18.01.2021 16:29
14315
Месси «Барселона»да илк бор «қизил» олди. Бунга қандай реакция бўлди ва у қанча вақтга дисквалификация қилинади

«Барселона» ва «Атлетик» (2:3) ўртасида кечган Испания Суперкубоги учун финал баҳсининг сўнгги дақиқаларида Лионель Месси рақибга зарба бергани учун майдондан четлатилди.

Испания. Суперкубок
«Барселона» — «Атлетик» — 2:3 қ.в.
(1:1, 1:1, 0:1)
Голлар: Гризманн, 40 (1:0). Де Маркос, 42 (1:1). Гризманн, 77 (2:1). Вильялибре, 90 (2:2). Иньяки Уильямс, 93 (2:3).
«Барселона»: тер Штеген, Жорди Альба, Лангле (Тринкан, 106), Араухо, Дест (Мингеса, 46), Бускетс, де Йонг, Месси, Гризманн, Дембеле (Пьянич, 88), Педри (Брэйтуэйт, 88. Пуч, 97).
«Атлетик»: Симон, Баленсиага (Лекуэ, 83), Де Маркос, Иньиго Мартинес (Нуньес, 95), Капа (Весга, 81), Альварес, Рауль Гарсия (Вильялибре, 83), Дани Гарсия, Венседор (Беренгер, 81), Икер Муниаин, Иньяки Уильямс (Морсильо, 106).
Огоҳлантиришлар: Лангле, 11. Дани Гарсия, 67. Вильялибре, 109. Морсильо, 110. Жорди Альба, 114.
Четлатиш: Месси, 120+1.
17 январ. Барселона. «Камп Ноу» стадиони.

Марадона ҳам «Атлетик» футболчисини айлантириб солганди
«Барселона» Гризманнинг дублидан кейин ғалабага яқин эди. Каталонияликларни 14-марта Испания Суперкубогини қўлга киритишдан бир неча дақиқа ажратиб турганди. Аммо Муниаининг 90-дақиқадаги узатмаси таблодаги ҳисобни ўзгартирди. Лангле Вильялибрени яхши қўриқлай олмади, рақиб ҳужумчиси Тер Штегенни ожиз қолдирди. Барчаси қўшимча вақтда ҳал қилинадиган бўлди. Уильямс «Барса»нинг тўрт футболчиси қуршовида бўлатуриб, жарима майдони чизиғида тўпни ўзига ажойиб тарзда бўйсундирди ва уни дарвозанинг тўққизлигига жойлаб қўйди.

«Барселона»да ҳисобни тенглаштириш учун ҳали вақт кўп эди, аммо Куман жамоаси бутунлай бошқа иш билан шуғулланди. Каталонияликлар қўшимча бўлимлар давомида фақат тўпни олиб юришди ва атиги бир марта рақиб дарвозасига зарба йўллашди.

Ўйин якунланишига бир дақиқа вақт қолганида эса ақл бовар қилмас ҳодиса рўй берди —  Лионель Месси ўзига томон кўтарилган тўғридан тўғри қизил карточкани кўрди. Аргентиналик футболчиси жамоаси ҳужумига қўшилиш мақсадида ўзини таъқиб қилган «Атлетик» форварди Асьер Вильялибредан қутулиш учун уни қўллари билан йиқитди, ҳакам эса видеотакрордан кейин уни майдондан четлаштирди.

Бу аргентиналик футболчи учун кўк-анорранглилар либосида ўтказилган 753 ўйинда (у бу ўйинларда жами 61 360 дақиқа мобайнида майдонда бўлган) олган илк қизил карточкасидир. Каталонияликлар клуби мухлисларидан бири твиттерда бошқа бир аргентиналик футболчи  «Атлетик»ка қарши ўйинда шундай ҳаракат содир этганини эслади: «Диего Марадона «Атлетик» футболчисини урганидан кейин «Барселона»дан кетган ва бир неча йил ўтиб Аргентина терма жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлганди. Энди сенинг вақтинг келди, Лео #Месси».

«Ўйиннинг омадсиз боришини чорасиз қолган Месси жуда ёмон қабул қилди. У ўйиннинг асосий қисмида охирги дақиқаларда ҳисобни тенглаштирган Вильялибрени уриб йиқитди», дейилади football.fr хабарида.

Куман ва Вильялибренинг сўзлари

Marca нашрининг ёзишича, «Барселона» бош мураббийи Роналд Куман бош арбитр Хесус Хил Мансанонинг қарорини муҳокама қилишдан тийилган.

«Менимча, у шунча йил футболда бўлиб, қачон ўйинга тайёрлиги ва қачон тайёрмаслигини ўзи яхши билади. Мен у билан бу ҳақда гаплашгандим, у майдонга тушишга тайёрлигини айтганди. Четлатишми? Мен Мессини тўғри тушунаман. Мен ўйин давомида унга ишлатилган қўполликларни санашда адашиб кетдим. Яхшиси, бу ҳақда жим бўлганим маъқул. Барибир аввал айтганларимни такрорлашимга тўғри келади. Мен эса бундай қилишни истамайман», деган у.

Ҳодиса юзасидан эпизод жабрланувчиси ҳам изоҳ берган. «Мен бу гап-сўзларга қўшилмоқчи эмасман. Барча жамоаларга қарши қўпол ўйналади. Ғалаба калити – таслим бўлмасликдир. Мен Месси олдинга ўтиб кетмаслиги учун корпус қўйдим, у эса бунга чидолмай, юзимга туширди. Мен буни очиқчасига тажовузкорлик деб ҳисоблайман. Мен жуда хурсандман. Биз Суперкубокка муносиб эдик. Биз таслим бўлмаслик учун бу ерга келгандик. Энг муҳими – биз характер кўрсатдик ва ғалабага эришдик», деган у.

Аввалги қизил карточкалар
Бунгача Мессининг профессионал футболчилик фаолиятида иккита қизил карточка бор эди. У биринчи қизилни 2005 йилда, Венгрияга қарши ўртоқлик ўйинидаолганди, ўшанда у дебют ўйинида захирадан майдонга тушиб, бир неча дақиқадан кейин қўпол ҳаракати учун майдондан четлатилганди. Иккинчиси эса 2019 йилда Америка Кубоги доирасида Чилига қарши учинчи ўрин учун баҳсда олинган. Ўшанда «Барселона» сардори ноодатий вазиятда четлатилган. Биринчи бўлим охирида у тўп учун кураш вақтида рақиб ҳимоячиси Гари Мендел билан тўқнашган ва ўзаро зиддият бошланган. Мендел уч марта Леонинг кўксидан туртган, аргентиналик эса қўлини юқори кўтариб турган, чилиликлар сардорини қучиб тўхтатишга ҳаракат қилган. Ҳакам эса уларнинг иккисини ҳам четлаштирган.

«Ўйиндан ташқари ҳолатда рақиб билан тўп учун талашиш. Рақибга елка билан кучли зарба бериш», — ўйин протоколида шундай ёзилганди. Месси эса майдондан четлатилишига сабаб Бразилияга қарши ярим финал ўйинидан кейин КОНКАКАФ раҳбариятини танқид қилгани бўлганига ишончи комиллигини айтганди.

AS маълумотига кўра, у 2005 йил 27 февралида «Барселона Б» жамоасининг «Пеньи Спорт» клубига қарши ўйинида ҳам майдондан четлатилганди.

Дисквалификация

Месси «Барселона»нинг кейинги ўйини — Испания Кубоги доирасида «Корнелия»га қарши кечадиган баҳсни ўтказиб юбориши аниқ. Шу билан бирга, дисквалификация муддати 4 ўйиндан 12 ўйингача етиши мумкин. 

AS нашри дастлаб у тўрт ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келиши ҳақида ёзди. Бу ҳолатда, агар «Барса» кубок ўйинида «Корнелия»дан ўтса, кейинги рақибга қарши ўйинда, шунингдек, Ла Лига доирасида «Эльче» ва «Атлетик» жамоаларига қарши ўйинларда иштирок этолмайди. Агар «Барса» «Корнелия»га ютқазиб, турнирни тарк этса, Мессининг дисквалификацияси Ла Лига доирасида уч ўйинга тааллуқли бўлади - у «Бетис»га қарши ўйинда ҳам жамоага ёрдам бера олмайди.

Кейинроқ AS Месси 12 ўйинга дисквалификация қилиниши ҳам мумкинлиги ҳақида ёзди. Унга кўра, қўмита футболчининг ҳаракати қасддан содир этилган деб топса (98-пунктга кўра), унга белгиланадиган жазо чораси максимал бўлиши мумкин.

Marca эса жазо чораси икки ўйин билан чекланади, деб ҳисоблайди.

RAC1 маълумотига кўра, бу бўйича қарор 19 январ куни қабул қилинади.

Ҳакам протоколида нималар қайд этилган

«Ўйиннинг 120-дақиқасида 10 рақамли футболчи рақибга қўл билан кучли зарба бериши туфайли майдондан четлатилди, бу вақтда тўп ўйинда, аммо у футболчилардан узоқда эди», — арбитр Хесус Хил Мансано аргентиналик футболчининг четлатилишини шундай изоҳлаган.

«У жамоадан кўра ўзини кўпроқ ўйлайди»

«Чемпионатда «Атлетик» ва «Гранада»га қарши икки ажойиб ўйин кўрсатган ва мухлислар олқишини олган Месси имижини расво қилди. У яна ўз қопқонига тушди. Жамоадан кўра ўзини кўпроқ ўйлади. У финални бир ўзи юта олмайди, у ўйин тақдирини ҳал қила олмади, асосий бўлимларда ғалабани ушлаб қолишнинг имкони бўлмади. Ахир етакчилар шунинг учун керак. У эса чорасиз аҳволда кўринди, жуда ёмон ўйнади», — дея ҳисоблайди AS таҳлилчиси Хуан Химене.

Месси, сен узр сўрашинг керак

«Барча Месси Севильядаги ўйинда иштирок этиш учун формасини тиклаш жараёнини кузатиб борди. У бошланғич таркибдан ўрин олди ва охирги дақиқани ҳисобга олмаганда бутун ўйин давомида майдонда бўлди. У Антуан Гризманн ҳисобни очган ҳужумда иштирок этди. Аммо у ўйин охирида ҳиссиётга берилди ва Вильялибрени уриб юборди. Унга жиддий жазо берилиши мумкин. Сардордан буни кутмагандик. У узр сўраши керак», — дея чақириқ билан чиққан Marca.

Месси бошини йўқотиб қўйган

«Басклар ва каталонлар тўртинчи бор Суперкубок учун ўзаро ўйин ўтказди. Энди ҳисоб: 2-2. Охирги икки финалда «Атлетик» ғолиб чиққан. Ўйин охирида Месси қизил карточка олди. У бошини йўқотиб қўйди ва Вильялибре билан эпизодда жуда қўпол хатога йўл қўйди», — дея ёзган La Gazzetta dello Sport.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар