31.12.2020 16:07
8515
Биз билган ва билмаган Фергюсон

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, футбол тарихига сўнгги дақиқалар қироли сифатида кирган, умуман, ҳар қандай ўйиннинг охирлари «Fergie Time» дея аталиши даражасида брендни муҳрлаган Алекс Фергюсон ўз туғилган кунини бугун нишонлайди. Яъни 1941 йилнинг сўнгги дақиқаларида ушбу буюк мураббий дунёга келган.

Яқинда Британиянинг тарихдаги энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган мутахассис ҳақида ВВС кўпчилик эшитмаган баъзи воқеаларни йиғиб, ҳавола қилди. Ўз вақтида буюк мураббий билан бирга ишлаган, унинг қўл остида ўйнаган футболчилардан эшитамиз.

Оуэн Койл: «Ўз сўзидан қайтмади»

Кўп мураббийлар ўз вақтида Сэр Алекс уларни қўллаб қувватлагани ҳақида эслашади. Масалан, 2008 йилнинг ёзида «Бёрнли» бош мураббийи Оуэн Коул ҳам ёрдам сўраб Сэрга мурожаат қилган.

«Мен Швейцария PRO лицензиясига ўқидим. Мен билан бирга Жим Флитинг ва Сэр Алекснинг укаси Мартин Фергюсон ҳам бор эди. Бир куни суҳбатлашиб ўтириб, Мартинга айтдим: «Акангга қўнғироқ қила оласанми? У билан бир футболчи ҳақида гаплашмоқчиман. Бошқалар ҳаракат қилиб қолмасидан, улгуриб қолишим керак»

Қўнғироқ қилингач, мен унга айтдим – «сизда Крис Иглз бор, менга шу футболчи керак эди».

«Биз тўртинчи июлдан машғулотларга киришамиз, ўша пайтда бу ҳақида гаплашамиз. Унгача мени безовта қилмай тур», – деди Алекс Фергюсон. 

Худди келишганимиздек, ўша куни эрталаб, 8:30да яна боғландим.

«Сен сўзингда турдинг, аммо менга у футболчи Жанубий Америкадаги йиғинларда керак бўлади. Қайтиб келганимиздан кейин олишинг мумкин. Фақат у ҳам рози бўлса кифоя. Қайтиб келганимиздан сўнг, бу масалани ҳал қиламиз».

Мен Жанубий Америка йиғинларидаги учрашувларни томоша қилдим, Иглз адашмасам, ўша турнирнинг энг яхши тўпурари бўлди. У шундай яхши ўйнадики, энди Фергюсон уни беришига ишонмай қолдим ҳам. Айтилган вақтда яна мураббийга телефон қилдим.

«Мен сени кутаётгандим. Келишувмиз ҳали ҳам кучда, ваъда бераман, агар футболчининг ўзи рози бўлса, сеники»

Кейин ҳам Сэр Алекс билан жуда яхши чиқишганмиз. Кейинроқ, биз плей-оффдан ўтиб, Премьер Лигага чиққанимизда ҳам у менга қўнғироқ қилиб табриклади. Қачондир жамоаси билан ўйнагани келганида, у ва штаби учун икки бутилка яхши қизил винодан тайёрлаб қўйишимни айтди. Қизиғи, мавсумнинг илк турида «Юнайтед»ни қабул қиладиган бўлдик ва ғалаба қозондик. Аммо барибир у учрашувдан кейин хонамга кирди, бир ярим соатдан кўпроқ гаплашиб ўтирдик. Мен ичмайман, лекин ёрдамчимга айтиб, 300-400 фунтга яхши вино олиб келиб, музлатгичга қўйиб қўйгандим. Яхшиям Фергюсон олдимга кирди, бўлмаса шу билан қолиб кетарди. Менимча, вино яхши бўлган, Сэр ўз штаби билан ҳаммасини ичиб юборишганди».

Даррен Флетчер: «Онам гўшакни осиб қўйди»

Беш карра Англия чемпиони ва Чемпионлар Лигаси ғолиби Дваррен Флетчер ўз вақтида «Ньюкасл»га ўтиб кетишдан босс қайтариб қолганини айтиб беради.

Ўз вақтида «Ньюкасл»га ўтишимга сал қолган. Мен 12 ёшимдан «Юнайтед»да эдим. У пайтларда «Ньюкасл» лигадаги иккинчи кучли клуб эди. Менга доим «МЮ»нинг яримҳимоясини қара, сен ҳеч қачон у ерда ўйнай олмайсан, яхшиси «Ньюкасл»га ўт, уйинг ҳам ўша ерга яқин», деб маслаҳат беришарди. Хуллас, мен шундай қилишга яқин ҳам эдим, аммо Алекс Фергюсон аралашди.

У уйимизга қўнғироқ қилди. Синглим трубкани олиб, босс чақираётгани ва қаттиқ ғазабда эканини айтди. 15 ёшли боламан. Фергюсон телефонда бақирар, мен оқариб кетгандим. Ҳолатимни кўриб, ойим қўрқиб кетди ва телефонни қўлимдан олиб, бироз эшитиб турдида: «бундан кейин ҳеч қачон ўғлим билан бунақа гаплашман» деб гўшакни қўйиб қўйди.

Бир дақиқа ўтмай, яна телефон жиринглади. Яна Сэр Алекс эди: «Миссис Флетчер, мени кечиринг. Ўғлингиз менга жуда ёқади. Энг яқин рейс билан Эдинбургга учиб бораман».

Онам атрофга секин қаради-да, менимча, уйимиз ҳали йиғиштирилмаганидан қўрқиб кетди шекилли, бунинг ҳожати йўқлигини, ўғлини, яъни мени юборишини айтди. Мен Манчестерга қайтиб бордим ва ҳаммаси ҳал бўлди. Ҳаётимдаги энг муҳим қарорни қабул қилдим ва бу келажагимни белгилаб берди».

Билли Старк: «Қаерда ва қачон нима дейишни билади»

Билли Старк «Сент Миррен» ва «Абердин» сафида, Фергюсон қўл остида тўп сурган.

«Абердин» чемпион бўлган 1985 йилда биз «Селтик Парк»да мезбонларга қарши ўйнадик ва мен пенальтидан гол ура олмадим. Кейин Дэйви Прован жарима зарбасидан ҳал қилувчи голни урди ва «Селтик» бизни 2:1 ҳисобида енгди.

Кейинги машғулот чоғида Фергюсон менинг ёнимдан ўтиб кетаётиб, «ишқилиб бу мағлубиятни деб мавсумни бой бермасак бўлди эди» деб минғирлади. Шунчаки, ўзига ўзи гапираётгандек, секин гапирганди, аммо бу менга қаттиқ таъсир қилди. Мавсум давомида яхши ўйин кўрсатдим, кўп голлар урдим ва якунда ғолиб бўлдик. Унинг ўзига яраша психологик найранглари бўларди ва керакли сўзларни қачон, қандай ишлатишни жуда яхши биларди».

Арчи Нокс: «Ҳар бир персонал ўзини жамоанинг бир бўлаги деб биларди» 

Арчи Нокс – Фергюсоннинг «Абердин» ва «Манчестер Юнайтед»даги ёрдамчиси. 1980 йилда Нокс «Форфар Атлетик» жамоаси мураббийи эди. Ўша пайтда «Абердин»да ишлаб турган Алекс дўстига рад қилиб бўлмайдиган таклифни беради.

Биз у билан жуда яхши таниш эдик. Бир куни ўйиндан сўнг, гаплашиб олишимиз кераклигини айтди. Мен уни офисга таклиф қилдим ва у мендан «Абердин»да унинг ёрдамчиси бўлишимни сўради. Таклиф менга жуда ёқди, рози бўлдим. У қачондан иш бошлашим мумкинлигини сўраганида, «эртагаёқ» деб жавоб бердим.

Унинг «Абердин» ва «Юнайтед»даги ишлаш принциплари фарқли эдими? Ундай демаган бўлардим. У доим ёшларга эътибор берарди. У «Олд Траффорд»да ҳам скаутлар фаолиятини ривожлантирганди ва доим айтарди – «агар кимдир бошқа жамоага ўтмоқчи бўлса, буни мен билишим керак». Сэр туфайли жамоага Бекҳэм, Батт, Гиггз, Скоулз, ака-ука Невиллар каби ёшлар келиб қўшилишганди.

Агар биз бирор ёш футболчини қўлга киритсак ёки шартнома тузишга яқин бўлсак, Алекс ўйинларимизга боланинг ота-онасини таклиф қиларди, бирга тушлик қиларди. Бекҳэм жамоага келишидан олдин ота-онаси ва опаси билан келган, ҳатто ўйиндан олдин меҳмонхонада жамоа билан бирга туришганди.

«Олд Траффорд»га илк келган пайтларимизда ҳам Фергюсон менга шундай деган: «Биз бу ерда ишлайдиган ҳамма билан танишиб олишимиз керак. Стюардлардан тортиб, офис ишчилари, ошпазларгача».

Машғулотлардан олдин биз ошхонага кириб, икки кир ювувчи аёл билан чой ичиб ўтирардик. У ерда ишлайдиган ҳар бир инсон ўзининг муҳимлиги, жараённинг, жамоанинг бир бўлаги эканини ҳис қилиши муҳим бўлган. «Абердин»да ҳам у ҳар бир ходимнинг исмини биларди».

Оле Гуннар Сульшер: «Яхшимисан, ўғлим?»

«Манчестер Юнайтед»нинг бугунги кундаги бош мураббийи 2007 йилда навбатдаги операцияси ва фаолиятни тугатмоқчи бўлаётгани ҳақида Фергюсонга айтгани чўчиганини эслайди.

Базага машинамни қўйишим билан у олдимга келди ва сўради: «Қалайсан, ўғлим?»

«Унча эмас. Операция қилишим керак экан. Мен рози бўлмайман, футболни тарк этадиган пайт келди»

«Хафа бўлма» – деди Фергюсон, - «сен ажойиб карьерага эга бўлдинг, оиланг ҳам сендан фахрланишлари керак. Мавсумни ҳам зўр якунладинг. Жамоага қайтиб, ҳужумчиларимни шуғуллантирсанг, бўлмайдими? Нима дейсан? Уйингга бор, икки ҳафта дам ол, кейин тайёр бўлсанг, қайтиб кел»

Уч ҳафтадан кейин қайтиб келдим. Асосий таркибни шуғуллантиришни бошладим. Криштиану, Уазза, Тевес... Кейинчалик, қачондир Криштиану ёки Уэйн рақибнинг оёқлари орасидан тўпни олиб ўтиб, гол уришса, ўғлимга қараб мақтаниб қўярдим – «уларга буни даданг ўргатган!»

Пол Паркер: «Шунақаси ҳам бўлган...»

Фергюсон аксарият ҳолларда қўл остигиларга ғамхўр инсон сифатида гавдаланса-да, унинг баъзи пайтлардаги ғазаби ҳақида афсоналар юради. Шу каби воқеалардан бири ҳақида Пол Паркер FourFourTwo учун берган интервьюсида ҳикоя қилади.

«Стив Брюснинг рафиқаси касалхонада эди. Операция қилишадиган куни ўйинимиз бор. Брюс телефонини ўчириб қўймади. «Олд Траффорд»да ўйинимиз қовушмаётганди. Ҳамма, айниқса, босс дарғазаб. Танаффусда қайтганимизда, ўша ерда турган бир телефон жиринглай бошлади. Биз аввалига, кимники экан, деб ўйлаб ўтирдик. Меники эмасди, шунингдек, Ирвинники ҳам эмаслигини биламан, чунки у умуман телефонини ёқмасди.

Катта Пит (Шмайхел) ҳам унинг телефони эмаслигини айта бошлади. Стивдан бошқа ҳамма хотиржам эди. Брюснинг кўринишидан ҳаммасини сезган босс телефонни кўтариб, у томон югура бошлади. Стив бечора қўрқиб кетиб, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қиларди.

«Хотининг касалхонада бўладими, бошқами, тупурдим», – деди-да, Фергюсон телефонни деворга қараб отди. Телефон парчаланиб кетди».

Дэвид Бекҳэм: «У мен учун отамдек»

Дэвид Бекҳэм айнан Алекс Фергюсон даврида «Манчестер Юнайтед»да дебют қилган ва футбол фаолиятининг энг ёрқин даврларини ўтказган.

«Мен кўп марта айтганман, босс менинг фаолиятимдаги энг яхши мураббийгина эмас, 11 ёшда клубга келганимдан буён, у менинг отам ҳам бўлиб қолганди. Мен доим мана шундай буюк мураббий қўл остида улғайиб, ўйнаганимдан фахрланаман ва усиз мен ҳеч нарсага эриша олмаган бўлардим, деб ўйлайман».

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар