08.03.2021 13:12
6872
Лапорта — «Барселона»нинг янги президенти. Мессини сақлаб қолишни, Агуэрони олиб келишни ва ЕЧЛда ғолиб бўлишни ваъда қилган

Кройф ҳимоясига олган, Гвардиолага ишонч билдирган
«Барселона»даги президентлик сайловлари якунлари кутилганидек бўлди. Собиқ президент, эндиликда ёвузлик тимсолига айланган Жозеп Бартомеунинг яқин кишиларидан бўлган Тони Фрейшнинг мағлубияти муқаррар эди. Якунда 30 фоиздан ортиқроқ овоз билан иккинчи бўлган Жозе Фонт сайловолди кампанияси даврида бир муддат фаворитга айланганди, аммо кейин мулоҳазасизлик қилиб бу мавсумда барча совринларни ютган тақдирда ҳам Роналд Куманни истеъфога чиқаришни ваъда қилиб қўйди, кейин эса бутун эътиборини асосий рақибини танқид қилишга қаратди.

Бу номзодлар фонида Жоан Лапорта ажралиб турарди - бунга унинг ўтмиши ҳам сабаб эди. Маълумки, инсон хотираси салбий лаҳзаларни иккинчи планга ўтказиб, кўпроқ ёқимли лаҳзаларга эътибор қаратади. Шундай экан, ҳозирда Лапортанинг аввалги бошқаруви вақтидаги можароларни кўпчилик эсламайди - шундай можаролар доирасида ўша вақтда баскетбол йўналишига масъул бўлган Бартомеу ҳам истеъфога чиққанди. Ёки «Барса»нинг бошқа бир собиқ президенти Сандро Росселнинг Лапорта демократия ваъда қилиб, ҳақиқий шахсга сиғиниш культини ўрнатгани ҳақидаги гапларини ҳозир биров эсламайди.

Фантастик натижалар ва ўша вақтдаги 200 миллион евролик қарз масаласи ҳал қилиниши барчасини ёпиб кетарди. Чиндан ҳам, Дэвид Бекҳэмни сотиб олиш ваъдаси бажарилмаганини эслашнинг нима кераги бор, ахир «Реал»ни танлаган инглиз ўрнига «Камп Ноу»га Роналдиньо келган бўлса? «Барса» у билан кўплаб совринларни, шу жумладан, Чемпионлар лигасини ютганди, айнан Лапорта Хосеп Гвардиоланинг мураббийлик даҳосини кўра олганди ва Жозе Моуриньо номзодини рад этганди.

Қолаверса, Лапортанинг биринчи март президентликка келиши Каталония клуби учун муҳим фигура — Йохан Кройфнинг марҳамати эвазига бўлганди. Сайловлар кунига оз вақт қолганида нидерландиялик афсона ўзи кимга беҳад ишонишини айтганди. Ҳайрон қоларли жойи йўқ, ахир Лапорта кўп йиллар мобайнида Кройфнинг шахсий адвокати бўлиб ишлаган, янги лавозимида ҳам гурунинг тавсияларига амал қилиб, клуб спорт директори лавозимига Чики Бегиристайнни тайинлаган. Бу шахс эса икки бор «Барселона»да янги жамоа қура олди, кейинроқ «Манчестер Сити»да катта лойиҳани амалга оширди, Лапорта уни клубга олиб келишни президентлиги давридаги энг яхши қарори деб атаган.

Месси ва янгилар
Юрист ва сиёсатчи эканида Лапорта манёврлар қилишга усталиги ва мослашувчан эканини намоён этганди. У 2003 йилда президентликка энди сайланганида Бекҳэмни сотиб олишга ваъда қилмагани, гап фақат «Манчестер Юнайтед» билан оғзаки келишув ҳақида кетганини айтади. У ўз вақтида Бартомеуни шафқатсизлик билан танқид қилди, аммо яқинда собиқ президент полиция томонидан қўлга олинганида, бу масалада изоҳ беришда ўзини тийди. У Лео Мессининг шартномаси бўйича маълумотлар ОАВга сизиб чиққанидан кейин ҳам жамоа сардори билан янги шартнома тузилиши ҳақида гапирди, аммо сайловлар арафасида эҳтиёткорлик билан баёнотлар берди ва шов-шувларга йўл қўймади.

У шундай тасаввур уйғотдики, аргентиналик футболчи кетса ҳам ҳаёт тугаб қолмаслиги, шартномани узайтириш таклифи клубдаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда билдирилишига ишора қилди. Аммо Лапортанинг олдига қўйилган мақсадлардан бири — Мессини фаолияти охирига қадар «Барселона»да сақлаб қолиш бўлади. Энди янги президентга айланган Лапорта айтганидек, Лео унинг барча ваъдалари амалга оширилаётганини билади, пуллар эса  — энг асосий омил эмас. Клуб амбициялари ва Лапорта айтганидек, «Барса»га даромадларининг 30 фоизини келтираётган футболчи томонидан билдирилаётган ишонч ҳам муҳим. Бир неча манбаларнинг тасдиқлашича, Мессини клубда олиб қолиш учун «Манчестер Сити»дан янги шартнома олмаган ва ёзда эркин агентга айланадиган Серхио Агуэрони олиб келиш режалаштирилмоқда.

Лапорта бирор юлдуз футболчини сотиб олишни ваъда бермаган, аммо шунга ишора қилган. Аввалига феврал ойида берган интервьюсида унинг бошқарувида «Барса» бозордаги энг қизиқарли футболчилар билан шартнома имзолаши мумкинлигини айтди. Кейин — сўнгги телевизион дебатлар вақтида — кўплаб агентлар билан, шу жумладан, Мино Райола билан ҳам қалин алоқаларга эгалигини қистириб ўтди. Бир неча йил муқаддам Лапорта президент бўлса, «Камп Ноу»га Пол Погбани олиб келишини айтганди, бу сафарги сайловлар арафасида эса Райоланинг яна бир мижози бўлган Эрлинг Ҳоланд номи матбуотдан тушмай қолди.

Облигациялар, ҳомийлар ва улкан лойиҳа
Мураккаб молиявий ҳолатдан келиб чиқиб, президентликка номзодларнинг иқтисодий дастури ҳам муҳим эди, бу ҳатто Мессининг келажагидан кўра муҳимроқ масала эди. Лапортанинг инқироздан чиқиш режасида уч муҳим пункт бор.

Биринчиси — давлат ва мухлислар учун облигациялар чиқариш. Бу орқали келган маблағ қисқа муддатли қарзларни тўлашга ёрдам бериши мумкин. «Барса» уларни 2023 йилда қайта сотиб олади, қимматли қоғозлар учун сармоя киритганлар эса клубдаги қарорларга таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Кейинги иш — ҳомийлик масаласи. Бу ўринда айнан Месси муҳим, ҳозирги мавжуд келишувларнинг бир қисми аргентиналик юлдуз билан тўғридан тўғри боғлиқ. Масалан, агар у майдонга чиқмаган ўйинларда тўловлар икки баробарга камайиши мумкин. Аммо Лапорта нима бўлганда ҳам ўсиш учун катта имкониятларни кўрмоқда. Унинг талқинига кўра, клуб ҳомийлик шартномалари учун 30дан ортиқ захира пунктларига эга, агар аввалги келишувлар қайта кўриб чиқилса, уч йил ичида даромадлар 250 миллион долларга ошиши мумкин.

Espai Barca лойиҳасининг ишга туширилиши янги рекламаларни олиб келиши кутилмоқда. Бу лойиҳа клуб инфратузилмасини комплекс ривожлантиришни, «Камп Ноу» реконструкциясини, асосий арена атрофидаги ҳудудни замонавий технологиялар воситасида ривожлантиришни ва Лес Кортс ҳудуди билан интеграциялашувни кўзда тутади. Автотураргоҳлар, ресторанлар, катоклар, янги кўп функцияли саройни назарда тутади — бу улкан режанинг бир қисми, холос.

Бу лойиҳани ишлаб чиқиш Лапортанинг аввалги президентлиги даврида бошланган, 2014 йилга келиб тасдиқланган, энди эса лойиҳани амалга ошириш доирасидаги айрим ишлар бошланган. Масалан, иккинчи жамоа учун, шунингдек, ёшлар ва аёллар жамоалари учун хизмат қилувчи Йохан Кройф номидаги стадион қурилди, яна бошқа лойиҳалар ҳали олдинда. Ва бу лойиҳалар «Барса»га инқироздан чиқиш учун ҳам, яна қайтадан тикланиш учун ҳам етарли бўладиган маблағларни олиб келиши кўзда тутилган. Президент ўзининг улкан орзусини амалга ошириши ва Гвардиолани Каталония пойтахтига қайтариши жуда қийин вазифа, аммо у ўзи учун Чемпионлар лигасида ғолиб бўлишни аниқ мақсад сифатида белгилаб бўлган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар