидаги натижалари Криштиануга нақадар боғлиқ эканини эслатганди. Чиндан ҳам, португалиялик футболчини Туринга жамоа ниҳоят еврокубокни қўлга киритиши учун таклиф этишганди, гарчи «Кекса синьора» бундай юқори чўққига чиқишга тайёр эмаслиги билиниб турган бўлса-да, мўъжизага ва португалияликнинг даҳосига ишонч ҳамон яшаётганди.

Бу Роналдунинг даражасида нормал ҳолат. 2018-2019 йилги мавсумда Мадриддаги 0:2 ҳисобидан кейин Туриндаги жавоб ўйинида «Атлетико» дарвозасига ҳет-трик йўлланиши — «Олтин тўп»нинг беш карра соҳиби учун одатий қаҳрамонлик эди. Аммо кейинроқ Криштианунинг ўша мавсумда «Аякс»га қарши ўйинларда (1:1, 1:2) ва ўтган мавсумда «Лион»га қарши ўйинларда (0:1, 2:1) урган голлари жамоага ёрдам бера олмагани - ноодатий ҳолат эди.

Ўтган ойда «Порту»га қарши ўйингача ЕЧЛ плей-офф ўйинларида қарийб уч йил мобайнида туринликлар сафида фақат Роналду гол урди. Тақдир ҳазилини қарангки, 2018 йил апрелида айнан Криштиану ҳозирги жамоасини турнирдан чиқариб юборганди ва бир ой ўтиб «Реал» либосида «қулоқли» кубокни сўнгги бор боши узра кўтарди.

Уч йил олдинги «Драгау»даги ўйинда эса Кьеза гол урди. Бу кўп вақтдан буён португалиялик юлдузга Туринда етишмаётган ёрдамчи эди. «МЮ»да Роналдунинг ёнида Скоулз, Гиггз ва Руни бор эди. «Реал»да — Бэйл, Бензема ва Модрич унинг омади келмаган вақтларда гол уриб турарди. Туринда эса Чемпионлар лигаси ўйинлари бошланганида бўшлиқ юзага келарди. Бундай ҳолларда Криштиануда сояга ўтиш ҳуқуқи йўқ эди.

Сешанба оқшомидаги ўйинда эса Кьеза «Юве»ни ўз елкасида кейинги босқичга олиб ўтишга ҳаракат қилди, ўйиндан олдин Пирло айтганидек, эҳтимол «Порту»га қарши жавоб ўйини бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин эди. Роналду ёрқин порламаган ўйиндаги иродали ғалаба янги жамоа туғилиши учун деярли идеал сценарий бўларди.

Аммо маълум бўлдики, ҳозирда Туринда янги жамоа йўқ. Жамоанинг ҳозирги ҳолати амбицияларига мос эмас. Ва бу Роналдунинг айби эмас, унинг қайғуси шуки, галактик масштабдаги юлдузни сотиб оларкан, «Кекса синьора» босслари бошқа муҳимроқ нарсаларни унутишганди. Бошқа трансфер хатолари ҳақида кўп гапириш мумкин, масалан, Пьянич Артурга, Жоау Канселу — Данилуга алмаштирилгани.

«Барселона» Артурнинг трансфери орқали солиқчиларнинг эътирозларидан қутулди. «Манчестер Сити» ажойиб ижрочига эга бўлди, ёш футболчи Пеп Гвардиоланинг қўлида бутунлай бошқача ўйин кўрсата бошлади. Бу ўринда испаниялик мураббий эслаб ўтилгани бежиз эмас, чунки мураббийлик масаласи — туринликлар суперклубининг қулашидаги муҳим жиҳатдир.

Массимилиано Аллегрининг нимаси ёмон эди — бу саволга жавоб йўқ. Албатта, «Юве» раҳбариятида ўзига яраша сабаблар бўлганди, аммо мураббийнинг оғир характери, унинг талаблари ва раҳбарият янада жозибадор футбол исташи - натижа бўлмаган тақдирда мантиқсиздир. Лекин натижа ҳам Маурицио Саррини қутқара олмади, у бир йиллик ишдан кейин ишдан ҳайдалиши — аввалги қарор хато бўлганини тан олиш эди.

Кучли «Наполи»ни тузган мутахассис «Ювентус»га тактик томондан ҳам, руҳий томондан ҳам тўғри келмади. Фақат хатоларни тўғрилаш керак эди, мураббийликда тажрибага эга бўлмаган Пирлонинг танланиши эса уёқдан буёққа сакраётган клуб қайси томонга ҳаракатланишни билмаётганини кўрсатиб қўйди.

Бу қарорни Зидан феномени билан асослаш мумкинми? Ҳа, у феномен. Лекин француз «Реал»нинг асосий жамоасига келишдан олдин «Кастилья»ни бошқарган ва Карло Анчелоттига ёрдамчи бўлган. Яқин ўтмишдаги даҳо футболчи бўлган Пирло эса «Ювентус» ёшлар жамоасида эндигина ўн кун ўтказганди. Майдонда у ўйинни тушунишда беназир эди, аммо мураббийлик ўриндиғи ҳали Андреа учун эмасди.

Жароҳатлар ва бошқа муаммолар оқлай олмайди, жамоа захира ўриндиғида ҳам ўз салоҳиятини кўрсатишга имкон топа олмаётган сифатли ижрочилар кўп. Италия гранди билан таққослаганда мавсумни барқарор ўтказа олмаётган «Порту» эса икки ўйинда тўрт бўлимдан учтасида ҳисобда устунлик қилди, ҳатто бир киши кам бўлиб ҳам кучли рақибни қийнаб қўйди. Шундай экан, бу жуфтликда барчаси ҳаққоний натижа билан тугади, Сержиу Оливейранинг жарима зарбаси вақтидаги ҳимоя «девори» эса — ҳозирги «Ювентус»ни яққол ифодалайди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар