28.01.2021 18:00
3715
Эдегор «Арсенал»га ўтди. У клубни АПЛ элитасига қайтара оладими?

Мартин Эдегор ортиқча шов-шувларсиз «Арсенал»га ўтди. El Chiringuito манбаси маълумотига кўра, у Испания кубоги нимчорак финалида «Алькояно»га қарши ўйинда (1:2) заявкадан ўрин олмагач, Мадриддан кетиш ҳақида қарор қабул қилган. У раҳбариятдан зудлик билан ўзини бошқа клубга қўйиб юборишни талаб қилган. Таниқли инсайдер Фабрицио Романо музокаралардаги ҳал қилувчи ролни лондонликлар бош мураббийи Микел Артетанинг қўнғироғи ҳал қилгани ҳақида ёзган. The Times маълумотига кўра, «канонирлар» ушбу норвегиялик футболчининг ярим йиллик ижараси учун 2,5 миллион фунт стерлинг тўлайди. 

Эдегор ким?
Эдегор 15 ёшидаёқ Норвегия чемпионатида илк ўйинини ўтказиб, тилга тушганди. Дебют аввалроқ ҳам рўй бериши мумкин эди, аммо лига регламенти бунга йўл қўймаган. Ўша ёшда у Норвегия миллий терма жамоасида майдонга тушган энг ёш футболчи бўлганди. 16 ёшида у мадридликлар клуби сафига бу ёшдаги футболчилар учун рекорд нархда - 3 млн евро эвазига келиб қўшилган ҳамда «Реал» тарихида ҳам энг ёш дебютант бўлганди. Демак, у 22 ёшда бўлса-да, «Арсенал»га тажрибали футболчи сифатида келмоқда 

Эдегорнинг «Арсенал»га келиши клуб Ўзилдан қутулиши билан рўй бермоқда. Германиялик яримҳимоячи Англия чемпионатининг бу мавсуми учун заявка ҳам қилинмаганди. Артета ўтган мавсумда ундан фойдаланишга ҳаракат қилган, аммо футболчининг клуб раҳбарияти билан муаммолари унга аввалгидек ўйнаб кетиш имконини бермаганди. Мураббийга у каби футболчи барибир керак бўлди.

«Арсенал»да бу мавсумда плеймейкер етишмаслиги туфайли ҳужум чизиғида, айниқса мавсум стартида жиддий муаммолар юзага келди. Бир ярим ой муқаддам «Арсенал» урилган голлар сони бўйича лиганинг 16-жамоаси эди, аммо ҳозирга келиб вазият бироз ўнгланган. Берилган зарбалар сони бўйича – 11-ўрин, аниқ зарбалар сони бўйича – 13-ўрин. Бу ғариб натижалар юқори савияли ҳужумчилар – Обамеянг, Ляказетт, Виллиан, Пепе ва бошқалар жамланган ҳолатда қайд этилган.

Эдегор ҳақида нималар дейишмоқда?
TalkSport эксперти Арнольд Кларкнинг ҳисоблашича, айнан Эдегор вазиятни ўнглаши ва жамоада Ўзил қилиши керак бўлган ишни қилиши мумкин: «У [Эдегор] — Месут Ўзил типидаги футболчи, плеймейкер, «ўнлик». У Обамеянг ва Ляказеттни аниқ паслар билан таъминлаб туриши мумкин». 

Норвегиялик футболчининг «Витесс»даги статистикаси ҳам шундан далолат беради. 2018-19 йилларда нидерландлар клубида ўтказилган ижара мавсумида у 9 гол уриб, 13 голли узатма муаллифи бўлган, ҳар ўйинда ўртача 3,5 марта ҳал қилувчи узатма берганди. Кейинги мавсумни «Реал Сосьедад»да ўтказган футболчи жамоа етакчиларидан бирига айланди, голлар ва голли узатмаларни ҳам тўхтатмади: 4 гол, 5 ассист ва ҳар ўйинда ўртача икки марта ҳал қилувчи узатма. «Арсенал» таркибида бугунги кунда фақат Смит-Роу шу каби фойдали ҳаракат қилаётганди, аммо бу мавсумда АПЛ ўйинларида 6 марта майдонга чиққан ёш футболчи жароҳат олиб сафдан чиқди.

Норвегиялик вундеркинд ҳақида унинг «Витесс»даги ўйинларини яқиндан кузатган Олег Яровинский шундай тариф беради: «Мартин майдонда барча ишни қилиши мумкин – тезкор, техник жиҳатдан аъло даражада, кенг кўламли ишни бажаради. Заиф томонлари йўқ, ўйинни тушинишда замонавий футболда ўрнак бўлувчи суперқизиқарли намуна. У шунчаки вазиятини кутмайди, вазият учун ўзи курашади».

Бундан хулоса қилиш мумкинки, Эдегор – топ-футболчи ва у АПЛга осон мослаша олади, аммо унга «Реал»да нега жой топилмаган? Бу саволга унинг «Витесс»даги мураббийи Слуцкий шундай жавоб берган:

«Барча у ҳозир тўпни олиб, рақибнинг ўн футболчисини алдаб, гол уришини кутади. Бундай кутилма унга клубдаги фаолиятининг ҳар кунида ҳамроҳлик қилади. Мен уни дунёнинг энг истеъдодли ўсмири деб тан олинган вақтидан буён таъқиб қилиб келган руҳий юкламадан халос қилдим». 

«Слуцкий менга эркинлик ва ўзимга ишонч бағишлаганди», – дея тасдиқлаганди футболчининг ўзи ҳам. 

Норвегиялик футболчи босимдан қутулиши керак эди. «Реал»га келган ҳар қандай футболчи жуда катта босим остида қолади, бунга ҳатто суперюлдузлар ҳам дош бера олмаслиги мумкин (Эден Азар энг яқин мисол). Шу туфайли Англия чемпионатида саккизинчи ўринда бораётган «Арсенал» ёш футболчига ўзини кўрсатиш учун идеал жой. Клубга ҳам худди у каби футболчи зарур.

Мадридда йигитчага аввалбошдан ишонч билдиришмаганди. Эдегор Карло Анчелотти даврида клубга келган, италиялик мутахассис эса Quiet Leadership («Хотиржам етакчилик») номли китобида бу трансфер PR-юриш бўлгани ҳақида ёзганди. «Флорентино Перес норвегиялик футболчини сотиб олишни хоҳладими, сиз шунчаки буни қабул қилишингиз керак эди», – дея ёзганди Анчелотти. Лекин бошқа томондан, ўшанда Гвардиола ҳам (Ян Оге Фьортофтнинг сўзларига кўра) Эдегорни дунёнинг энг яхши футболчисига айлантиришни истаган.

Афтидан, Эдегорнинг даражаси «Арсенал»га мос келади. Масала шундаки, клуб фақат ярим йилга келган футболчи атрофида ўйинни қуришга рози бўладими?

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар