27.01.2021 19:23
6622
Теглар
«Элдор яқин орада бошқа клубда ўйнайди». FootWeek’нинг Дубайда тайёрланган сонида «Матч» ТВ шарҳловчилари ва Абрамов билан эксклюзив интервью

Дубайга сафар қилган Kun.uz ва Tribuna.uz мухбирлари FootWeek лойиҳасининг навбатдаги махсус сонини амирликларда суратга олишди. Кўрсатув муаллифи Бобур Акмалов «Пахтакор»нинг «Зенит»га қарши ўртоқлик ўйини олдидан стадионда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов, «Зенит» бош мураббийи Сергей Семак ва «Матч» шарҳловчилари билан эксклюзив интервью уюштирди.

 Вадим Абрамов «Бунёдкор»ни тарк этгани ва миллий жамоада ўйлантираётган муаммолар ҳақида

«Пахтакор»нинг «Зенит»га қарши ўртоқлик ўйини олдидан стадионда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовнинг ташрифи кутилмаган ҳол бўлди. Чунки бир неча кун олдин Карленович «Бунёдкор»нинг Тошкентдаги йиғинида кўриниш берганди. Фурсатдан фойдаланиб, Вадим Абрамовни саволларга тутдик.

Вадим Карленович суҳбат давомида Дубайга келишидан кўзланган асосий мақсад, «Пахтакор» жамоасининг миллий жамоага таъсири, ҳимоя чизиғидаги муаммолар, Драган Чераннинг Ўзбекистон миллий жамоасига таклиф этилиши, «Бунёдкор»даги маош камлиги сабабли футболчиларнинг жамоани тарк этаётгани ҳамда ўзи ҳам клубни тарк этгани ҳақида гапирди. Суҳбатни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Шунингдек, «Пахтакор»нинг «Зенит»га қарши ўйини ҳақида питерликлар бош мураббийи Сергей Семакнинг фикрлари ҳам жой олган.

«Элдор яқин орада бошқа клубда ўйнайди». Россиялик таниқли инсайдер Нобель Арустамян ва «Матч» ТВ шарҳловчилари Генич ҳамда Гуцайт билан суҳбат

«Пахтакор» - «Зенит» (0:3) ўртасидаги учрашувда россиялик таниқли инсайдер ва «Матч ТВ» шарҳловчиси Нобель Арустамянни учратишни кутмаган эдик. Итальян футболи мутахассиси бўлган Арустамян билан суҳбатимиз беихтиёр Элдор Шомуродов ҳақидаги савол билан бошланиши табиий эди.

Нобель суҳбат давомида «Ювентус» Шомуродовни чиндан ҳам кузатаётгани ва Турин клуби уни сотиб олиш учун қандай йўлдан юриши мумкинлигини тушунтириб берди. Таниқли инсайдернинг фикрича, Шомуродов ярим эмас, бир йилдаёқ катта эҳтимол билан бошқа клубда бўлади. Қизиқарли савол-жавоблар билан ўтган суҳбатни ютубдаги каналимизда тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Шунингдек, россиялик шарҳловчилар Константин Генич ва Роман Гуцайт ҳам «Пахтакор» жамоаси, ўзбекистонлик легионерлар – Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Жасур Жалолиддинов ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Буларнинг барчасини FootWeek’нинг Дубайда тайёрланган эксклюзив сонида томоша қилинг. Қизиқарли интервьюлардаги инсайд ва маълумотлар сизни бефарқ қолдирмаслигига ишонамиз.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар