12.12.2020 17:16
10867
Мадрид ва Манчестерда дерби, Италияда Шомуродов Роналдуга қарши. Ҳафтанинг энг муҳим 4 ўйини

Еврокубокларда гуруҳ босқич якунига етиб, энди жамоалар баҳоргача бор эътиборларини миллий чемпионатдаги ўйинларига қаратишади. Дам олиш кунларида футбол ихлосмандларини бир қатор ажойиб ўйинлар кутиб турибди.

АПЛ. «Манчестер дербиси» ва Анчелотти «Челси»га қарши

«Манчестер Юнайтед» Чемпионлар лигасини тарк этди энди Европа лигаси ғолиблиги учун курашади. «МЮ» учун ЕЧЛ билан хайрлашишдан ҳам кўра оғриқлироқ нима бўлиши мумкин? Тўғри, дербида «Манчестер Сити»га мағлуб бўлиш. ЕЧЛдаги муваффақиятсизликни тезроқ унутиш учун-чи? Тўғри, дербида «Манчестер Сити»ни мағлуб этиш. Шанба оқшомида Сульшер мухлислар ишончини қайтаришга уринади. Манчестер клублари мавсум давомида турнир жадвалида ҳам доимо ёнма-ён боришмоқда. «Юнайтед» 19 очко билан 7-ўринда бўлса, «Сити» 18 очко билан 8-поғонада. Ушбу баҳсдаги ғалаба жамоалардан бирига кучли тўртликка қайтишга ёрдам берса, захира ўйиндаги баҳс клубларга етакчилар қаторига қўшилишига умид беради.

12 декабрь (шанба)

Англия Премьер-лигаси. 12-тур.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – МАНЧЕСТЕР СИТИ

Ўйин бошланиш вақти: 22:30
ТВ-трансляция: FutbolTV.

Италиялик мутахассис Карло Анчелотти бу турда собиқ жамоаси «Челси»ни мағлуб этишга уринади. «Эвертон» мавсумни кўтаринки руҳда бошлаб, яққол пешқадамга айланиб олганди. Аммо ливерпулликлар сўнгги 7 ўйинда бор йўғи битта ғалабага эришиб, 9-ўринга тушишди. Лэмпард қўл остидаги «Челси» эса АПЛ ва ЕЧЛда қатор ғалабаларга эришиб, пешқадамлар қаторидан жой олган. «Аристократлар» турнир жадвалида кучли учликдан чиқиб кетмаслик учун ҳам «Гудисон Парк» стадионига фақат уч очко илинжида йўл олишади.

12 декабрь (шанба)

Англия Премьер-лигаси. 12-тур.

ЭВЕРТОН – ЧЕЛСИ

Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: FutbolTV

Ла Лига. «Реал» мағлубият нималигини билмаётган «Атлетико»ни тўхтата оладими?

«Манчестер дербиси» сингари ҳафтанинг яна бир марказий тўқнашуви Пириней ярим оролида кечади. Амалдаги чемпион «Реал» Испанияда бу йилги чемпионлик учун асосий даъвогарга айланган «Атлетико»ни қабул қилади. Ла Лигада ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган Диего Симеоне шогирдлари 26 очко билан турнир жадвалида карвонбошчилик қилаётган бўлса, Мадриднинг иккинчи клуби бўлиб турган «Реал» 6 очко кам жамғариб 4-ўринда жой олган. «Мадрид дербиси» икки клуб учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Барқарор ўйин намойиш эта олмаётган Зидан жамоаси «Атлетико»га имкониятни бой берса, Суарес жамоадошлари 9 очколик фарқ ва битта ўйин захираси билан чемпионлик учун яққол даъвогарга айланди. Шу боис «қироллик клуби» Ла Лигадаги интригани сақлаб қолишга интилади.

12 декабрь (шанба)

Ла Лига. 13-тур.

РЕАЛ – АТЛЕТИКО

Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: UzReportTV

А Серия. «Женоа» - «Ювентус», Шомуродов Роналдуга қарши

Криштиану Роналдунинг Италияга кўчиб ўтгани мухлисларнинг бу чемпионатга нисбатан эътиборни қанчалик оширган бўлса, Элдор Шомуродовнинг А Серияда фаолият бошлаши ҳам ўзбекистонлик футбол ихлосмандларининг чемпионатга нисбатан қизиқишини каррасига оширди. Интиқлик билан кутилаётган «Женоа» - «Ювентус» баҳси олдидан икки жамоа икки хил ҳолатда. 18-ўриндаги Генуя клуби хавфли зонани тарк этиш илинжида бўлса, 5-поғонадаги Турин жамоаси тезроқ пешқадамлар сафига қайтиш ҳаракатида. Бу баҳсда Роналду жамоаси яққол фаворит эканлиги аниқ, аммо меҳмонларнинг А Серия доирасидаги сафардаги натижаси Шомуродов тўп сураётган жамоага умид бағишлаши мумкин - «Ювентус» бу мавсумда меҳмонда фақат битта баҳсда ғалаба қозонди, қолган 4 ўйинда очко йўқотди. Умид қиламизки, шу куни ҳамюртимиз Элдор Шомуродов амалдаги чемпионга қарши майдонга тушади.

13 декабрь (якшанба)

Италия А Серияси. 11-тур.

ЖЕНОА – ЮВЕНТУС
Ўйин бошланиш вақти:
22:00
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар