06.12.2020 18:20
12532
«Жалолиддиновга хориж клубларидан қизиқиш бор». Юрий Белоус Жасурнинг Ўзбекистонга нега қайтиб келгани, Россиядаги фаолияти ва таклифлар ҳақида

Ушбу ёзда «Бунёдкор»дан Москванинг «Локомотив» клубига трансфер қилинган Жасур Жалоллиддинов кўп ўтмай «Тамбов»га ижарага берилганига қарамай, ўйин амалиётисиз қолмоқда. Ўзбекистонлик 18 ёшли яримҳимоячи уйига қайтиб келгани ҳақидаги хабарлар янграгач, Жалолиддиновнинг агенти саналмиш Юрий Белоус «Матч» телеканалига футболчининг келажаги борасидаги саволларга жавоб қайтарди.

- Жасур Жалолиддинов «Спартак»ка қарши баҳсда ҳам «Тамбов»нинг қайдномасидан ўрин олмади. Унинг таркибда эмаслиги нима билан боғлиқ?

- Жалолиддинов икки ҳафтадан буён Ўзбекистонда. Уни мамлакат ёшлар жамоасига чақиришган. Шу сабабли Жасур «Спартак» билан ўйинда тамбовликлар сафида йўқ эди. Акс ҳолда бу ўйинга аниқ тушган бўларди.

- «Тамбов»да 6 ойдан буён маош тўланмаётгани ҳақида хабар қилинганди. Бу ҳолат клубда ижара асосида тўп сураётган Жасурга таъсир қилмайдими?

- Йўқ, бунинг Жасурга таъсири сезилмайди.

- Унинг маошини ҳали ҳам «Локомотив» тўлаяптими?

- «Локомотив» — нуфузли клуб, бу борада саволлар бўлиши мумкин эмас. Улар Жасурнинг трансфери мисолида яхши инвестицияга қўл уришди. «Локо» тўғри қилганига шубҳам йўқ. Кейинчалик нима бўлишини кўрамиз.

- «Тамбов» клубидаги қийинчилик сабабли Жалолиддиновнинг қишда «Локомотив»га қайтиб келиши эҳтимоли ҳам борми?

- Бу савол менга эмас, «Локомотив» клубига. Бизда бундан бошқа таклифлар ҳам мавжуд. Жасурни ўз сафида кўришни истаётган бошқа клублар ҳам бор.

- Қайси?

- Бу ҳақда гапиришга эрта.

- Бу қизиқиш хориж клублариданми ёки Россия Премьер-лигаси жамоаларими?

- Хориж клубларидан ҳам бор, Россия клубларидан ҳам. Жалолиддинов – Осиёнинг энг иқтидорли ёшларидан бири, унга талабгор жуда кўп. 

- Унинг трансферини Россияга амалга оширганингиздан афсусланмаяпсизми? Балки унда бошқа чемпионатларда, бошқача муҳитда ўйнаб кетиш имконияти кўпроқ бўлармиди?

- Яшасак – кўраверамиз. У – ёш йигит, бутун футболчилик фаолияти ҳали олдинда.

«Матч ТВ» маълумотларига кўра, Жасур Жалоллиддинов ҳозирда ўз уйи – Навоий шаҳрида бўлиб, оилавий ишлари билан банд. Ўзбекистон ёшлар жамоасининг йиғини эса бекор қилинган.

Усмон Ибодов таржимаси

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар