19.02.2021 20:46
6412
«Ҳакамлар судда футболчиларга нисбатан ҳеч қандай адоватлари йўқлигини билдиришди». «Нефтчи» футболчилари суд залидан озодликка чиқарилди

 Фарғонанинг «Нефтчи» клуби икки нафар футболчиси Жамшид Тўрақулов ва Достон Тошматов бугун, 19 февраль куни озодликка чиқарилган.

 Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоевнинг Tribuna.uz мухбирига маълум қилишича, ҳар икки футболчи бугун суд залидан озодликка чиқарилиб, оиласи даврасига қайтган.

 «Ҳаммамиз учун қувончли кун бўлди»

«Бугун «Нефтчи»нинг ушбу ёш футболчилари ва уларнинг оила аъзолари, умуман, ҳаммамиз учун қувончли кун бўлди, дея оламан. Узоқ давом этган тергов жараёни, судлар якунига етиб, футболчилар ўз оилалари бағрига қайтарилди. Футболчиларнинг ота-оналари, жонкуяр мухлислар, футбол жамоатчилиги барчамиз бирдамликда ҳаракат қилдик. Суд бугун хурсанд қиладиган қарорни чиқарди. Бу масалада ЎФА ва бир қатор ташкилотларга мурожаат қилгандик, барчаси ижобий якунланишида уларнинг ҳам ҳиссаси бор. 15 февраль куни ўтган суд мажлисида Фарғонадаги ўйинни бошқарган ҳакамларимизнинг  ўзлари ҳам иштирок этиб, суд залида футболчиларга нисбатан ҳеч қандай адовати йўқлиги, уларнинг озод этилишларига қарши эмасликларини билдиришди. Бугун, 19 февраль куни эрталаб суд мажлиси бўлиб, кечга яқин суд ҳукми эълон қилиниб, футболчилар озодликка чиқарилди.

 Жамшид Тўрақулов ва Достон Тошматовга нисбатан ЎФА тартиб-интизом қўмитаси тайинлаган жазо чоралари ҳали амалда. Бу масалада ҳам мурожаат этиб, қандайдир ечим излашга ҳаракат қилиб кўрамиз. Ҳар ҳолда футболчиларнинг ўзлари ҳам хато қилганини тўлиқ англаб етишган. Бўлиб ўтган ишлардан жуда ҳам пушаймон. Улар тўғри йўлга қайтишига ишонамиз. Буёғига уларнинг тарбияси ва кейинги ҳаёти ҳақида ҳам қайғуришимиз керак», - дейди Камолиддин Мурзоев Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

 «Ўғлимиз билан бир ой кўриша олмадик, Худога шукур, оиламиз бағрига қайтди»

«Узоқ давом этган тергов ва судлардан кейин ўғлимни қўйиб юборишганидан жуда ҳам хурсандмиз», - дейди Жамшид Тўрақуловнинг отаси Лочинбек Тўрақулов қувончини яшира олмай.

 «Қарийб 40 кун терговда бўлди ўғлим. Ундан кейин иш судга оширилди. Оқибатда бир ой ўғлимиз билан кўриша олмадик. Шунча вақт Фарғонадаги «Тоштурма»да эди. 15 февраль куни биринчи суди бўлди. Бугунги суддан кейин эса шукрки, уйга ўғлимиз билан қайтдик. Хурсандчиликдан ҳамма уйимизга келяпти. Клубдагилар ҳам жойларга хат билан чиқиб, ёрдам беришди. Судда ҳам қатнашишди. Суднинг якуний ҳукмига кўра, 3 йил, 9 ойга уй қамоғида бўлади, дейишди. Яъни, кечки соат 22:00дан саҳарлаб 06:00гача ташқарига чиқиши мумкин эмас экан. Шунга қарамай, мен ҳам, онаси ҳам, қариндошлар, ҳаммамиз Жамшид бағримизга қайтганидан жуда ҳам хурсандмиз. 20 кун ичида апелляция беришимиз мумкин экан. Ҳали адвокатимиз билан яна маслаҳатлашармиз», - дейди Лочинбек Тўрақулов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

 Ҳаммаси қандай бўлган ва нима билан тугаган эди?

Фарғонанинг «Нефтчи» клуби аъзолари Жамшид Тўрақулов ва Достон Тошматов декабрь ойида Про лиганинг сўнгги тури доирасида Суперлига йўлланмаси учун кечган «Нефтчи» - «Турон» (0:1) учрашувидан кейин бошланган оммавий жанжалда иштирок этгани учун учрашувдан кейин Фарғона шаҳар Ички ишлар бошқармасига олиб кетилганди.

 Хусусан, Жамшид Тўрақулов бош ҳакам Шавкат Насибуллаевни тепиб йиқитгани учун ҳибсда сақланиб, кейинчалик ЎФА томонидан ҳам 10 йилга футболдан дисквалификация қилинганди.

 Шунингдек, клуб вакиллари Шерзод Aбдураимов, Санжар Зокиров ва Жамшид Қобулов 15 миллион сўмдан жаримага тортилган, «Нефтчи» ҳужумчиси Достон Тошматов 10та ўйинга дисквалификация қилинганди. «Нефтчи» клуби эса 100 миллион сўм жаримага тортилди ва 3та ўйинни мухлиссиз ўтказиши эълон қилинганди.

Охир-оқибат, клуб бош мураббийи Абдусамад Дўрмонов лавозимидан озод этилиб, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров таклифига кўра Илҳом Мўминжонов «Нефтчи» бош мураббийи сифатида таништирилиб, унинг олдига клубни Про лигадан Суперлигага олиб чиқиш вазифаси қўйилганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар