26.11.2020 13:10
3720
Суперлига йўлланмаси учун кечадиган Про лига сўнгги тур ўйини бошқа санага кўчирилди

29 ноябрь куни Про лига 20-тури доирасида “Нефтчи” — “Турон” учрашуви ўтказилиши керак эди. 

«Мазкур ўйин финалга тенг аҳамият касб этаётганидан ва ҳар икки клубда Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш имконияти бор экани қувонарли ҳолат. 

29 ноябрь куни Тошкентда Суперлига ғолиби “Пахтакор” футбол клубини тақдирлаш маросими ўтказилади. ЎзПФЛ ишчи гуруҳи маросимни юқори савияда ўтказиш учун шу куни Тошкент шаҳрида бўлади. 

Биз албатта Про лига ғолибини тақдилаш маросими ҳам юқори савияда ўтишини истаймиз. Айни вақтда ЎзПФЛ тақдирлаш маросими яхши савияда ўтиши устида иш олиб боряпти. Водий дербиси мухлислар хотирасида яхши маънода узоқ сақланиб қолишидан барчамиз бирдек манфаатдормиз. 

Учрашув УзРепорт телеканалида бевосита эфирга узатилиши ва финалга тенг бу ўйин алоҳида аҳамият касб этишидан келиб чиқиб, 29 ноябрь санасига белгиланган “Нефтчи” — “Турон” ўйини 1 декабрь — сешанба куни “Истиқлол” стадионида ўтадиган бўлди. Мазкур ҳолат футбол журналистлари учун ҳам қулайлик яратиб беради», - дейилади ПФЛ расмий сайтида.

Маълумот учун, ҳозирда “Нефтчи” 37 очко билан 1-ўринда бўлса, “Турон” 35 очко билан 2-ўринда бормоқда. Дуранг натижа мезбонларга Суперлигага йўлланма олиб берса, меҳмонларни фақат ғалаба қаноатлантиради. 2-ўрин соҳиби Суперлигада 13-ўринни эгаллаган клубга қарши бир ўйиндан иборат плей-офф баҳсида майдонга тушади.

Эслатиб ўтамиз, 20-тур доирасидаги “Шўртан” – “Динамо” баҳси 29 ноябрь, якшанба куни ўтказилади. Ушбу баҳсда 3-ўрин соҳиби маълум бўлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар