11.01.2021 22:17
17569
La Gazzetta dello Sport: «Шомуродов - «Женоа»нинг яхши келажакка бўлган сўнгги умиди»

Италиянинг энг нуфузли спорт нашри La Gazzetta dello Sport «Женоа»нинг ўзбекистонлик форварди Элдор Шомуродов ҳақида мақола чоп этди.

«Шомуродов — ижтимоий тармоқларда қаҳрамон ва «Женоа»нинг яхши келажакка бўлган сўнгги умиди. Ушбу гигант ҳужумчи ярим мавсумдаёқ янги жамоасида ўз ўрнига эга бўлди ҳамда фойдали ўйини билан ўзига сарфланган трансфер инвестицияни оқлашда давом этмоқда. Генуяга бошқа дунёдан келган йигит «Женоа»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жуда катта мухлислар аудиториясини тўплай олди.

Ҳозирги «Женоа» А Серияда ўзини кўрсатиш учун яхши имкониятга эга ва бундан Элдор фойдаланиб қолмоқда. У ўзига хос ўйин услубига эга, ҳаракатда жуда тез ўзгарувчан ва тўпни ҳам яхши назорат қила олади. Баллардини айтганидек: «Элдор чинданам яхши футболчи, у сон ва сифатга эга камёб ўйинчилардан бири. Аммо биз бу ҳақда унинг ўзига айтмай турамиз», - дейилади La Gazzetta dello Sport нашридаги мақолада.

Эслатиб ўтамиз, TuttoSport нашри Элдор Шомуродов А Сериянинг амалдаги чемпиони «Ювентус» сафига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Нашрда қайд этилишича, Турин клуби спорт директори Фабио Паратичи жамоа сафида ижара асосида тўп сураётган Альваро Мората ўрнига Шомуродов номзодига қизиққан. «Женоа» президенти Энрико Прециози эса «Юве» раҳбарияти билан яхши алоқада эканлигига қарамай, ўзбекистонлик форвардни мавсум якунигача ҳеч қаерга қўйиб юбормоқчи эмас. 

Маълумот учун, ўзбекистонлик 25 ёшли форвард ўтган мавсумда «Ростов»дан «Женоа»га 7,5 миллион евро эвазига ўтганди. Элдор Италия А Серияси жорий мавсумида 11 ўйинда майдонга тушиб, 2та гол ва 2та ассистга муаллифлик қилган. 25 ёшли форвард сўнгги уч ўйинда жамоасининг энг яхши ўйинчисига айланди. Футболчининг генуяликлар билан амалдаги шартномаси 2025 йилга қадар имзоланган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар