02.12.2020 19:15
12029
«Ҳакамнинг сўнгги дақиқада пенальти белгиламагани - тўғри қарор». ПФЛ «Нефтчи» - «Турон» учрашуви бўйича баёнот берди

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Фарғонада ўтган «Нефтчи» - «Турон» (0:1) учрашувидаги воқеалар бўйича ўз муносабатини билдирди.

«Кеча — 1 декабрь куни Про лиганинг сўнгги тури доирасида Фарғонанинг «Нефтчи» ҳамда Яйпаннинг «Турон» клублари ўзаро тўқнаш келди. Мазкур беллашув ғолиби Суперлига йўлланмасини қўлга киритиши керак эди. Шундан келиб чиқиб, учрашувнинг аҳамияти юқори бўлди ва у футбол жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.

ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бўлими учрашувга тажрибали Шавкат Насибуллаевни бош ҳакам сифатида танлаб олди. Унга қанотларда Ришат Нугманов ҳамда Дониёр Сайлавов ёрдам берди. Беллашув ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани, шунингдек, Про лига ғолибини тақдирлаш зарурияти бор эканидан келиб чиқиб, ЎзПФЛнинг 8 нафар ходимларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ ташкил этилиб, гуруҳ ўйинни юқори савияда ўтказиш учун Фарғонага йўл олди. Шунингдек, ЎзПФЛ сўрови билан ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бўлими бошлиғи ҳам ўйинга жалб этилди.

«Нефтчи» — «Турон» учрашуви кутилганидек шиддатли кечди ва унда меҳмонлар 1:0 ҳисобида ғолиб чиқиб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Муросасиз кечган баҳс якунида ҳакамларга нисбатан «Нефтчи» футбол клуби футболчилари ҳамда мухлисларининг тажовузкор ҳатти-ҳаракатлари кузатилди, майдонда тартибсизлик вужудга келди. Ички ишлар органлари ходимларининг саъи-ҳаракатлари сабаб кўнгилсиз ҳолат тезда бартараф этилди.

Шу куни беллашувни томоша қилиш учун Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, шунингдек, вилоятнинг бир қатор мансабдор шахслари «Истиқлол» стадионига ташриф буюришганди. Кўнгилсиз воқеанинг тезликда бартараф этилишида уларнинг ҳиссаси катта бўлди. Беллашув якунида вилоят ҳокимининг ўзи «Турон» футболчиларини тақдирлаш учун майдонга чиқди.

Бунга қадар тез тиббий ёрдам учрашув ҳакамларига ёрдам кўрсатди ҳамда уларнинг ҳолатларини текширувдан ўтказди. Шу куни ҳакамлар бригадаси ва умуман учрашувда бевосита иштирок этган шахсларнинг оғир тан жароҳати олиши ҳолати кузатилмади. Бугун — 2 декабрь куни учрашув расмийлари ЎзПФЛ вакиллари билан биргаликда Тошкентга қайтиб келди, айни вақтда уларнинг саломатликлари билан боғлиқ муаммолар йўқ.

Бугуннинг ўзида ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бўлими экспертлари учрашувни ўрганиб чиқди. Унинг бурилиш нуқталари асосан уч вазиятда юз берган:

- 14-дақиқада бош ҳакам мезбонлар дарвозасига пенальти белгилади. Мазкур вазиятга ҳакам анчагина яқин бўлгани унинг ютуғи бўлди ва у ҳақли равишда 11 метрлик жарима зарбаси белгилади;

- 45-дақиқада тўп «Турон» футболчисининг қўлига теккандек туюлди, ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳакам жарима белгиламай, тўғри қарор қабул қилган. Сабаби тўп футболчининг тана қисмига теккан;

- 90-дақиқада тўп яна бир бор «Турон» футболчисининг қўлига теккандек туюлди. Такрорий лавҳа эса тўп футболчининг кўкрак в елка қисмига текканини кўрсатди, қолаверса, бу ерда ҳимоячининг қўл табиий ҳолатда турганди. Ҳакамнинг бу қарори ҳам тўғри бўлди.

Шундан келиб чиқиб, учрашувни яхши бошқариб борган ҳакам 8.3 баллга лойиқ кўрилди, унинг ҳаракатлари яхши баҳоланди. ЎзПФЛ беллашувдаги провакацион ҳаракатларга учмай, мураккаб ўйинни борича бошқариб борган ҳакамлар бригадасига ўз миннатдорчилигини билдиради. Шунингдек, бугун ЎзПФЛ мазкур ишни тегишли қўмиталарда ўрганиб чиқиш ҳамда айбдорларни жазолашни сўраб, ишни ЎФАга оширди.

Кечаги куннинг ўзида ЎзПФЛ расмийлари Фарғона вилояти ИИББ вакиллари билан мулоқотда бўлди ҳамда қонунчилик асосида уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди. Ўйиндан кейин ўзини нопрфессионалларча тутган мезбонлар вакиллари ва бунинг оқибатида тақиқланган ҳудудни кесиб ўтган футбол мухлислари билан вилоят ИИББ шуғулланмоқда. Айни вақтда ЎФА тегишли қўмитасида ҳам, ИИББда ҳам ишни ўрганиш учун етарлича далиллар мавжуд. ЎзПФЛ Про лига учрашувларини телетрансляция қилиш орқали катта ўсишга эришди. Бу борада биз УзРепорт телеканали билан катта ҳажмдаги ишни бажардик. Кечаги беллашув мухлислар хотирасида узоқ вақт сақланиб қолишига шубҳа йўқ. Биз футбол мухлисларидан бирор-бир қарор чиқаришда шошилмасликни илтимос қиламиз.

Айни кунларда ЎФА Этика қўмитаси ҳамда Махсус инспекцияси ноҳалол ҳакамлик масаласини кўриб чиқишда давом этмоқда. Мана шундай вақтда ҳакамлар бригадаси ҳам масъулиятни ҳис қилиб турибди. Жамоанинг ҳар қандай муваффақиятсизлигига фақатгина ҳакамлар айбдор бўлавермайди. Кечаги ҳолат футболда кам учрасада, аммо унинг бир қисми ҳисобланади. Учрашув аввалида икки жамоа вакиллари ўзаро келишиб олади, ҳакамлар у ёки бу жамоага ён босади, вилоят раҳбарлари мазкур ишга таъсир ўтказади каби шубҳалар ўз тасдиғини топмади. Шу куни барчамиз муросасиз ҳамда кескин курашларга бой бўлган ажойиб футол учрашуви ҳамда муҳитини томоша қилдик. Бундаги айбдорлар албатта ўз жазосини олади. ИИБ ҳамда ЎФА тегишли қўмиталари ўз ваколатлари доирасида мазкур ишни ўрганиб чиқади ҳамда айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўради», - дейилади ПФЛ матбуот хизмати эълон қилган баёнотда.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар