14.12.2020 09:50
7508
Диёр Имомхўжаев «Насаф»нинг ОЧЛда иштирок этиш эҳтимоли пастлигини айтди

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев Суперлигада 2-ўринни қўлга киритган ва Ўзбекистон Кубогида юришини давом эттираётган Қаршининг «Насаф» клуби Осиё Чемпионлар Лигасига йўл олган тақдирда ҳам, турнирда қатнашиши эҳтимоли кам эканлигини айтди.

«Қаршининг «Насаф» клуби ОФК лицензиялаш талабларини бажара олмагани футбол мухлисларида қатор саволлар келтириб чиқарган. Хўш, бунга сабаб нима? Биз «Насаф» учун нима қиляпмиз? Қуйида шу ҳақда фикр юритамиз.

«Насаф» кетма-кетма иккинчи бор лицензияни қўлга кирита олмаяпти, ундан аввалгисида эса лицензия шартли равишда берилган. Шунинг ўзиёқ ҳаммаси тасодиф эмас, балки айб клубнинг ўзида эканини англатади. Яъни, сўнгги икки уринишдан тегишли хулоса чиқарилмаган. ЎФА бу масала бўйича алоҳида йиғилиш ўтказган. Клуб раҳбарияти иштирок этган учрашувда муаммонинг асл сабаби аниқланган. Вақти келиб клуб бу борада ўз мухлислари учун расмий тушунтириш бериши адолатдан бўлади. 

ОФК лицензиялаш талабини содда қилиб тушунтирсак, унда барча клублар жами 262та банд бўйича талабни бажариши лозим бўлади. «Насаф» шуларнинг фақатгина 171тасига жавоб қайтарган, қолганлари очиқ қолган. Жавоб қайтарилган 171та банднинг айримлари бўйича ҳам саволлар бор. Бундай ҳолатда ОФК лицензиясини олиш мумкин эмас. 

«Насаф» 2020 йилни фантастик тарзда ўтказди дейиш мумкин. Биз Бердиев жамоаси намойиш этаётган ўйин олдида шляпамизни ечишимиз керак. «Насаф» ҳеч бир катта трансферларсиз ва қўшимчасига молиявий қийинчиликлар билан ҳам катта ирода намойиш эта оляпти. ЎзПФЛ буни қадрлайди, шунинг учун ҳам ташкилот ЎФА билан маслаҳатлашиб, «Насаф»нинг халқаро майдондаги иштироки юзасидан ОФКга расмий мурожаатнома юбориб улгурган. 

Бироқ ҳолат шундайки, «Насаф»нинг Чемпионлар лигасида иштирок этиши барибир катта сўроқ остида. Биз буни тушуниб турибмиз, поезд аллақачон кетиб бўлган, жуда кичик умид бор. Аммо клуб ҳеч бўлмаганда ОФК кубогида иштирок этиши мумкиндир балки. ОФК ишни кўриб чиқиб, ўз хулосасини тақдим этса, бундан албатта мухлисларни хабардор қиламиз.

Маълумот учун, 2021 йил учун Ўзбекистон клубларига 1+1+1 квотаси тақдим этилган. Чемпион сифатида «Пахтакор»нинг Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида иштирок этиши аниқ бўлиб улгурди. Кубок учун эса кураш давом этяпти. Агар кубок «Пахтакор»дан бошқа клубга насиб этса, ўша клуб Чемпионлар лигасининг саралаш босқичида иштирок этади. Агар кубокда ҳам «Пахтакор» зафар қучса, у ҳолда «Насаф» 2-ўрин соҳиби сифатида саралашда иштирок этиши керак эди. Аммо лицензиялаш билан боғлиқ муаммо бор. Демак, Ўзбекистоннинг иккинчи клуби ОЧЛ саралашини муваффақиятли босиб ўтиб, гуруҳ босқичига йўл олса, у ҳолда «Насаф»да ОФК кубогида иштирок этиш имконияти бўлади. Бунинг учун бизга ОФК хулосаси керак бўлади», – деб ёзади Имомхўжаев.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар