23.01.2021 18:50
10491
«МЮ» «Олд Траффорд»да «Ливерпуль»ни қабул қилади, «Милан» «Аталанта»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

 Ушбу ҳафтанинг дам олиш кунларида ҳам мухлисларни бир қатор қизиқарли учрашувлар кутиб турибди. Англияда мухлислар «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» ўртасидаги навбатдаги учрашувга гувоҳ бўлишса, Италияда «Милан» - «Аталанта», «Женоа» - «Кальяри», Испанияда эса «Реал»ни навбатдаги синов кутмоқда.

 А Серия. 19-тур

23 январь (шанба)

МИЛАН - АТАЛАНТА

Ўйин бошланиш вақти: 22:00

ТВ-трансляция: UzReportTV

Кетма-кет уч ўйинлик йирик ҳисобли ғалабали сериясидан кейин сўнгги икки турда «Женоа»ни ўз майдонида, «Удинезе»ни эса сафарда мағлуб эта олмаган «Аталанта»ни бу турда «Сан Сиро»га сафар ўйини кутиб турибди. Чемпионат пешқадамига қарши баҳс Гасперини жамоаси учун осон ўтмаслиги аниқ. «Милан» ўзини таъқиб этаётган «Интер»ни ўзига етиб олмаслиги учун ҳам Бергамо клубини мағлуб этиши талаб этилади. Златан Ибраҳимовичнинг қайтиши Пиоли жамоасини янада кучайтирди. Аммо сафарда ҳужумкор ўйин намойиш этадиган «Аталанта»ни мағлуб этиш учун жуда катта куч сарфланиши керак бўлади. «Сан Сиро»даги ўйинни турнинг марказий баҳси сифатида кўрсатиш мумкин.

 А Серия. 19-тур

24 январь (якшанба)

ЖЕНОА - КАЛЬЯРИ

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Генуядаги ғалаба ва «Аталанта» билан ўйиндаги дуранг эвазига тобора хавфли зонадан узоқлашаётган «Женоа» бу турда пешқадамларга қарши тўп сурмаса-да, ўзи учун 6 очколик ўйинда майдонга тушади. Баллардини жамоаси турнир жадвалидаги қўшниси «Кальяри»ни қабул қилади. Шомуродов тўп сураётган жамоа 15 очко билан 16-ўринда бораётган бўлса, «Кальяри» 14 очко билан 17-ўринда бормоқда. Бу баҳс икки жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Навбатдаги уч очко клублардан бирига аутсайдерлар қаторидан узоқлашиш имкониятини яратиши мумкин.

 Ла Лига. 20-тур

23 январь (шанба)

АЛАВЕС - РЕАЛ

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: FutbolTV

Сўнгги бир ҳафта «Реал» учун жуда омадсиз ўтди. Мадрид клуби 15 январь куни Испания Суперкубоги яримфиналида ўз майдонида «Атлетик»ка мағлубиятга (1:2) учраган бўлса, 5 кун ўтиб Испания кубоги доирасида учинчи дивизион вакили «Алькояно»га сенсацион тарзда мағлубиятга (1:2) учраб, кубокни ҳам тарк этишди. «Алавес»га қарши ўйин олдидан эса жамоа бош мураббийи Зинеддин Зиданда коронавирус аниқланди.

Омадсиз ҳафтадан кейин «қироллик клуби»нинг шанба оқшомида «Алавес» билан баҳсда очко йўқотишини оқлаб бўлмайди. Ла Лига турнир жадвалида 37 очко билан 2-ўринда бораётган «Реал»ни 3-ўриндаги асосий рақиби «Барселона» таъқиб этмоқда. Ўз ўрнида «Алавес» ҳам қийин вазиятда. 17-ўринда бораётган клуб яна очко йўқотган тақдирда аутсайдерлар сафига тушиб қолиши мумкин.

 Англия кубоги. 1/16 финал

24 январь (якшанба)

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИВЕРПУЛЬ

Ўйин бошланиш вақти: 22:00

ТВ-трансляция: Матч ТВ

Англия Премьер-лигаси навбатдаги тури ушбу уик-эндда эмас, мид-уикда ўтади. Зеро, дам олиш кунлари бизни футбол тарихидаги энг кўҳна турнирлардан бири Англия кубоги баҳслари кутиб турибди. Ўтган якшанба кунги Англия Премьер-лигасидаги ўзаро ўйиндан кейин Англия кубогида ҳам азалий рақиблар тўқнашуви гувоҳига айланамиз. Ўтган йилги спорт формасини йўқотган «Ливерпуль», ажойиб спорт формага кирган «МЮ»га қарши саф тортади. Клопп ва Сульшер жамоаси ўтган ҳафтада «Энфилд»да эҳтиёткорона ўйин кўрсатган ва баҳсда ҳисоб очилмаган эди. «Олд Траффорд»даги ўйинда эса гол кўришимиз аниқ. Чунки жамоаларнинг кучи бу сафар ҳам тенг келган тақдирда ғолибни аниқлаш учун қўшимча дақиқалар ва пенальтилар серияси ўтказилади. Айнан ушбу жуфтлик ғолиби якунда Англия кубоги финалига етиб борса ажаб эмас. Якшанба оқшомидаги ўйин ҳафтанинг энг шиддатли қарама-қаршилигига айланса ажабмас.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар