01.12.2020 19:32
9797
«Бизда номдор футболчи йўқ, аммо жамоа бор». «Турон» клуби президенти Суперлига режаси, «Нефтчи» ва катта жанжал билан тугаган ўйин ҳақида

Фарғонада ўтган Про лига сўнгги тури доирасидаги ҳал қилувчи баҳс «Нефтчи» - «Турон» (0:1) ўйинидаги ғалаба эвазига Яйпан клуби ўзининг қисқа тарихи давомида илк марта Суперлигага йўлланма олди. Финалга тенг ўйиндан кейин майдонда мезбонлар томонидан кўнгилсиз воқеалар содир этилган бўлса-да, меҳмон жамоа саналмиш «Турон» клуби президенти Абдуваҳоб Аҳмадалиев Tribuna.uz мухбирига интервью бериб, Про лига ғолиблигидан қувончини яшира олмади.

 - Авваламбор, Суперлига йўлланмаси билан табриклаймиз. Ўйиндан кейин нималарни ҳис қилаяпсиз?

- Ҳиссиётларимни сўз билан ифодалай олмайман. Чунки кичкина бўлса-да, Ўзбекистон туманимизнинг жамоаси Суперлигага йўлланма олишининг ўзи – катта мўъжиза. Жамоа футболчилари, мураббийлар ва клубда меҳнат қилаётган барча ходимларга миннатдорчилик билдириб қоламан. Қолаверса, бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турган туманимиз раҳбарларига раҳмат дейман. Мана ҳозир вилоятимиз ҳокими Хайрулла Ҳайитбоевич Бозоров ҳам Суперлига йўлланмаси билан «Турон»ни табриклаб, ҳар қандай ёрдамларини аямасликларини айтиб ўтдилар. Уларга ҳам катта раҳмат деб қоламан. Мухлисларимиз учун ҳам катта байрам бўлди. Бу биз учун улкан ютуқ.

 - Ўйин ҳақида нима дея оласиз?

- Футболчиларимизда ҳеч қандай босим йўқ эди. Биз фақат ютсак Суперлигага чиқишимизни яхши англаб тургандик. Чунки дуранг ёки мағлубият «Нефтчи» фойдасига ишларди. Футболчиларда ғалабага бўлган ишонч катта эди. «Нефтчи» ҳам ўз майдонида ўйнаганига қарамай, майдонда босимда қолди. Иккинчи бўлимда ҳам биз яхши ўйнаб, фақат ғалаба ҳақида ўйлаганимиз бизга йўлланмани тақдим этди.

 - «Турон» хусусий клуб сифатида қисқа давр ичида яхши натижаларга эришиб, Суперлигага йўлланма олди. Бу жамоани намуна сифатида кўрсата олдингиз. Жамоанинг элитадаги режалари қандай бўлади? Жамоа тайёрми?

- Суперлигага клубимиз тайёр, дея оламан. Буни аввал ҳам айтиб ўтгандим. Майдонимиз ҳам идеал ҳолатда. Ўзбекистонда энг яхши 5та майдондан бири бўлиб турибди. Жамоа учун ҳам Ўзбекистондаги энг яхши клуб қароргоҳларидан бирини қуриш ишларини бошлаб юборганмиз. Базамиздан футболчилар учун фитнесс залларидан тортиб барча шароитлар яратилади. Бу футболчиларимиз ҳам Суперлигада бемалол ўйнай олишади. Жамоада кучли иштиёқ бор. Тўғри таркибда таниқли номлар бўлмаслиги мумкин, лекин бизда жамоа бор. Суперлига учун ҳам таркибимизни 99 фоизга сақлаб қоламиз. Стадионимиз ёритиш тизимини ҳам янгилаймиз.

 - Ўйин охирида бўлган кўнгилсиз воқеалар ҳақида нима деган бўлардингиз...

- Бу жудаям ачинарли ҳолат бўлди. Чиройли футболдан мухлислар маданий хордиқ олишга келишганди. Ўйин охиридаги ишлар жуда нотўғри. «Нефтчи»дек жамоа билан бундай ишлар бошқа такрорланмаса керак.

 - «Нефтчи» мезбон жамоа бўлишига қарамай, ҳакамларни кузатиб ҳам қўймай стадиондан кетиб қолди...

- Билмадим, бу руҳий ҳолат билан боғлиқ бўлса керак. «Нефтчи» ҳам вилоятимизни жамоаси, майли меҳмон жамоа бўлишимизга қарамай ташкилий ишларда қўлдан келганча ёрдам берамиз. Чунки ўзимиз ҳам ёшлигимиздан шу жамоани мухлиси бўлганмиз. Шу боис ҳозир рақибимиз саналса-да, «Нефтчи» учун ҳам ташкилий ишларни қилишдан ҳеч қачон қочмаймиз.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар