16.01.2021 19:05
8512
Англия ва Италияда чемпионлик тақдирига таъсир қилувчи тўқнашув, Испанияда Суперкубок финали. Ҳафтанинг энг муҳим 4 ўйини анонси

Дам олиш кунлари Европа миллий чемпионатларида мухлисларни бир қатор эътиборли ўйинлар кутиб турибди. Англияда чемпионлик учун кураш олиб бораётган азалий рақиблар «Ливерпуль» - «Манчестер Юнайтед» «жанги» кузатилса, Италияда Роналду – Лукаку қарама-қаршилиги, Испанияда эса Суперкубок финалида мавсумнинг дастлабки совриндори маълум бўлади. Шунингдек, Элдор Шомуродов тўп сураётган «Женоа»нинг «Аталанта»га қарши баҳси ҳам кўпчилик мухлислар эътиборида бўлади.

 Англия: Азалий рақибларнинг пешқадамлик учун жанги

 Англия чемпионати. 19-тур
17 январь (якшанба)
ЛИВЕРПУЛЬ - МЮ
Ўйин бошланиш вақти: 21:30
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

 Якшанба куни Англия Премьер-лигасида нафақат турнинг, балки мавсумнинг энг муҳим ўйинларидан бири ўтказилади. «Ливерпуль» «Энфилд Роад»да азалий ва энг ашаддий рақиби «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилади. Мухлисларни икки қутбга бўлувчи бу баҳс яна аввалги мавқеини тикламоқда. Ҳозирга келиб «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» Англия Премьер-лигасида чемпионлик учун асосий даъвогарларга айланиб олишди.

 Чемпионлик тақдирига таъсир қилувчи ушбу тўқнашув олдидан Клопп ва Сульшер жамоаси турли ҳолатда. «Ливерпуль» кетма-кет сўнгги уч ўйинда ғалаба нималигини билмай келмоқда. Мерсисайдликлар охирги уч турда «Вест Бромвич» (1:1), «Ньюкасл» (0:0) билан дуранг, «Саутҳэмптон»дан мағлубиятга (0:1) учради. Оле-Гуннар Сульшер жамоаси эса сўнгги уч турда «Вулверҳэмптон» (1:0), «Астон Вилла» (2:1) ва «Бёрнли» (1:0) устидан зафар қучиб, Премьер-лига турнир жадвалида «Ливерпуль»ни 36 очко билан ортда қолдирган ҳолда пешқадамга айланиб олди. «Энфилд»да эса «Юнайтед» 1221 кун деганда чиққан чўққисидан тушмаслик учун ҳам мағлуб бўлмаслиги талаб этилади.

 Ўйин олдидан «Ливерпуль» собиқ сардори Каррагер пешқадамга қарши ўйиндаги ғалаба Клопп жамоасининг ўзига бўлган аввалги ишончини қайтариш учун яхши имконият эканлигига урғу берган бўлса, «МЮ» собиқ футболчиси Пол Скоулз «Ливерпуль»ни мағлуб этиш учун ҳозиргидек имконият бошқа бўлмаслигини айтиб ўтди. Скоулзнинг фикрича, ўйин томошабинларсиз ўтиши ва «Ливерпуль» ҳимоясидаги йўқотишлар «МЮ» фойдасига ишлайди.

 «МЮ» сафарда яхши ўйин намойиш этаётганига қарамай, топ-клубларни мағлуб эта олмаяпти. «Энфилд»даги ғалаба икки жамоадан бирини АПЛ чемпионлиги учун катта қадам ташлашини таъминлайди.  

 Италия. Роналду – Лукаку, Шомуродов – Миранчук тўқнашуви

 Италия чемпионати. 18-тур
17 январь (якшанба)
АТАЛАНТА – ЖЕНОА
Ўйин бошланиш вақти: 22:00
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Элдор Шомуродов тўп сураётган «Женоа» бу турда Бергамода «Аталанта» меҳмони бўлади. Россия ОАВларида ушбу баҳс Россия Премьер-лигасидан Италия А Сериясига йўл олган Миранчук ва Шомуродов ўртасидаги тўқнашув афишаси билан аталмоқда. Миранчук «Аталанта» асосий таркибига ўрнаша олмаётган бўлса, Шомуродов А Серия доирасидаги сўнгги уч ўйинда генуяликларнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. «Хавфли зона»дан қочишга уринаётган Генуя клуби учун бу турда очко олиш жуда ҳам муҳим. Акс ҳолда клуб яна аутсайдерлар қаторига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. «Аталанта» эса бу турдаги ғалабаси эвазига пешқадамларга яқинлашиб олиш билан бирга «Ювентус»дан ўзиб кетиши мумкин. 

 Италия чемпионати. 18-тур
17 январь (якшанба)
ИНТЕР – ЮВЕНТУС
Ўйин бошланиш вақти: 00:45
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

 «Аталанта»ни олдинга ўтказиб юбормаслик учун эса «Ювентус» Италиядаги «катта дерби» дея ном олган баҳсда «Интер»га мағлуб бўлмаслиги керак. Бир ўйин захирасига эга туринликлар 33 очко билан 4-ўринда бораётган бўлса, Антонио Конте жамоаси 37 очко билан 2-ўринда боришмоқда. Бир ҳафта аввал «Сан Сиро»да пешқадам «Милан»ни илк мағлубиятини қарши олишга мажбур қилган Пирло бошчилигидаги амалдаги чемпионлар бу сафар ҳам Миланга фақат ғалаба умидида боришлари аниқ. Аммо Турин клубидан скудеттони тортиб олишни мақсад қилган «Интер» ҳам амалдаги чемпионни мағлуб эта олмаса, А Сериядаги ғолиблик ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлади. Одатда, гигантлар тўқнашувида етакчилар катта саҳнага чиқишлари талаб этилади. Ажойиб спорт формаси эвазига тўпурарлар пойгасида кураш олиб бораётган Роналду ва Лукаку жамоасининг ғалабаси учун муҳим фигурага айланишини тахмин қилиш мумкин. Ҳар ҳолда одатда чемпионлик тақдири мана шундай 6 очколик ўйинларда ҳал бўлади.

 Испания. Куман «Барселона»си илк совринга эга чиқадими?

 Испания Суперкубоги. Финал
17 январь (якшанба)
БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИК  
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: Матч ТВ

Испан футболи ишқибозлари якшанба оқшомида Севильядаги Испания Суперкубоги финалини томоша қилишлари мумкин. Кўпчилик, финалда «Эль-Класико» кутган бўлиши табиий, аммо «Реал» финалга чиқа олмади. «Барселона» яримфиналда «Реал Сосьедад» устидан қийин ғалабага эришган бўлса, «Атлетик» клуби Зидан шогирдларини турнирдан чиқариб юборди. Бильбаоликлар яримфиналда Мадрид клубини мағлуб этганини инобатга олсак, финалда «Барса»га осон бўлмаслиги аниқ. Роналд Куман жамоаси учун ҳам бу сафарги ўйиннинг қадри Ла Лиганинг оддий ўйини даражасидан анча юқорироқ бўлади. Ҳозирги вазиятда нидерландиялик мураббий учун Каталониядаги илк соврин катта аҳамиятга эга. Кўрамиз, «Барса» янги мураббий қўл остидаги илк совринга эга чиқадими ёки «Атлетик» «Реал»нинг мағлуб этилиши тасодиф эмаслигини исботлармикан?

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар