03.02.2021 11:49
8312
Месси «Барселона»дан барибир кетадими? Ярим миллиардлик шартнома оқибатлари

Месси ва «Барселона» ўртасидаги ярим миллиардлик шартномани очиқлаган El Mundo футбол оламида катта «бомбани портлатди». Дам олиш кунларида тарқалган шов-шув 2017 йилнинг ноябрида Месси клуб билан имзолаган шартнома ҳақида бўлиб, бу келишувга кўра, футболчи 2021 йилнинг июнь ойигача 555 миллион евро олиши белгиланган. Шундан 138 миллион евро – маош (бонуслар билан биргаликда), 115 миллион евро – янги шартномага имзо қўйгани учун мукофот пули ва яна агар шартнома якунигача у «Камп Ноу»ни тарк этмаса, садоқат учун яна 78 миллион евро.

Рақамлар анча умумлаштирилган, масалан, солиқлар ушлаб қолиниши ҳам бор, аммо бу картинани ўзгартирмайди. Бу сумманинг ҳаммаси Мессига етиб бормаса-да, яқинда 1,2 миллиард қарзи борлигини эълон қилган «Барселона»нинг чўнтагидан чиқади. Goldman Sachs каби компанияларга бўлган кредитлардан ташқари, клуб «Ливерпуль» ва «Аякс»га Коутиньо ва Френки Де Йонг учун трансфер суммасини тўлаб қўйиши ҳам керак.

Бу хабарнинг ошкор этилиши вақти ҳам айни муддао. Пандемия туфайли президент сайловларининг кечикиши, клубнинг иқтисодий таназзулга учраётгани ҳақидаги фактлар билан биргаликда, мана шу шартнома оммага чиқиб кетди.

Мarca нашри шартноманинг чиқиб кетиши собиқ президент Бартомеу ёки собиқ бош директор Грау, балки ҳатто вақтинчалик комиссия раиси Тускетс бўлиши мумкинлигини ёзди. Аммо аслида бу воқеага номзодлар ҳам дахлдор бўлиш эҳтимоли мавжуд.

Улар уч киши – Лапорта, Фонт ва Фрейша. Уларнинг қайси бири якунда ғолиб чиқса ҳам, клубни иқтисодий инқироздан қутқаришдан ташқари, Месси билан янги шартнома борасида оғир музокараларни ўтказиши керак бўлади. «Камп Ноу»да бошқа вариант кўриб чиқилмаяпти ҳам. Яъни на Лапорта, на Фонт ва на Фрейша сайловолди дастурларида Мессини клубни тарк этиши эҳтимолини айтишга қўрқиб турибди. Мессисиз йўлда давом этиш ғояси ўта таҳликали бўлиб, бундай режани биринчи бўлиб тилга олган номзод, табиийки, мағлубиятга учрайди.

Мана шу тарафдан, юқоридаги шартнома улардан қисман босимни олиб ташлайди. Мабодо, Лео барибир ҳам кетишни ихтиёр этса, янги президент камроқ танқидга учрайди ва ҳаммасини қайтадан бошлаш имкониятига эга бўлади. Месси билан келиша олмаслик, қимматбаҳо шартнома ва иқтисодий инқироз фонида мантиқли кўринади. Мухлислар ҳам ҳатто тушунишлари мумкин бўлади.

Шу нуқтайи назардан, Мессининг йирик шартномасини очиқлаш, ўша шартномани тузган собиқлардан кўра, янги шартнома бўйича келишиш шарт қилинаётган янгиларнинг манфаатига кўпроқ ишлайдигандек туюлмоқда.

Мессининг кетиши, айниқса, ўша шартнома ошкор қилингач, янада ҳақиқатга яқинлашди, чунки, футболчи клуб ичидаги «душман»дан, айниқса, Месси катта пул учун ўйнайдиган инсон сифатида намоён қилингач, нафратланади, клубда қолиш фикридан янада узоқлашади. Айнан мана шу образнинг пайдо қилингани Мессининг кўпроқ жаҳлини чиқармоқда ва у охиригача судлашишга тайёрлигини билдирди.

Қизиғи, шартнома шартлари ҳақидаги инсайд чиқишидан бир неча соат олдин, худди шу газета Леодан иқтибос келтирганди – «Тўғри, пуллар яхшироқ яшаш учун шароит яратади, аммо мен учун асосийси бу эмас. Мени кўпроқ «Барселона»да ўйнаш ва совринларни ютиш тўлқинлантиради».

Албатта, Мессининг иккиюзламачи эканига ишониш қийин, бу сўзлар ҳам чин кўнгилдан айтилганига шубҳа йўқ. Лекин ярим миллиардлик шартнома ошкор бўлар экан, клуб рамзи, тарихдаги энг буюк футболчи каби баҳолар ярашмай қолаётгандек туюлаверади.

Мессини оқлаш учун ҳам асослар етарли. Молиявий томондан олиб қараганда ҳам, айнан Лео «Барселона»нинг медиа оламида жозибадор қилувчи муҳим фигура ҳисобланади. Майдондаги натижалар, клубнинг янги шонли тарихи айнан Месси атрофида яратилгани ҳам катта факт. Содда қилиб айтганда, Лео клубга ўша шартномада кўрсатилган суммалардан бирмунча кўпроқ пул ишлаб берди, тўғри. Аммо яна савол туғилади, футболчига бўлган меҳримизни бир четга суриб ўйлаб кўрсак, буларнинг ҳаммаси унга клуб иқтисодини хавф остига қўйиш ҳаққини берадими?

Бир нарса шубҳасиз – Месси «Барселона»дан каттароқ бўлиши мумкин эмас. Лекин бу шартномани бажараман деб, клубнинг баъзи футболчиларни сотишга мажбур бўлиши, маошларни қирқиш ва режаларидан четга чиқиши, бунинг аксини исботлаётгандек. Шундай туюладики, агар «Барселона» бошқарувида Флорентино Перес ёки унга ўхшаган одам бўлганида, Лео аллақачон «ПСЖ» ёки «Манчестер Сити»га кетган бўларди. Пересни Роналду, Йерро ёки Касильяснинг сотиб юборилишида ҳар қанча ёмон кўришимиз мумкин, лекин доим клуб манфаатларини юқори қўйиб келган.

Шу томондан олганда, El Mundo журналистлари бироз ноҳақ. Йўқ, «Барселона»да иқтисодий инқирозни Месси келтириб чиқармаяпти, балки клуб манфаатларини бир футболчидан пасайтириб юборган Бартомеу, Грау ёки Тускетс каби шахсиятларнинг айби каттароқдир. 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар