Баҳодир Аҳмедов: «Аргентина — жуда сабрли жамоа. Ўйинчилари индивидуал жиҳатдан кучли»

2-3 февраль кунлари Тошкентда футзал бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина миллий жамоасига қарши ўртоқлик ўйинларини ўтказади.

1 февраль куни Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасида ўйинолди матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон футзал миллий жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Аввало, жаҳон чемпионига қарши баҳсни ташкиллаштириб бергани учун ЎФАга раҳмат. Бу ўйинга жуда яхши тайёргарлик кўрдик. Ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз. 

Аргентина — жуда сабрли жамоа. Ўйинни назорат қилади. Ҳеч қачон шошмайди. Рақибнинг Бразилияга қарши ўйинини кўриб чиқдим. Ҳар бир футзалчиси индивидуал жиҳатдан кучли. Дарвозабонига гол уриш жуда ҳам қийин. 

Ҳозирги таркиб билан жаҳон чемпионатида ўйнаган таркибнинг фарқи шуки, бугунги жамоа ёшлардан ташкил топган. Жаҳон чемпионатида ўйнаган жамоада ўрта ёшдан юқори футзалчилар кўп эди. Ўша таркибдан фақат 4 ўйинчи қолган. Тажриба ҳам керак. Лекин бугунги кучимиз — ёшлар. Бўлажак баҳсларда уларга имконият берамиз. Мана шундай ўйинларда ёш йигитлар ўсишади.

Дарвозабонлар? «Локомотив» ва
«Металлург»да ёш, иқтидорли посбонларимиз бор. Улардан кўнглим тўқ. Рустам Умаров ёшларга ўз тажрибаси билан ёрдам беряпти», — дея Аҳмедовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Аргентина футзал миллий жамоалари ўртасидаги ўртоқлик баҳслари  «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Беллашувлар 18:30да бошланади.

Суратлар муаллифи — Ҳасан Пирмуҳаммедов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар