13.01.2021 15:52
4868
Шаҳзод Убайдуллаев «Шахтёр» Солигорск футболчисига айланди

Бекободнинг «Металлург» жамоаси ҳужумчиси ва тўпурари Шаҳзод Убайдуллаев бугун, 13 январь куни Беларусь чемпиони – «Шахтёр» клуби билан шартномани расмийлаштирди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

«Беларусь чемпионатида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар сони яна бир нафарга ошди. «Металлург» клубининг 22 ёшли ҳужумчиси 8 январь санасида Беларусга учиб кетганди. Убайдуллаев бўлғуси клуби қароргоҳида тиббий кўрикдан ўтди. Кеча томонлар бир тўхтамга келишди ҳамда ўзаро икки йиллик шартнома имзоланди», - дейилади хабарда.

Ўтган йили мазкур клуб шарафини ўзбекистонлик бошқа бир ўйинчи Жасур Яхшибоев ҳам ҳимоя қилганди.

Tribuna.uz манбаси маълумотларига кўра, «Шахтёр» клуби Шаҳзод Убайдуллаев учун «Металлург» клубига 150 минг АҚШ доллари трансфер пули тўлаши белгиланган. Солигорск жамоаси бу йил Чемпионлар лигаси саралаш босқичида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, «Металлург» Шаҳзод Убайдуллаевни 2020 йил бошида «Машъал»дан 500 миллион сўмга сотиб олганди. 22 ёшли форвард Суперлига-2020да 26 ўйинда майдонга тушиб, 8та голга муаллифлик қилган.

Маълумот учун, якунланган мавсумда Беларусь Олий лигасида Жасурбек Яхшибоев, Шаҳбоз Умаров ва Ҳумоюнмирзо Иминов сингари ўзбекистонлик футболчилар фаолият олиб борганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар